
Фарғона вилоятида аёлини шафқатсизлик билан ўлдирган эркакқа нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суднинг матбуот котиби маълумот берди.
Маълум қилинишича, фожиали воқеа оилавий низо ва мулк масаласи ортидан содир бўлган. Эр ва хотин уй-жой билан боғлиқ тортишувлар сабаб бир неча кун давомида жанжаллашиб келган. Ҳодиса кечасида эса бу низо қаттиқ тортишувга айланиб, эр хотинини ётоқхонада турган дурра билан бўғиб ўлдирган.
Тергов маълумотларига кўра, аёл вафотидан сўнг унинг дафн маросими шошилинч ва расмий ҳужжатларсиз ўтказилган. Шу билан бирга, қотил эр марҳуманинг яқинларига унинг "ўзини осиб жонига қасд қилгани"ни айтган, бошқаларга эса "қон босими тушиб ҳаётдан кўз юмган" деган баҳона келтирган.
Бироқ марҳуманинг синглиси бу гапларга ишонмаган ва воқеа сирли эканини сезиб, прокуратурага мурожаат қилган. Ариза ортидан қабр қайта очилиб, суд-тиббий экспертиза ўтказилган. Текширув натижасида аёлнинг бўғиб ўлдирилгани аниқланган ва қотиллик фош этилган.
Судда аниқланишича, эрнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича оғир жиноят деб баҳоланган. Суд ҳукмига кўра, у 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ҳозирда ҳукм қонуний кучга кирди. Расмийлар таъкидлашича, бу ҳолат яна бир бор оилавий муаммоларни зўравонлик йўли билан ҳал этишнинг қандай фожиаларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Навоий вилояти Қизилтепа туманида ҳам шунга ўхшаш фожиа содир бўлган — эр хотини алиментдан воз кечмагани учун уни автомобилда босиб ўлдирган эди. Бу ҳолатлар жамиятда оилавий муносабатлардаги масъулият ва бағрикенгликнинг қай даражада муҳим эканини яна бир бор эслатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!