
Бизга маълумки, йирик коррупциялар аҳолининг кўплаб қатламлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фаоллар, оммавий ахборот воситаларининг эътиборини жалб этади ҳамда йирик миқдордаги коррупцияларга қарши курашга қаратилган чора-тадбирлар ҳам янада кучайтирилади. Худди шу жараёнда йирик коррупциядан фарқ қилган ҳолда ҳар куни содир этиладиган ҳамда кичик миқдорни ташкил этадиган «майда» коррупция тушунчаси шаклланади.
«Майда» коррупция, асосан, шифохоналар, таълим муассасалари, солиқ идоралари ва ҳуқуқни муҳафаза қилувчи органларда содир этилиб, юридик ва жисмоний шахсларга қонунда белгиланган талабларни четлаб ўтишга ёрдам беради. Аста-секин ушбу коррупция тури юқори даражадаги кенг миқёсли коррупциянинг янада хавфли шаклларига айланиб боради. Коррупциянинг ушбу тури мамлакатда коррупция барча даражалари мавжудлигидан далолат беради. «Майда» коррупция қаерда тугаши ва йирик коррупция нимадан бошланиши чегараси ўртасида аниқ тўхтамлар мавжуд эмас.
Йирик коррупцияга қаратилган эътибор «майда» коррупцияларга қарши курашни бир мунча пасайтириши мумкин. Мазкур ҳолат эса бизни «майда» коррупциялар таъсирини тўғри баҳолашга ундайди.
Кичик коррупцияларнинг таъсирини тўғри баҳолашимиз учун унинг хусусиятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ:
Биринчидан, «майда» коррупция кам миқдорни ташкил этсада, кўплаб кишилар ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатади. Тасаввур қилиб кўрадиган бўлсак, беморларга тиббий ёрдам кўрсатганлик учун адолатли нархдан кўпроқ бўлган пул талаб қилишнинг ўзи муаммо ҳисобланади. Сабаби бу турдаги коррупция натижасида кишиларни биринчи тиббий ёрдамга мурожаат қилиши кейинга қолиши, касалликларни кейинги босқичга ўтиб кетиши ёки бўлмаса шифокор ва бемор ўртасида ишончли муносабатни йўқолишига, яъни беморларда соғлиқни сақлаш ходимларининг касалларни даъволаш эмас, балки пул ишлашдан иборат мазмунидаги қарашларнинг шаклланишига олиб келади.
Таълим тизимидаги мазкур турдаги коррупциялар натижасида жамият маълумотли, ўқимишли фуқароларидан маҳрум бўлади.
Иккинчидан, «майда» коррупциялар одатда регрессив кўринишга эга бўлиб, кам даромадли оилаларнинг ресурсларини ўзлаштириш орқали иқтисодий тенгсизликни кучайтиради. Сабаби «майда» коррупциялар учун белгиланган ставкалар кам таъминланган оилалар учун кўп миқдорни ташкил этиши эҳтимоли юқори. Ушбу ноқонуний “солиқ” кам таъминланган оилаларга зарур тиббий ҳамда таълим хизматларидан фойданишларини муайян даражада чеклайди.
Учинчидан, «майда» коррупция – бу фуқароларнинг бевосита кундалик ҳаётларида дуч келадиган коррупция тури бўлиб, асосан давлат хизматчилари томонидан содир этилади ҳамда фуқароларнинг давлат муассасаларига бўлган ишончини пасайтиради.
Тўртинчидан, «майда» коррупциялар кенг тарқалиши йирик коррупцияларни келтириб чиқариши мумкин. Яъни коррупция муайян тармоқда уюштирилиб, унда пора олган ва унинг бир қисмини юқори турувчи амалдорга берувчи мансабдор шахслар занжири юзага келади.
Шу ўринда «майда» коррупцияларга қарши қаратилган қонунчилик мазмунини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.
Қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига мувофиқ қуйидагилар маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят сифатида тавсифланган:
- Пора олиш (ЖК 210-моддаси);
- Пора бериш (ЖК 211-моддаси);
- Пора олиш-беришда воситачилик қилиш (ЖК 212-моддаси);
- Давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (МЖтК 1931-моддаси ва ЖК 213-моддаси);
- Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (МЖтК 1932-моддаси ва ЖК 214-моддаси);
- Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (МЖтК 611-моддаси ва ЖК 19210-моддаси);
- Тижоратда пора эвазига оғдириб олиш (ЖК 1929-моддаси).
