20 октябрь куни кечқурун Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотича, Аҳмад Дониш кўчасида Cobalt, Nexia-3 ва Lacetti русумли автомобиллар тўқнашган.
Ҳодиса соат 19:50 атрофида рўй берган. Зарба оқибатида машиналарнинг олд қисми қаттиқ шикастланган, айримлари йўл ўртасида ҳаракатни вақтинча тўсиб қўйган.
ЙТҲ натижасида ҳайдовчилар ва Lacetti салонида бўлган йўловчи турли даражадаги жароҳатлар олган. Уларга воқеа жойидаёқ тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Илк маълумотларга кўра, тўқнашувга эҳтимолан тезлик режимига амал қилмаслик ва эҳтиётсиз бурилиш сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Мутахассислар ҳайдовчиларга ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этишни ва йўлда диққатни сусайтирмасликни тавсия қилмоқда — айниқса, кечқурунги вақтларда кўриниш чегараланган пайтларда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!