Болажон халқмиз...ми?

  • 27 июль 2019, 22:42
  • 872
  • Жамият
  • Болажон халқмиз...ми?
    Таҳририятга қуйидаги мазмунда мактуб келди:

    «Икки нафар фарзандимни ҳали мактабга чиқмасидан онамга ташлаб хорижга ишлаш учун кетдим. Мусофир юртда иш топгунимча, жойлашгунимча не-не кунларни бошимдан ўтказмадим. Ахийри, икки боласи бор аёл хонадонида уй хизматчиси бўлиб ишлай бошладим. Ўзимнинг фарзандларимга бериш керак бўлган меҳримни ўзгалар фарзандига бердим. Уларнинг кирини ювдим, овқатини пиширдим, китоблар ўқиб бердим, кечалари эртак айтиб ухлатдим.

    Ва ишлаб топган пулимни, онам билан фарзандларим қийналмаслиги учун, пешма-пеш уйга жўнатиб турдим. Бир йилда бир марта фарзандларимни кўриш учун уйимга рухсат беришарди. Орадан ўн йил ўтди. Ўғлим ўн олтига, қизим ўн тўртга кирганда қайтиб келдим. Ўн йилнинг ичида онам ҳам анча қариб қолибди. Аммо...

    Аммо ўғлимнинг коллежига, қизимнинг мактабига бориб жуда кўп нарсаларни бой берганимни англадим. Ҳар иккаласининг ҳам ўзлаштириши жуда паст, ўқитувчиларининг айтишича, улар аламзада ва такаббур эмиш. Ўғлим бир неча марта ўртоқлари билан муштлашибди, қизим эса тинмай телефонда кимлар биландир гаплашармиш. Ўқишга хоҳлаганда бориб, хоҳламаганда бормасмиш. Энг ачинарлиси, қўшниларимнинг айтишича, қизим кўчадан бери келмасмиш.

    Мен очиғи фарзандларимни танимай қолдим. Қаёқдан ҳам таний, ахир улар билан ўн йил айро яшаган бўлсам. Мен хизмат қилган оиланинг фарзандлари барча ҳавас қиладиган болалар бўлиб вояга етди. Албатта, бунда фақат менинг эмас, кечаю кундуз улар билан бирга бўлган онасининг ҳам хизмати катта. Уларнинг онаси бир дақиқа ҳам фарзандларини ёлғиз қўймасди. Уларнинг келажаги учун ўз юртида не-не қийинчиликлар билан бўлса-да тадбиркорлик фаолиятини қўлга қўйган эди.

    Ва шу билан бирга, аёл сифатида турмуш ўртоғининг ҳам энг яқин дўсти, суянчи эди. Мен-чи, мен, пул топаман, деб онамнинг сочларидаги оқни кўпайтирдим. Менга, шу ерда ҳам яхши яшасак бўлади, дея худонинг зорини қилган эримнинг айтганини қилмадим. Ва оқибатда турмуш ўртоғим бошқа оила қурди.

    Мен эса яхши яшаш илинжида пул топаман деб кўп нарсаларни бой бердим. Аввало, ёлғиз онага айландим. Кейин фарзандларимнинг тарбиясига эътибор беролмадим. Уларнинг илк мактабга чиққанини, ёзиш ва ўқишни ўрганганини кўролмадим. Беғубор болалигини соғинч ва ўкинчга қориштирдим. Ҳозир юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланяпман. Даромадим яхши. Баъзида чет элда ишлагунча куч-ғайратимни шу ерга сарфласам ҳаммаси бошқача бўлармиди, деб ўйлайман.

    Фарзандларим билан тил топиша олмай қолган пайтларим, ўзгалар фарзандига берган меҳримни, улар учун қилган хизматимни ўғил-қизим учун қилганимда, турмуш ўртоғимга суянч бўлганимда ҳозир менга ўзгалар ҳавас қилаётган бўлмасмиди, дейман ўзимга ўзим. Энди кеч, жуда кеч. Хорижга отланаётган ҳамюртларимга кучингизни, меҳнатингизни, меҳрингизни фақат ва фақат яқинларингизга, оилангизга, Ватанингизга беринг дегим, бор овозда ҳайқиргим келади».

    Ушбу мактубни ўқиб, фарзандлар ва ота-оналар ўртасидаги жарлик пайдо бўлишининг сабабларини излайсан беихтиёр.

    Бизга бир пайтлар болажон халқ деган ибора ярашиб турарди. Чунки у пайтлар оилаларда энг камида беш нафар, бўлмаса ўн нафаргача фарзандлар ўсиб-улғаярди. Уларнинг тарбияси, ўзаро меҳр-оқибати ҳавас қиларли эди. Эндичи? Атиги уч нафаргина фарзанди бор оилаларда ҳам меҳр-оқибатни тополмайсиз. Ака укасини ёки сингил акасини пичоқлаб қўйган, мерос талашган.

    Сабаби кундай равшан. Бир пайтлар кўп фарзандли оилаларда етишмовчилик бўлган, ота-оналар ҳаминқадар ойлик олишган, аммо улар фарзандларига вақт ажратган. Балки моддий таъминотни яхши қилиб беролмаганидан хижолат тортишиб кўпроқ меҳр беришга ҳаракат қилишгандир. Бугун эса мен фарзандимни моддий таъминласам, ҳеч кимдан кам қилмасам, оғзидан чиққанини муҳайё қилсам, дея ўйлаётганлар сони кундан-кунга ортиб боряпти.