Улар орасида пора олиш жинояти мансабдор шахслар томонидан содир этилганлиги ёки пора мансабдор шахсларга берилганлиги факти ҳуқуқбузарликнинг жиноят сифатида тавсифланиши учун асос ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1931 ва 1932- моддаларида назарда тутилган пора олиш ва беришдан иборат бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг субъекти эса давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисидир.
Мазкур моддаларда назарда тутилган ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 213 ва 214-моддаларида белгиланган жиноий жавобгарлик келиб чиқади. Бошқача қилиб айтганда, пора олиш ва беришдан иборат маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган шахслар икки тоифага ажратилган:
1. Жиноят субъекти - давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси;
Маълумот ўрнида: Мансабдор шахс - доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс.
2. Маъмурий ҳуқуқбузарлик субъекти - давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчиси.
Маълумот ўрнида: Давлат иштирокидаги ташкилот деганда, устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти, тўлиқ ёки қисман давлат органи ёки давлат ташкилоти томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти тушунилади. Давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчиси деганда меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс тушунилади.
Кўриб турганимиздек, давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахсларининг пора олиши ёки уларга пора бериш жиноят қонунчилиги билан жавобгарликка сабаб бўлади. Агар ҳуқуқбузарлик давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчилари томонидан содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий жавобгарликка тортилади.
Юқорида “кичик” коррупциялар асосан давлат органларининг хизматчилари томонидан содир этилиши кўрсатиб ўтилган эди. Бундан келиб чиқадики, давлат органининг хизматчилари томонидан қанча миқдорда пора олиниши ёки уларга миқдоридан қатъий назар пора берилиши уларнинг давлат органида, давлат иштирокидаги ташкилотда ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органида меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириши, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс эканлиги инобатга олиниб, маъмурий жавобгарликка тортилади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: давлат органида, давлат иштирокидаги ташкилотда ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органида мансабдор шахслар кўпроқми ёки хизматчилар? Ёки бўлмаса, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўллангандан кейин такрор содир этилганда, жиноий жавобгарликнинг белгиланиши мазкур ҳуқуқбузарликнинг содир этилишига қанчалик таъсир кўрсатади? Худди шунингдек, мансабдор шахс ёки хизматчининг талаб қилиши мумкин бўлган пул миқдори ўртасида аниқ чегарани белгилай оламизми?
Маълумот ўрнида: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан кўрилган ишлар статистикасига мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йилда ушбу Кодекс 1931-моддаси бўйича 13 та иш (30 нафар шахсларга нисбатан), 1932-моддаси бўйича 89 та иш (112 нафар шахсга нисбатан) кўрилган. 2017 йилда эса 1931-модда бўйича 19 та иш (19 нафар шахсларга нисбатан), 1932-модда бўйича 28 та иш (37 нафар шахсга нисбатан) кўрилган.2018 йилда 1931-моддаси бўйича 33 нафар шахсларга нисбатан 31 та иш кўрилган, 1932-моддаси бўйича 78 нафар шахсга нисбатан 73 та иш кўрилган.
Мазкур маълумотлар ушбу турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши кўпайиб борганлигини кўрсатмоқда. Бироқ бу статистика кўрсаткичлари бундан кўпроқ миқдорларни ҳам ташкил этиши мумкинлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Яъни бу турдаги ҳуқуқбузарликлар баъзи ҳолларда Жиноят кодексида белгиланган пора олиш-беришда воситачилик қилиш (212-модда) ёки фирибгарлик (168-модда) жиноятлари таркибини бериб, мазкур моддалар бўйича квалификация қилинади.
Хорижий давлатлар қонунчилигига назар ташлайдиган бўлсак, пора олиш ва бериш, унда воситачилик қилиш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик фақатгина жиноят қонунчилиги билан тартибга солинганлигини кўриш мумкин.
Германия, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Литва, Белоруссия, Қозоғистон ва Украина каби давлатлар маъмурий қонунчилигига назар ташласак, ушбу давлатларнинг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексларида пора билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар кўзда тутилмаган. Мазкур давлатларда бу турдаги ҳуқуқбузарликлар жиноят қонунчилиги билан тартибга солинган.
Хусусан, Германия Жиноят кодекси 351-бўлимида пора олганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, мансабдор шахснинг ўзи ёки учинчи шахс манфаатини кўзлаб ўз хизмат бурчини ва ўзига юклатилган махсус вазифаларни бажариши учун бирор нарса талаб қилиши, қабул қилиши 3 йилдан ошмаган муддатга қамоқ жазосига ёки жаримага тортилишга сабаб бўлади.
