
Болалик чоғларимда уйимизга лўлилар кўп келишарди. Бувим уларни азиз меҳмондек дастурхон ёзиб меҳмон қилар, улар ҳам ҳозирги авлодларига қараганда анчагина одобли ва тарбиялироқ эди назаримда. Ҳар ҳолда битта нон олиб чиқиб берсак; нонинг керакмас, пул бер, деб тихирлик қилишмасди.
Болаларни кечки сайрга олиб чиқиш одатим бор. Бир куни айланиб юрсак, 60 ёшлар атрофидаги яхшигина кийинган киши ёнимизга яқинлашди. “Қизим, Жиззахдан келгандим. Ўғлим уйда йўқ экан. Кетишга пулим қолмади. 5 минг бериб туролмайсизми?” . Кишининг гапига чин кўнгилдан ишонгим келди. Аммо ундан келаётган ароқ ҳиди ишонмаслигимни таъкидлаётгандек эди.
Аравачада ўғлим билан сайр қилиб юрсак, йўл юзида ерга ётқизиб қўйилган чақалоқнинг чириллаб йиғлаётганлигига кўзим тушди. Онаси ёнида. Ерда эса яна бир аёл чўзилиб ётибди. Ёрдам керакмикан деб хавотир билан яқинлашдим. Боланинг онаси; “ опажон, ўғлингиз болалар озуқаси ейдими, озгина солиб беринг. Болам эммасди. Опам тез етиб кел, деса шошиб чиқибман. Озуқаси уйда қолибди, деб қолди.
”Опаси ичиб олиб, ғирт маст аҳволда ётганини кейин билдим. Болакайнинг онаси эса шу йўл билан ҳар куни пул ишлайдигандек таассурот қолдирди. Дўкончадан битта қадоқланган сут олиб қўлига тутқаздим. Чунки эмизикли онадан ҳам ароқ ҳиди келиб турганди. Ким билади балки опасининг ёнида тургани учун ўрнашиб қолгандир. Лекин болага ичим ачиди...
9 январь куни юртбошимизнинг тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолагани айни муддао бўлди. Мазкур қонун тиланчиларни жазолашни эмас, тиланчиликни касб қилиб олганларни тартибга чақириш, юртимизда туризм сифатини яхшилаш каби кўплаб мақсадларни кўзлайди.
Қонунга кўра аэрапортларда, вокзалларда, хиёбон, истироҳат боғларида, бозорларда, савдо мажмуаларида, кўчаларда, моддий ва маданий меърос объектлари жойлашган ҳудудларда, йўлларнинг қатнов қисмида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий нарсалар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш таъқиқланади. Қонунни бузган тиланчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 188-3-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазолари қўлланилади.
Жиноят кодексига киритилган янги 127-1-модда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишни кўзда тутади.
Вояга етмаган, кекса ёшдаги кишиларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган ва бошқа шу каби шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёки гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин инсоннинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ҳамда 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Юқорида санаб ўтилган шахсларни жалб этган ҳолда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Тиланчиликка жалб этиш такроран ёки хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Дилноза Усмонова, Сотувчи: “Водий автотураргоҳида савдо қиламан. Аммо ҳали тиланчиларнинг бирортасига чора кўрилганига гувоҳ бўлмадим. Солиқ инспекцияси ҳар куни бўлмаса ҳам ҳафтада икки-уч марта лицензиясиз сотувчиларни назорат қилиб қувиб солади. Лекин тиланчиларга биров ғинг демайди.”
Аммо амалда бу борада ҳеч қандай иш олиб бориламаётганга ўхшайди. Қўйлиқ бозорига зарурат юзасидан ҳар куни чиқишимга тўғри келади. Аммо банкоматлар олдига жойлашиб олган “мўлтони” тиланчиларни биров назорат қилаётганини ҳеч ҳам кўрмадим. Бундайларнинг светофор ва машиналар серқатнов жойларга жойлашиб олганига бирорта мутасадди чора кўрдими? Бу саволга жавоб изладик аммо топишнинг иложи бўлмади.
Отчопар бозори атрофи ҳам бундайлар билан тўлиб-тошиб ётибди. Агар ҳар шанба якшанба лицензациясиз киракашларга нисбатан ўтказилаётган рейдлар тиланчиларга нисбатан ҳам ўтказилиб турилганда эди, айни муддао бўларди. Банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очаркан. Шундай экан бир кунга егулиги етадиган ва бир кунлик ҳаражатига етарли маблағи бор одамнинг тиланчилик қилиши жоиз эмас, бир йигитни биланман. Оёғи сонидан кесиб ташланган.
Арвачада ўтиради. Қаровчиси фақат қари онаси. Лекин тиланчилик қилмайди. Кичкина тарозисини олиб чиқиб одамларнинг вазнини ўлчайди. Бозор атрофида бундайлар кўп. Бир марта вазнингизни ўлчаш нархи 1000 сўм. Бу йигитда эса 500 сўм. Тиланчилик қилгандан кўра шу йигитнинг қилаётган иши ҳам ҳалол, ҳам ибрат, деб ўйлайман. Яна Аллоҳим билгувчидир. Ҳаммамизга Аллоҳим ҳалол ризқ ва касб-кор берсин Амин!
Саида Рустам қизи
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар