Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Париждаги Лувр музейида юз берган йирик ўғирлик ҳақида ўз муносабатини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат Франциянинг умумий ҳолатини, яъни давлат тизими ва жамиятдаги инқирозни яққол намоён этади.
«Луврда бўлган ўғирлик мен учун ҳеч қандай ҳайратли воқеа эмас. Бу — бир пайтлар буюк бўлган мамлакатнинг таназзул босқичига кирганини кўрсатади. Бу ерда ҳукумат ҳақиқий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, одамларни уйдирма хавф-хатарлар билан чалғитишга кўпроқ вақт сарфламоқда», – деб ёзди Дуров ўз саҳифасида.
Тадбиркор фикрича, Луврдаги воқеа фақат маданий йўқотиш эмас, балки Франциядаги хавфсизлик тизимининг заифлашганидан ва жамиятда ишончнинг сусайганидан дарак беради. Унга кўра, бу ҳолат мамлакатдаги давлат бошқаруви тизимининг чуқур муаммоларини ҳам очиб берган.
Шу билан бирга, Павел Дуров воқеага ҳазил билан муносабат билдириб, “ўғирланган зебу-зийнатларни сотиб олиб, уларни Луврга қайтаришга тайёрман”, деб ёзган. У бу сўзлар орқали Абу-Дабидаги Луврни назарда тутганини қўшимча қилди ва: «Чунки у ердан ҳеч ким ҳеч нарса ўғирлай олмайди», – деб қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, 19 октябрь куни номаълум шахслар Париждаги Лувр музейига ишчи қиёфасида кириб, Наполеон даврига тегишли зеб-зийнатлар ва 9 та қадимий экспонатни ўғирлаб кетишган. Франция Маданият вазирлиги буни миллий маданий меросга қарши жиноят сифатида баҳолаган ва терговни халқаро даражага чиқарган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!