
Йиғилишда давлат раҳбари сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу йўналишдаги муваффақият фақат замонавий инфратузилма ёки илғор алгоритмларга эмас, балки чуқур билим ва малакага эга мутахассисларга ҳам боғлиқ. “Сунъий интеллектнинг пойдевори — математика ва информатика. Шунинг учун кадрлар тайёрлаш мактаб босқичидан бошланиши керак”, деди Президент.
Келгуси ўқув йилидан “Информатика” фанининг дастурларига сунъий интеллектга оид янги мавзулар киритилади. Бу мақсадда Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда махсус дарслик яратилиши режалаштирилган.
Давлат раҳбари таъкидлашича, “Янги Ўзбекистон” университетида бу йилнинг ўзида 100 нафар, кейинги йили эса 1 минг 300 нафар сунъий интеллект бўйича тренер-ўқитувчи тайёрланади. Улар эса ўз навбатида мактаб ва олий таълим муассасаларидаги информатика ўқитувчиларига замонавий билимлар бериши белгиланган.
Ҳар йили энг фаол ва натижадор 100 нафар информатика ўқитувчиси салоҳиятли мутахассислар қаторидан танланиб, сунъий интеллект ривожланган мамлакатларда малака ошириш имкониятига эга бўлади.
Шу билан бирга, “Бир миллион ўзбек дастурчиси” дастурининг мантиқий давоми сифатида “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси йўлга қўйилди. Унинг доирасида бу йилнинг ўзида 100 минг, келаси йили эса камида 500 минг ёшлар сунъий интеллект асосларини ўрганиши кўзда тутилган.
Президент таъкидлаганидек, лойиҳа мактаб ўқувчиларини ҳам қамраб олади. Ҳар йили сунъий интеллект бўйича миллий танлов ўтказилиб, энг юқори натижа кўрсатган ёшлар, уларнинг устозлари ва таълим муассасалари муносиб рағбатлантирилади.
Бу танловда ғолиб бўлган 500 нафар ёшга ноутбук, 100 нафар ўқитувчига 1 минг долларлик мукофот, шунингдек, иккита таълим ташкилотига электромобил тақдим этилади.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, “Сунъий интеллект технологиялари келажак ривожининг асосий кучи бўлади, бу жараёнга эрта қўшилган халқ – ютуқ қозонади.”
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.