
Ўзбек Миллий академик драма театри яна бир буюк ижодкоридан жудо бўлди. Устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Ёқуб Аҳмедов 87 ёшида вафот этди, деб хабар бердиЎзбек Миллий Академик драма театри.
Ёқуб Аҳмедов ўзбек саҳна санъатидаги юксак номлардан бири эди. Унинг ижоди, юксак маҳорат билан яратган образлари ва театр ҳамда кино соҳасига қўшган беқиёс ҳиссаси томошабинлар қалбида чуқур из қолдирган.
У 1938 йил 3 январь куни Наманганда туғилган. Ёшлигидан саҳнага муҳаббат билан боққан бола кейинчалик Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театри саҳнасидан санъат оламига кириб келган. Шу ерда у актёрлик сир-асрорларини англай бошлади ва ўз йўлини аниқ танлади.
1959 йили А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаган. Шу вақтдан бошлаб унинг ижодий йўли пойтахт билан узвий боғланди. У 1958 йилдан Ҳамза номидаги академик драма театрида фаолият бошлади (ҳозирги Ўзбекистон Миллий академик драма театри). Ёқуб Аҳмедов 50 га яқин саҳнавий образ яратиб, театр тарихида ўчмас из қолдирди.
1990-йиллар охирида у театр раҳбари сифатида ҳам фаолият юритди. 2013 йилгача директор лавозимида ишлаб, жамоанинг янги авлодини тарбиялашга катта ҳисса қўшди. 2015 йилда эса у “Актёрлик маҳорати мактаби” студиясини ташкил этиб, ёш истеъдодлар учун йўл очди.
Ёқуб Аҳмедов нафақат саҳнада, балки экранда ҳам юксак маҳорат соҳиби эди. У 1958 йилдан бери кино соҳасида фаол иштирок этиб, юзлаб фильмларда рол ижро этди. Унинг филмографиясида “Мафтунингман” (1958), “Шум бола” (1977), “Али-Бобо ва Қирқ қароқчи саргузаштлари” (1980), “Юлдузли тунлар” каби классик асарлар бор. Шунингдек, у 400 дан ортиқ фильмда дубляж ишларида иштирок этгани билан ҳам танилган.
Унинг ижоди теран фалсафа, инсоний туйғулар ва ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган эди. У устоз сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам ҳамкасблари ва шогирдлари учун намуна бўлиб қолди.
Санъат олами уни фақат истеъдоди билан эмас, балки инсонпарварлиги ва камтарона ҳаёт тарзи билан ҳам эслайди. Ёқуб Аҳмедов нафақат саҳна юлдузи, балки миллий театр мактаби асосчиларидан бири сифатида ҳам эл юрагида яшайди.
Унинг ҳаёти — санъатга садоқат, меҳнат ва ватанга муҳаббат намунаси бўлиб қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!