21:20 / 08.12.2019
3 036

Қиморда ўйнатганлар ютади

Қиморда ўйнатганлар ютади
Тотализатор нималигини 2005-2006 йилларда билганман. Ўшанда талаба эдим. Курсдош йигитлар ҳамма қатори футбол ўйнаш ва кўришга қизиқар, баъзилари эса бу ўйиннинг "жинни"си эди.

Хуллас – айнан қайси бири бошлаганини билмайман – 2005 йилнинг кеч кузида курсдошларнинг қўлида бир тўп қоғоз, тилида "тотализатор" деган сўз пайдо бўлди. Унгача бу нарсаларга қизиқмаганим учун маъносини ўша вақтдагина тушунганман: турли спорт ўйинларининг натижаси қандай бўлишини олдиндан тахмин қилиб, пул тикиладиган хизмат экан. Очиғи, бунинг қимор эканлигини бошида англамаганман. Шунинг учун курсдошларим тотализатор билан шуғулланишни бошлаганида уларни "Бу ҳаром" деб қайтарганимни эслолмайман.

У пайтларда Интернет танқис ва қиммат матоҳ эди. Мобил Интернет ҳақида ҳатто эшитмагандик ҳали. Ўзбекистонда ўша вақтда тотализаторга расман рухсат берилган ёки берилмаганини ҳам билмайман. Тошкентда икки жойда – "Тинчлик" метро бекатидан чиққанда, "Ғунча" кинотеатри қаторида ва Чилонзорда, адашмасам, "Фарҳод" бозори атрофида тотализатор офислари бўларди. Биринчисини ўз кўзим билан кўрганман: деворларига ўша пайтда бизга энди кириб келаётган йирикроқ мониторлар осиб қўйилган, турли хил ўйинлар, асосан футбол ўйинлари жонли эфирда намойиш қилинар эди. (Ичкарига кириб кўрмаганман-у, аммо ёнидан ўтганимда кўзим тушган.)

Шундай қилиб курсдошлар тотализаторга бориб, ўйинларга пул тикишни бошлади. Талабада катта пул нима қилсин – бир эмас, беш-олтита ўйинни танлаб олишарди-да, ҳар бирига "ютуқ", "дуранг", "мағлубият" вариантларидан бирини чамалаб, 500-1000 сўмдан тикиб чиқишарди. 20 дан ортиқ курсдошим тотализаторнинг кунда-шундасига айланганди. Аммо уларнинг ичида фақат биттаси энг кўп – 2006 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати пайтида 16 000 сўм ютганини биламан, холос. Бу ўша давр талабаси учун анча арзирли пул эди (семестрни "3" баҳога ёпган талабалар 17 000 сўм атрофида стипендия оларди). Қолган пайтларда ёки арзимаган пул ютиб, тиккан пулини қайтариб олишар, ёки бор пулини ютқазиб, кафангадо бўлишарди.

Тотализаторга мунтазам қатнайдиган курсдошлар бориб-бориб атрофдаги ҳолатларга бефарқ, дарди-фикри ўйинлар таҳлилию тахмини бўлиб қолди: ҳар куни ўқишга уйқусизликдан кўзи қизариб келар, (юқорида айтганимдек Интернетга кириш ҳали ҳамма учун бемалол бўлмаган пайтларда) туни билан қайсидир ўйинларни мижжа қоқмай, асабийлашиб кўриб чиққани учун дарс пайтида партага бошини қўйиб ухлар, кейин бўш вақт топди дегунча яна янги ўйинларнинг "башорат"и билан машғул бўларди.

Биринчи курсни туппа-тузук, интеллигент бир кўринишда бошлаган баъзилари мана шу тахминлардан асабийлашавериб, учинчи курсга келиб сигарет чекадиган, ароқ ичадиган бўлиб қолди. Ҳар куни эрталаб умидсиз кайфиятда келади, қайсидир ўйинга тиккан пули атиги охирги 3 дақиқада урилган "нотўғри" гол туфайли ҳавога учганидан ёзғиради, ҳакам ёки бирон ўйинчини бўралатиб сўкади...

Кейин 2006 йил кузида нимадир бўлди-ю, Тошкентдаги тотализаторлар бир кунда ёпилди: миш-мишларга қараганда қайсидир биттасида ўйинга тиккан пулини йўқотган қиморбозлардан бири катта жанжал кўтарган, амалдорларимиз хавфсизлик юзасидан бутун тизимни тақиқлаб қўя қолишган. Расмий тақиқ эса деярли бир йилдан кейин Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўрнатилган.

Одатда, тақиқларни ёқламайман. Аммо айни тақиқ ўз вақтида, ўз жойида қўйилгани яхши бўлганди. Гиёҳвандга ўхшаб қолган тотализаторчилар бу кутилмаган вазиятдан бирон ой сўкиниб, норози бўлиб юрди-ю, кейин ҳаёти ўз изига тушиб кетди.

Ўша тақиқдан 12 йил ўтиб энди президент қарори билан тотализаторларга (букмекерлик хизматларига) расман рухсат берилар экан, "шу йўл билан футбол ривожланади", дея изоҳланди. Аммо оддий ҳақиқат шуки, тотализаторлар футболни ривожлантирмайди, аксинча, келишилган ўйинлар можаросида асосий айбдор бўлади, уни орқага тортади.

Камига бундай қимор турининг қонуний ва енгил, ҳамманинг қўли етадиган даражада очиқ бўлиши ҳали кўпчиликни хонавайрон қилиши мумкин: жамиятнинг зиёли қатлами бўлган, оқ-қорани унча-мунча таниган талабаларнинг қандай аҳволга тушганини кўрганман; тезроқ бойиб кетиш истагида ўзи ичмайдиган сувни фалон пулга сотиб олиб, баклажканинг қопқоғини йиғиб юрадиган омма қай аҳволга тушаркин, омон бўлсак, кўрармиз...

Сардор Салим ака айтганидек, тотализаторга рухсат берилиши жамиятимиздаги реал воқеликни кўрсатиб қўйгандек, гўё: "Элита"мизнинг ҳақиқий мафкураси қандайдир мўрт "маънавият ва маърифат" эмас, кўчанинг "Mендан кейин тўфон босмайдими?" ғояси эканлиги яққол намоён бўлди".

Тотализатор қимор, қимор эса ҳаромлиги аниқ. Бугун бунинг ҳукмини билганим учун иккиланмай айта оламан. Аммо "Тотализатор қимор эмас!" – деган эътиқодда бўлсангиз ҳам ундан узоқ юраверинг. Бир нарса аниқ: қиморда ўйнаганлар эмас, ўйнатганлар ютади.

Адҳам Абдулмўмин ўғли

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қиморда ўйнатганлар ютади