
Москва шаҳрида 2024 йил ёзида содир бўлган портлаш иши юзасидан суд жараёнлари давом этмоқда. Тергов маълумотларига кўра, ҳодиса пойтахтнинг Синявинская кўчасида юз берган бўлиб, у ерда Россия мудофаа тизимида хизмат қилувчи полковник автомобили остига қўлбола мина ўрнатилгани аниқланган, деб ёзди gazeta.ru.
Портлаш натижасида ҳарбий хизматчи ва унинг рафиқаси турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Шунингдек, атрофдаги биноларга ва транспорт воситасига етказилган зарар бир неча миллион рубл деб баҳоланган. Тергов органлари ушбу ҳодисани режалаштирилган террористик акт сифатида баҳолаган ва жиноят иши бўйича бир нечта моддаларда айб қўйилган.
Айбланувчи сифатида Ўзбекистондаги банк муассасасида таҳлилчи сифатида фаолият юритган шахс кўрсатилган. Тергов маълумотларига кўра, у ҳужумга тайёргарлик кўриш ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлашда иштирок этган бўлиши мумкин.
Суд мажлисида у ўз айбини тўлиқ тан олганини билдирган. Суддаги баёнотида айбланувчи “айбимни тўлиқ тан оламан, қилган ишим учун жавобгарликка тайёрман” деган сўзларни айтгани қайд этилган.
Маълум бўлишича, жиноят иши доирасида қурбон сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари танланган бўлиб, ҳужум мақсади уларни жисмонан йўқ қилиш бўлгани айтилмоқда. Тергов томонидан мазкур ҳаракатлар Россия хавфсизлигига қарши йўналтирилган террорчилик акти сифатида баҳоланган.
Суд жараёнлари очиқ тарзда ўтмоқда. Суд ҳозирда далилларни ўрганиш ва гувоҳларни сўроқ қилиш босқичида. Айбланувчига Россия Федерациясининг бир нечта моддалари — жумладан, “террористик актга тайёргарлик”, “портловчи моддаларни ноқонуний айлантириш”, “жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлар” бўйича айб қўйилган.
Агар суд унинг айбини тўлиқ исботланган деб топса, айбланувчи узоқ муддатли озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шу билан бирга, қонунга мувофиқ, суд ҳукми қонуний кучга кирмагунга қадар ҳар бир шахс айбсиз деб ҳисобланади.
Россиядаги мазкур иш кенг жамоатчилик эътиборини қозонган. Террорчилик билан боғлиқ ишлардаги катта эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чоралари яна бир бор муҳокама мавзусига айланган. Суд муҳокамалари яқин ҳафталарда давом эттирилиши режалаштирилган бўлиб, ҳукм чиқиши йил охирига қадар кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!