06:34 / 13.06.2019
3 108

«Ривожланган давлатлар тажрибаси» ёхуд велосипедда юрадиган вазир

«Ривожланган давлатлар тажрибаси» ёхуд велосипедда юрадиган вазир
Ҳа, ривожланган давлатлардан ўрганадиган нарсаларимиз жуда кўп. Аммо танганинг иккинчи томони бор. Биз шунга тайёрмизми, моддий томонни қўя турайлик, маънавий томондан тайёрмизми? Уларнинг тажрибаларига асосланиб чиқараётган қонуний ҳужжатларимиз пишиқ-пухтами? Узоққа бормайлик фараларни кундузи ёқиб юриш ҳақидаги қоиданинг жорий қилиниши қанчадан-қанча баҳс-мунозарага ва йўқотишларга сабаб бўлди.

Кўпинча кузатаяпмиз: хориждан айнан халқдан пул тўлов қилиш ёки давлат божини ошириш каби масалаларда тажрибасига суянаяпмиз. Масалан, аёлларнинг чармдан тикилган оёқ кийимига давлат божи оширилиши ҳақидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилибди.

Ўзбекистонда яхши оёқ кийимлар қиммат нархларда сотилади: 300 мингдан бир миллионгача боради. Шундоғам бу оёқ кийимларни ҳамма ҳам сотиб олишга қурбли эмас. Агар давлат божи оширилса, оёқ кийимлар яна қимматлайди. Хўш, бундан ким фойда кўради? Ишлаб чиқарувчими, сотувчими, экспорт қилувчими, давлатми ёки истеъмолчиларми? Шуни айтиш мумкинки, истеъмолчи биринчи ўринда зарар кўради.

Тўғриси, хориж тажрибасига суянамиз деган гап меъдага тегди. Биз хориж тажрибасини жорий қилиш учун ўзбекча фикрлашдан воз кечишимиз даркор. Ахир, фақат халқдан пул олиш керак бўлса ривожланган давлатлар тажрибасига суянилади. Халққа пул бериш, ойликларини ошириш, нафақаларни кўриб чиқишга келганда ўзимизнинг тажрибамизга таянишади. Масъул раҳбарлар хориждан виждонан ишлашни ўрганиши керак эмасми?

Бошқача онг, бошқача фикр билан ёндошиш керак эмасми? Ватанпарварлик, ҳақиқатгўйлик, адолатпарварлик каби тамойилларни ўрганишимиз лозиммасми хориждан? Масъул лавозимдагилар олижаноблиги, дунёқараш кенглиги билан атрофдагиларга ўрнак бўлсагина жамият тузалади. Яхшилик ва олижаноблик масаласида одамларни ортингиздан эргаштирингсизлар, дегим келади уларга қарата.

Чилонзор туманининг ҳокимининг уйидан бир миллиардга яқин маблағини ўғри урибди. Хориждаги ҳокимлар мана шундай миллиардлаб пулга эгамикан? Уларнинг мансабдорлари машинада эмас, оддий одамлар орасида метрода, велосипедда юради, оддий одамлар орасида навбатга туради.

Хориждан оммалаштириш мумкин бўлган мана бундай тажриба бор. Калгарида бирорта дарахтни кесишмоқчи бўлса, ўша ҳудудда яшайдиган аҳолидан рухсат сўралади. Дарахтга эълон ёпиштиришади: «Мана бу дарахтни кессак майлими, бу касал дарахт, шунча маблағ сарфладик аммо буни энди тузатиб бўлмайди, шунинг учун кесишга мажбурмиз», деган маънода. Хўш, юртимизда кесилиб кетилаётган минглаб дарахтлар учун ким жавоб беради?

Журналистлар бу масалани бир неча бор кўтариб чиқишди. Аммо кимлардир ўз нафсини ўйлаб ҳамон дарахтларни кесиш билан банд. Бу масалада хорижнинг тажрибаси қандай? Дарахт кеувчиларни жавобгарликка тортишчи, халқнинг дардини эшитишчи? Журналистнинг кўтариб чиққан масаласига бефарқлик учун қонунларида қандай бандлар, моддалар бор? Балки хориждан шуларни ҳам ўрганиш керакдир.

Яна бир факт ўша мамлакатда Лейла деган аёлнинг ёш боласи эшикни очиб совуқда ташқарига чиқиб кетади. Ва музлаб юраги уришдан тўхтайди. Уни шифокорлар асраб қолади. Лекин шифокорлар эшик тузатувчиларни судга бериб, аёлга катта миқдорда пул ундириб беради. Яъни, шу ишга масъуллар эшикни вақтида тузатиб қўймагани ва бола чиқиб кетгани учун. Биздагидай онани бефарқликда айбламайди ҳеч ким. Куз-қиш мавсумида қанчадан қанча болалар, оилалар ис газидан вафот этди.

Вафот этганларнинг яқинлари бу мусибатларга қандай чидаётгани бизга қоронғу. Аммо бирорта горелка ёки дудбўронни сифатсиз ясаганлар, олиб келиб сотганларга чора кўрилдими? Яна уларда газ ва чироқ халқидан ортса бошқа давлатларга сотиш тажрибаси ҳам бор. Яна бир факт ва ҳақиқат шуки, сизлар жорий қилаётган ушбу ҳужжатлар ҳамюртларимизнинг четга чиқиб кетишини камайтирмаяпти афсуски.

Қонун ҳужжатларини ўйлаб топаётганлар хориж тажрибасини оммалаштиришни аввало ўзларидан бошлаши керак, деб ўйлайман. Мансаб курсисига халққа хизмат қилиш учун эмас, халқуми учун ўтирадиганлар ўрганиб келсин хориж тажрибасидан соф виждон билан ишлашни. Тепадагилар қанчалар виждонли бўлса, адолат билан иш қилса, Ўзбекистон шунда ривожланади. Хорижнинг тўловларини ўрганиб келиш бизга ҳозирча, оддий халққа зарар келтиришдан бошқа нарса эмас.

Абитуриент пул тўлаб ўқишга киради, талаба контрактини отнинг калласидек тўлаб ўқийди, энди ўз ҳудудидан четдаги мактабга чиқадиган бола энг кам иш ойлигининг палон ҳажмини тўлайди. Пул бўлмаган нима қолди ўзи Ўзбекистонда. Ёмон томонларимиз ошкор бўлса «чириган ғарб таъсири» деймиз, соққани халқдан ундириш зарур бўлса, ривожланган Европада деймиз... Ривожланишимиз ўз қўлимизда. Оддий халқдан тортиб масъул раҳбарлар, мансабдорлар ўзини ислоҳ қилмас экан, ривожланган мамлакатнинг ҳеч қайси тажрибаси бизни ботқоқликдан олиб чиқа олмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ривожланган давлатлар тажрибаси» ёхуд велосипедда юрадиган вазир