Шунингдек, мазкур модданинг 2-қисмига мувофиқ, судъя ёки ҳакамнинг ўзи ёки учинчи шахс манфаатини кўзлаб келажакда суд ҳужжатининг ижро этилиши фактини орқага қайтариш билан боғлиқ ҳаракатларни бажариши учун бирор нарса талаб қилиши, қабул қилиши ва уриниши 5 йилдан ошмаган муддатга қамоқ жазосига ёки жаримага тортилишга сабаб бўлади.
Агар ҳуқуқбузар имтиёзларни талаб қилмаган ёки қабул қилмаган бўлса ёхуд ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида унга имтиёзларни қабул қилишга ва бу ҳақда зудлик билан ҳисобот тақдим этишига рухсат берган ҳолларда юқорида кўрсатиган бандлар бўйича жавобгарликка тортилмайди. Кейинги моддаларда хизмат вазифасини бузган ҳолда пора олганлик (332-бўлим), пора берганлик (333-бўлим), хизмат вазифасини бузганлиги учун пора бериш (334-бўлим), тижоратда пора олиш ва бериш (299-бўлим) учун жавобгарлик белгилаб қуйилган.
Германия Жиноят кодекси 351-моддасида “мансабдор шахс” деб белгилаб қуйилиши асосида ушбу Кодекснинг 11-моддасида улар тоифасига давлат хизматчилари киритилиши кўрсатиб ўтилган.
Худди шу тарзда Озарбайжон Жиноят кодекси 311-моддасида пора олганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланиб, “мансабдор шахслар” атамаси давлат ва маҳаллий ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан қўлланишини ҳам назарда тутган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, аксарият хорижий давлатларнинг жиноий қонунчилигида давлат хизматчилари билан боғлиқ жиноятлар “Давлат хизмати тўғрисида” ги қонуни билан боғлиқ равишда талқин этилган. Яъни, Жиноят кодекси нормалари давлат хизматчиларининг тоифаларини белгилашни “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунга ҳавола қилган.
Жумладан, Литва Жиноят кодекси 368-моддасида кўзда тутилган пора олиш жинояти субъекти “Давлат хизмати тўғрисида” ги қонуннинг
6-моддасида назарда тутилган давлат хизматчилари тоифалари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Кўриниб турибдики, қонунчилигимизда давлат хизматчилари мақомини белгиловчи қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги бошқа қонунчилик соҳаларига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб, бўшлиқлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Хулоса ўрнида...
«Майда» коррупция йирик коррупция каби долзарб масала сифатида қаралмасада, бу оддий аҳолинининг кундалик ҳаётига ва умуман, жамиятга салбий таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида кишилар фаровонлигига зарар етказилади, тенгсизлик кучаяди, давлат институтлари фаолияти сустлашади ва коррупциянинг бошқа шаклларини озиқлантиришга кўмаклашади.
Майда коррупция ҳолатларига қарши курашиш мақсадида, қуйидагилар таклиф қилинади:
1. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашни кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан пора олиш ва беришдан иборат бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликларни чиқариб ташлаш ҳамда бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш лозим.
2. Жиноят кодексинин 210 ва 211-моддаларида назарда тутилган пора олиш ва бериш жиноятлари диспозициясига “давлат хизматчилари” тушунчаси киритилиши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, яъни пора олиш ва беришнинг ижтимоий хавфлилиги, берилган ёки олинган мукофотнинг (пулнинг) миқдори ёки бўлмаса етказилган зарарга қараб муқобил жазо чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ.
3. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар содир этилганда қўлланиладиган жиноий жазонинг бир тури сифатида мажбурий жамоат ишлари белгиланиши лозим. Ушбу жазо тури жиноятчиларни тарбиялашга, маъсулиятини оширишга қаратилганлиги сабабли коррупция жиноятлари санкцияларида назарда тутилиши ўринлидир.
4. Давлат хизмати тизимининг қурилиши ва ишлаш тамойиллари, давлат хизмати кадрлар таркибини шакллантириш, давлат хизматига кириш, уни ўташ ва тўхтатишга қўйилган асосий талаблар, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишни назарда тутувчи давлат хизмати тўғрисида қонун қабул қилиш лозим.
Адиба Сафарова
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар