date
views 5 404

Ҳамон “мардикор бозор”лари гавжум. Нега​?

Ҳамон “мардикор бозор”лари гавжум. Нега​?
Пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган семинарда бир марталик, вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш ҳақида фикр алмашилди.

Мақсуда ВОРИСОВА,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:


— Инсоннинг энг асосий ҳуқуқларидан бири меҳнат қилиш ҳуқуқидир. У меҳнат қилиш орқали нафақат даромад топади, балки ўзини жамиятга, атрофдагиларга кераклигини ҳис этади. Давлатнинг фуқаро олдидаги бурчи меҳнат қилишга шароит яратиб беришдир. Бир неча йилдирки, Ўзбекистонда демографик ўсиш ҳолати кўзга ташланмоқда. Меҳнат бозорига ҳар йили олдингига қараганда кўпроқ ишчи кучи кириб келяпти. Шу боис ҳам меҳнатга лаёқатли фуқароларни иш билан таъминлаш муаммога айланяпти.

Натижада аҳоли кўп йиғиладиган жойларда, халқ тили билан айтганда, “мардикор бозорлари”га кўзимиз тушяпти. Четдан қараганда бу жуда хунук ҳолат. Тўғри, бизнинг болалигимизда ҳам шундай “бозор”лар бўларди. Уларда асосан талабалар ёки эркакларни учратиш мумкин эди. Ҳозирги вақтда аёлларнинг алоҳида ана шундай бозорларини кўриш муаммо ечилмай қолаётганини кўрсатади.

Яна бир жиҳат. Мазкур жараёнда қонун бузилиш ҳолатлари борми ёки йўқ? Айтайлик, уйимизда таъмирлаш ишлари кетяпти. Ишчи керак. Улар билан оғзаки шартнома тузиб, ишга ёллаймиз. Лекин уларнинг меҳнат муҳофазаси бўлмайди. Демак, жамиятда ўзини ўзи иш билан таъминлаётган кишиларнинг меҳнат муҳофазасини кафолатлашимиз керак. Бу борада партиямизнинг ўз позицияси бор ва таклифларимизни тайёрлаяпмиз.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:


— Партиямизнинг Сайловолди дастурида меҳнатга лаёқатли аҳолини муносиб ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш, уларга мақбул шароит яратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Шу боис партиямиз Марказий Кенгаши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолияти устидан парламент ва депутатлик назоратини йўлга қўйган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти тингланмоқда.

Жорий йилда бу борада бажарилган амалий ишлар таҳлилий ўрганилди. Халқ депутатлари Кенгашларининг тегишли доимий комиссияларида ўттиздан ортиқ масала кўриб чиқилди. Аммо шу билан муаммолар ечим топди, дея олмаймиз. Негаки, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида норасмий тарзда шаклланган “мардикор бозорлари” ҳамон ёлланма ишчилар билан гавжум. Бу ерда бир марталик, кунлик, қисман ойлик ишлар ўз эгаларини топади. Кўп ҳолларда иш берувчилар томонидан арзимас сабабларга кўра хизмат ҳақини қисман ёки умуман бермаслик ҳолатлари учрайди.

Ёлланма ишчилар деярли ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз фаолият олиб боради. Масалан, оғзаки келишувлар, меҳнат дафтарчасининг юритилмаслиги каби ҳолатлар унга пенсия ёшига етганда панд бериши тайин. Улар ўзларини суғурта қилдирмайди. Ваҳоланки, уй бузиш, дарахт кесиш, чуқур ковлаш, юк ташиш каби кўплаб оғир ва хавфли ишларни бажаришади. Бу ҳолатларда жароҳат олиш эҳтимоли жуда юқорилиги барчага маълум. Даволаниш борасидаги имтиёз ҳақида эса гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Шунинг учун соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича изланишимиз керак. Вақтинчалик ишларни бажарувчи фуқароларнинг меҳнат фаолиятини ҳимоялаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Боймурод ЮСУПОВ,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:


— Фуқаролар вақтинчалик бир марталик ишларга ёлланадиган, ўз-ўзидан шаклланаётган жойларда жамоат тартиби ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлар ҳам мавжуд эмас. Вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш бюроларини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори ва Низоми талабларининг тўлиқ ижроси таъминланмаяпти. Унга кўра, вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш бюроси туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш маркази таркибида ташкил этилиши белгиланган. Аммо вазирлик томонидан етарли даражада ишлар олиб борилмаган. Натижада бугунги кунда минтақамизда ишсиз фуқаролар катта йўл ёқаларида ёки чорраҳаларда тўпланяпти.

