2024 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб 271 776 та никоҳ қайд этилган. Бу ҳар 1000 нафар аҳолига ўртача 7,3 та никоҳ тўғри келади, дегани.
Қиёс учун айтадиган бўлсак, бу кўрсаткич Қозоғистонда – 6,1, Қирғизистонда – 6,2, Молдова ва Белорусда – 5,1, Арманистонда ҳам – 5,1, Озарбайжонда эса – 4,9 фоизни ташкил этган. Демак, Ўзбекистон қўшни ва айрим Европа мамлакатларига нисбатан юқори никоҳ фаоллигига эга.
Статистикага кўра, мамлакатимизда ҳар икки дақиқада битта, ҳар соатда ўртача 31 та ва ҳар куни 743 та янги оила вужудга келади.
Жами никоҳларнинг ярмига яқини шаҳар жойларига (136 713 та ёки 50,3%), қолган қисми эса қишлоқ ҳудудларига (135 063 та ёки 49,7%) тўғри келган.
Никоҳлар сони бўйича етакчи вилоятлар — Қашқадарё (8,1%), Хоразм (8,1%) ва Сурхондарё (8,0%) ҳисобланади.
Туман ва шаҳарлар кесимида энг юқори кўрсаткичлар қуйидагича:
Шайхонтоҳур (10,8%), Бектемир (9,5%), Сергели (9,3%), Термиз (9,3%), Кўкдала (9,2%), Бандихон (9,0%) ва Сўх (9,0%).
Энг кам никоҳлар эса Томди (3,2%), Мўйноқ (4,7%), Оҳангарон (4,8%), Қораўзак (4,8%), Шуманай (5,0%) ва Учқудуқ (5,0%) туманларида қайд этилган.
Шундай қилиб, мамлакат бўйича никоҳлар сонида ҳудудлар ўртасида сезиларли фарқ мавжуд. Бу эса аҳоли зичлиги, турмуш даражаси ва ижтимоий омиллар билан изоҳланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!