
Ўзбекистонда 2025 йил октябрь ойи истеъмол бозоридаги тенденциялар яна бир бор жиддий ўзгаришларни кўрсатди. Марказий банк ахборот хизматининг маълумот беришича, бир қатор товар ва хизматлар нархи сезиларли даражада ошган, айримлари эса пасайган.
Октябрда метаннинг йиллик баҳоси кескин тарзда, 30,5 фоизга кўтарилгани қайд этилмоқда. Бу кўрсаткич аҳоли учун энг тез сезилган ўзгаришлардан бири бўлди. Шу билан бирга бензин баҳоси 11,7 фоизга, никоҳ узуги нархи 33,4 фоизга, газета-журналлар 15,3 фоизга, сигаретлар 9,6 фоизга ҳамда табиий гуллар 9,8 фоизга қимматлаган.
Бунга қарши равишда, айрим турдаги маҳсулот ва техникада нарх пасайиши кузатилган. Масалан, пропан 18 фоизга арзонлашди, кондиционерлар 1,3 фоизга, телевизорлар 0,3 фоизга тушди, қоғоз эса 3,9 фоизга арзонлашди.
Марказий банк таъкидлашича, истеъмол нархлари индексидаги 250 та озиқ-овқат маҳсулотининг 243 тасида йиллик ўсиш 10 фоиздан ошмаган. Бироқ айрим товарлар кескин қимматлаган: суяксиз ва суякли мол гўшти 25,3 ва 24,2 фоизга, карам 24,7 фоизга, кунгабоқар ёғи 22,6 фоизга, пиёз эса 18,9 фоизга қимматлаган.
Озиқ-овқатлардан айримларида етарлича арзонлашиш ҳам кузатилди: шафтоли 28,7 фоизга, тарвуз 21,8 фоизга, гуручнинг икки тури 18 фоизга, бодринг ва банан мос равишда 17,6 ҳамда 15,1 фоизга пасайган.
Хизматлар соҳасида ҳам ўзгаришлар бор. Пул ўтказмалари 4,8 фоизга, микромолиявий хизматлар 0,2 фоизга арзонлашган. Бироқ давлат боғчалари нархи 21 фоизга, марказий иситиш 20,9 фоизга, электр таъминоти эса 18,8 фоизга кўтарилган.
Қўшимча равишда:
– ички авиарейслар нархи – 52,3 фоизга;
– тармоқ гази – 39,2 фоизга;
– совуқ сув – 35,1 фоизга;
– музей хизматлари – 32,3 фоизга;
– чиқинди ташлаш – 28,6 фоизга;
– суюлтирилган газ – 25 фоизга;
– шаҳар автобуси йўл ҳақи – 22,3 фоизга ўсган.
Шу билан бирга, мамлакатда йиллик инфляция 7,8 фоизга тушиб, ўтган йилга нисбатан 2,4 фоиз пунктга камайгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда автогаз шохобчаларида метаннинг литри 5200 сўмгача кўтарилгани ҳақида ҳам маълум қилинганди.
Мазкур ўзгаришлар бозордаги мавсумий омиллар, ресурслар нархи ва таъминот тизимидаги ўзгаришлар билан боғлиқ экани айтиб ўтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.