Халқаро амалиётда бозор иқтисодиёти шароитида ноқонуний меҳнат бозорлари фаолиятини тугатиш бўйича “аутсорсинг” тушунчаси киритилган. Бу ташқи меҳнат ресурсларидан вақтинчалик фойдаланишни англатади. Махсус хизматни ширкатлар амалга оширади. Ишчилар ўз навбатида бу корхонада вақтинчалик эмас, балки доимий ишга олинади.

Ширкатлар шартнома асосида бошқа субьектларга вақтинчалик ёки доимий хизмат кўрсатади. Ўзбекистон ХДП ишчиларга зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш учун мамлакатимизда фаолият юритаётган норасмий бир марталик иш билан таъминлаш жамоат жойларида замонавий типдаги вақтинчалик иш билан таъминлаш ширкатларини ташкил этиш ва унга юридик мақом бериш, “аутсорсинг” тизимини амалиётга татбиқ этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Шу орқали ишчилар учун меҳнат шароити, қонуний ҳимоя, тиббий таъминот ва келажакда нафақа олиш имкони яратилади. Бу билан норасмий “мардикор бозорлари” кўпайишининг олди олинади, деб ўйлаймиз.

Бу тизим Исроилда кенг қўлланилади. Аутсорсинг ширкатларини Исроилда “коах адам” деб аташади. Бу ширкатлар одамларни доимий ишга ёллайди, малакасини оширади ва керак бўлса янги касбга йўналтиради. “Коах адам” ширкатлари бўйича ҳаттоки алоҳида қонун қабул қилинган. Фермер хўжалигига беш кунга чопиқ учун 50 та ишчи кучи керак. Шу вақт оралиғида фермер доимий равишда 50 кишини ишга ололмайди. Вақтинчалик ишга шартнома орқали қонуний ишчи олиш вақт ва ортиқча оворагарчилик талаб қилади.

Шунинг учун фермер ноқонуний равишда вақтинча одам ёллашга мажбур бўлади. Аутсорсинг шароитида бу 50 кишини махсус ширкат фермерга етказиб беради. Беш кундан сўнг улар бошқа ишга йўналтирилади. Аутсорсингнинг афзаллиги ишчилар мустақил иш изламайди ва бўш турмайди. Мамлакатимизда ҳам шу тизим жорий этилса, бу борада тарғибот, тушунтириш ишларини кучайтириш айни муддао бўлади. Иш қидираётган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича муҳим қадам бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Темур МАҲМУДОВ,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи:


— Бугунги кунда бандликка кўмаклашиш марказлари таркибида 25 вақтинчалик иш билан таъминлаш бюролари расман фаолият юритмоқда. Тошкент шаҳрининг ўзида бизнинг рўйхатимиздан ташқари ўнлаб “мардикор бозорлари” ишлаб турибди. Албатта, бу бизнинг камчилигимиз.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида вақтинча иш билан таъминлаш бюроларига 11 минг нафарга яқин фуқаро мурожаат этган. Ўтган йилга солиштирганда бу рақамлар бир неча баробарга камайган. Демак, мурожаатчиларнинг ҳақиқий сони кўрсатилмаган. Бу бюроларнинг кўнгилдагидек фаолият олиб бормаётганидан далолат беради.

Ўзим ҳам туманда ишлаганман. Шу вақтга қадар бюро ходимлари аппарат таркибида ишлаб, ҳудудларга вақтинчалик бириктириларди. Жорий йилдан бошлаб бюроларга алоҳида штат ажратиладиган бўлди. Уларга одам тўпланишига қараб 2-3 нафардан ходим берилади.

Шунингдек, меҳнат бозоридаги вазиятни тубдан яхшилаш мақсадида янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик. Бу тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун бўлади. Шунингдек, 20 га яқин идоравий-меъёрий ҳужжатларни бекор қилиш кўзда тутилган.

Яна бир янгилик. Меҳнат бозорида иш қуролларига эга ҳунарманд ёки дурадгор қолганларига қараганда кўпроқ ҳақ олади. Биз яқин кунларда бюролар ташкил этилган ҳудудларда меҳнат қуролларини ижарага беришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Эътиборлиси, ижара ҳақи олинмайди.
Маҳлиё АЛИҚУЛОВА

Манба: “Ўзбекистон овози” газетаси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳамон “мардикор бозор”лари гавжум. Нега​?