    Ва оқибатда худбин, фақат ўзини ўйлайдиган, барча эътибор менга бўлсин, дейдиган ўғил-қизлар вояга етмоқда. Бундай кайфиятда улғайган ёшлар оила қургач ҳам муаммоларни келтириб чиқараверади. Сабрсизлик, енгил яшашга интилиш, ота-онанинг фарзандга ёшлигида етарли эътибор бермагани фақатгина моддий таъминотини аъло даражада қилиб қўйгани билан боғлиқ.

    Биз болажон халқмиз, деган ташбеҳ ўз қимматини йўқотаётгандек бугун. Агар биз бир пайтлардагидек ҳақиқатан ҳам болажон бўлганимизда, бугун болани бир матоҳдек бировларга пуллаётган бўлмасдик. Биз болажон бўлганимизда, юқорида мактубда айтилганидек, болаларни меҳрга зор қилиб ўзга юртларга кетмасдик. Энг ачинарлиси, оталар хорижга кетиб осонгина бошқа оила қуриб кетаётгани, уйида қолган фарзандларининг тақдирини, келажагини ўйламаётгани. Баъзида ажрашган оилаларда оталарнинг ўз боласига алимент тўлашни истамаслиги, бош тортишидан мен яна, биз болажон халқмиз, деган ибора сира ёпишиб тушмаслигини ҳис қиламан.

    Яқинда вентилятор талашиб ўз ўғлини пичоқлаб қўйган отани ўйлаганимда, хорижнинг Чикагода рўй берган воқеа режиссёри Ника Кассаветисанинг "Жон Кйю" деган киноси ёдга тушади. Боласига юрак кўчириб ўтказишга пули етмаган ота, ҳатто, ўз юрагини ўғлига беришга тайёр туради. Шифохона ишчиларини гаровга олади. Бу билан ота фарзандига бўлган меҳрини ана шу тахлит намоён қилади...

    * * *
    - Ойижон, дадам бу гал туғилган кунимга келадими?

    Назокат Анварнинг бундай саволларидан безиб қолган. Шунинг учун ҳар доимгидай кўзларини олиб қочганча жавоб беради, ҳар доимгидай бир хил жавоб:
    - Даданг туғилган кунингга жуда кўп совғалар жўнатади.
    - Менга дадамнинг совғаси эмас, ўзи керак. Ҳамманинг дадаси бор. Менинг ҳам дадам ёнимда бўлишини хоҳлайман.

    Танишим Назокатнинг уйида гувоҳи бўлганим ушбу воқеани ҳам ҳеч унутолмайман. Кўзлари мунгли, тўққиз йил давомида отасини бор-йўғи икки марта кўрган, ота меҳри нелигини билмай мучал ёшини нишонлаётган Анвар ҳали-ҳамон отасини кутади, ҳар туғилган кунини онаси ва укаси билан отасиз нишонлашади.

    Дарҳақиқат, отаси ёки онаси, баъзи ҳолларда ҳар иккаласи ҳам пул топиш илинжида хорижда юраркан, улар фарзандларининг бугун тирик етимлардан қаери кам? Хўш, ундайларнинг оиласини тўлиқ оила деб бўладими?

    Эр-хотин асосан давлат иши деб болаларга вақт ажратолмаётгани учун жанжаллашганини хориж киноларида жуда кўп кузатганмиз. Хотин турмуш ўртоғига болаларнинг тарбияси билан шуғулланмаётгани ёки уларнинг тўгараклари, қатнашаётган танловларига бормагани учун ҳатто ажрашишгача боради. Ва кино охирида ота ҳамма ишини ташлаб, фарзандлари, оила давраси учун кўп вақтини ажратишга қарор қилади.

    Тасаввур қиляпсизми, отанинг мусофир юртларда юргани эмас, бирга яшаб туриб вақт ажратмаётгани катта муаммо ҳисобланади. Ҳа энди уларнинг иқтисодий аҳволи яхши-да, деб ўйлаётгандирсиз, аммо, таассуфки, чет элда юрган оталар майли, иқтисоди яхши бўлган оилалар бошлиқлари ҳам чойхонаю гап-гаштакдан ортмаслигидан кўз юмиб бўлмайди. Шундан кейин ҳам биз болажонлигимиз билан мақтана оламизми?

    * * *
    Яқинда Анваржоннинг яна туғилган куни бўлди. У 14 ёшга қадам қўйди. Аммо бу гал туғилган кунини нафақат отасиз, балки онасиз нишонлади. Онаси ҳар олти ойда энг яхши сиҳатгоҳларда дам олишга боради. Ва, энг афсусланарлиси, ўзидан анча ёш йигитга турмушга чиқиб кетади...

    Бир пайтлар болалар колониясига борганимда, ҳар хил тақдирли болалар билан кўришгандим. Онаси Россияда, отаси ҳам қайсидир чет давлатда ишлаётган К. исмли ўсмир бор эди. Кечаси болалар билан жанжаллашиб тан жароҳати етказган. Суд иши кўрилаётганда ҳам онаси келолмади. «Депорт» қилиб юборишса қайтиб боролмасмиш, яъни ишидан ажралиб қолармиш. Энг ачинарлиси, ўша бола муддатини ўтаб чиқаётганда олиб кетишга ҳеч ким бўлмагани учун маҳалласидан одам чақиришган.

    Тарбия колониясидан қайтган ўсмир йигитча ҳозирча кекса бувиси билан яшайди. Ўзининг айтишича, келажаги нурсиз, қоронғу...

    Мана шу воқеаларни кузатиб туриб ҳам, биз болажон халқмиз, деб айта оламизми?!
    Барно Султонова

    Манба: Xabar.uz

    » » Болажон халқмиз...ми?