Отарчи ўтлайдими?

  • 19 октябрь 2019, 14:15
  • 1 102
  • Жамият
  • Отарчи ўтлайдими?
    Она тилим - олтин сандиғим
    “Отар” деган сўз тилимизда қадимдан бор. Яйловда боқиладиган қўйларнинг йирик тўдаси “отар” деб аталади. “Отар” сўзи қир-адирларни, қўтонларни, чўпонларни эсга солади. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, “ердан ўзи кўкариб чиқиб, бир йиллик яшил ўсимлик” маъносини англатган “от” (ўт) отига – “-а” қўшимчасини қўшиб ясалган “ота” – “ўта” феъли мавжуд бўлган ва “ўт е” маъносини англатган (кейинчалик бу феъл истеъмолдан чиққан), шу феълга -р қўшимчаси қўшилиб, “отар” сифатдоши ҳосил қилинган. Бу сифатдош асли “ўтлайдиган” маъносини англатган, кейинчалик отлашиб, “яйлов”, “ўтлоқ” маъносини, сўнгра “ўтловчи ҳайвонлар” маъносини англата бошлаган”.

    Хўш, унда кейинги даврларда пайдо бўлган “отар­чи”, “отар” сўзларига нима асос бўлган? Эҳтимол, бу сўзга “ичкилик ичиш” маъносидаги “отар” сўзи сабаб бўлдимикин? Чунки ичкиликбозлик базми тилимизда “отар” сўзи билан ҳам ифодаланади. Масалан: “Кеча отарда роса тортибмиз”. Ёки “ўрта”, “ўртачи” сўзлари ўзгариб, “отарчи”га айландимикан? Балки у “ўтарчи”дир. Бу ҳақда аниқ бир нарса деёлмаймиз. Лекин отарчининг отарга чиқиши рамзий маънода ўтлагани чиқиши билан уйғун келади. Адабий ўхшатишларда “отарчи отарга ўтлагани кетди”, “отарчи ўтлаб кетди” деб ишлатилса, ҳарқалай мантиқсиз ўхшатиш бўлмайди. Эҳтимол, икки “отар”нинг илдизи икки ёқдадир, бир-биридан йироқдадир, шундай бўлса-да, уларда ғалати ўхшашлик бордай туюлади.

    Парвардигор
    Ҳар куни ичимизда ҳам, ташимизда ҳам энг кўп мурожаат қиладиган сўзимиз бу. Шунинг учун “парвардигор” сўзига билганимизча изоҳ бериб ўтишни маъқул кўрдим. “Навоий асарлари луғати”да форсийдаги “парвар” сўзи “Сўз бирикмасида кўпинча тарбияловчи, қувватловчи, жонлантирувчи маъноларида келади” деб, “парвард” сўзи “Сўз бирикмасида тарбияланган, ўсган маъносида келади” деб, “парварда” сўзи эса, “тарбия топган, парваришланган” мазмунида деб изоҳланган. Худди шу луғатда форсча “кирдигор” сўзига “Яратувчи (Худо)” дея изоҳ берилган. Шундан келиб чиқиб, “парвардигор” сўзининг битта маъносини “оламларни парвариш этувчи, тарбия этувчи” маъносида англасак бўлади.

    Соқол ва сақоқ
    Иякда ўсадиган қилтуклар қопламаси маъносини англатган “соқол” сўзининг туб илдизи қадимги туркий тилдаги “энгак” (ияк) маъносини англатган “сақоқ” сўзига бориб тақалиши ҳақида “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да айтилган.

    Маҳмуд Кошғарийда ҳам “сақақ” сўзи ияк маъносида келади ва у “Сақақ охшар, сақал бичар” (“Соқолини қирқади-да, ҳийла учун иягини силайди”) деган мақолни келтиради. Бизнинг мумтоз адабиётимизда “сақоғ” сўзи кўп қўлланган. Масалан, Алишер Навоийда шундай байт бор:

    Гаҳи кўз суртарамда йўқса ҳарён шодлиғ ашким
    Гул узра қатра шабнамлар каби сиймин сақоғинда.

    Маҳмуд Кошғарий “сақа” сўзи “тоғ этаги” деган маънони англатиши ҳақида ҳам айтган. Демак, соқолда ҳам, иякда ҳам, тоғ этагида ҳам пастга томон йўналиш ҳолати борлигини ҳисобга олсак, улардаги умумий илдизни илғашимиз мумкин.

    Шу ўринда бир ҳангомани эслаб ўтгим келди. Қиш­лоғимизда Бўта бобо деган бир киши бор эди. Жуда замонавий чол эди, феъли бор эди қурғурнинг. Ёши етмишдан ошиб кетганда ҳам соқол қўймаган эди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига хос кителсифат костюмда, хром этик ва шляпада юрарди. Шунда бир даврада бир-иккита кекса гапчинозлар Бўта бобони олиб қочишиб, шунча ёшга кириб ҳам соқол қўймаганини таъна қилишиб устидан кулишади. Ундан дашном маъносида: “Энди шундай юраверасизми, соқол қўясизми ўзи, йўқми, у дунё­да нима деб баҳона топасиз?” – деб сўрайдилар. Шунда Бўта бобо уларга: “Менинг худодан жон қарзим бор, жун қарзим йўқ!” – деган экан.

    Гарчанд, “Эрнинг кўрки соқол, гапнинг кўрки мақол” деган яхши гап бор-ку, лекин буям бир ҳангома-да.

    Гап келганда бир шеъримдан бир парчани келтириб ўтай:

    Кўриб-кечирмаган сира эл бўлмас,
    Ҳамон юрт оралаб юрар бир мақол:
    Ҳар мўйи оқарган оқсоқол бўлмас,
    Ахир эчкида ҳам оқарар соқол.
    Эшқобил ШУКУР, шоир

    Манба: Darakchi.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Отарчи ўтлайдими?