
Франциялик собиқ ҳужумчи Эрик Кантона ўзининг собиқ клуби "Манчестер Юнайтед"даги ҳолатни кескин танқид қилди. Кантонанинг сўзларига кўра, клуб нафақат 27 йил давомида уни бошқарган сэр Алекс Фергюсон даврининг меросини, балки ўз мухлисларини ҳам йўқотган.
"Мен "Манчестер Сити"га қарши ўйинни томоша қилиш учун бордим ва мухлисларнинг қанчалик камлиги ёки уларнинг жуда сокинлиги мени ҳайратда қолдирди. Шунда англадимки, уй ўйинларига асосан ташрифчилар келади, ҳақиқий мухлислар эса сафар ўйинларини ва бошқа стадионларни афзал кўради, чунки у ерда улар ҳақиқий атмосферани ҳис қилишади", – деди Кантона derbyderbyderby.it сайтига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Эрик Кантона "Манчестер Юнайтед" сафида 1992 йилдан 1997 йилгача фаолият юритган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.