date

Вояга етмаганлар учун жиноий жавобгарлик тартиби енгиллаштирилди

Вояга етмаганлар учун жиноий жавобгарлик тартиби енгиллаштирилди

Ўзбекистонда вояга етмаган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик тизими янгича тартибда кўриб чиқилди. Жорий йил 23 октябрда қабул қилинган ЎРҚ–1092-сон қонунга кўра, Жиноят кодексига бир қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Янги нормага мувофиқ, агар шахс 18 ёшга тўлмасидан жиноят содир этган бўлса ва жазосини тўлиқ ўтаб бўлган бўлса, у судланмаган ҳисобланади. Яъни, бундай ҳолатда унинг судланганлиги ҳақида маълумот базасида қайд қолдирилмайди. Бу қарор ўсмир ёшдаги шахсларнинг келажакда жамиятга қайта интеграция қилинишини осонлаштиришга қаратилган.

Бироқ бу енгиллик барча ҳолатларга тааллуқли эмас. Қонунга кўра, агар шахс ўта оғир жиноят содир этган бўлса ёки жазосини ўтаб бўлганидан кейин ҳам 18 ёшга тўлгунча қасддан янги жиноят содир этса, у ҳолда мазкур имтиёз қўлланилмайди.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этиш жазоларининг минимал муддати ҳам қисқартирилди. Илгари бу муддат олти ой деб белгиланган бўлса, янги қонунга кўра, у бир ойгача камайтирилди.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ўзгаришлар жиноий сиёсатни инсонпарварлик тамойилларига мослаштириш, ёш авлодни жамиятдан четлатмаслик ва уларга тузалиш имконини бериш мақсадида амалга оширилган.

Янги тартиб орқали судлар ёшларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллар экан, уларнинг психологик ҳолати, тарбия даражаси ва жиноятни содир этиш сабабларини ҳам инобатга олади.

Қонунчиликдаги бу янгиликлар вояга етмаганлар учун жиноий тизимни қайта ислоҳ қилиш ва уларни тузатишга йўналтирилган гуманистик ёндашувни янада мустаҳкамлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вояга етмаганлар учун жиноий жавобгарлик тартиби енгиллаштирилди