Партия вакили тўртинчи ҳокимиятга ишончсизлик билдирди. Аслида журналистларнинг вазифаси нима?

  • 17 декабрь 2019, 08:38
  • 606
  • Жамият
  • Партия вакили тўртинчи ҳокимиятга ишончсизлик билдирди. Аслида журналистларнинг вазифаси нима?
    Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида Халқ-демократик партияси Марказий кенгиши аъзоси Боймурод Юсупов журналистлар фаолиятини савол остига қўйди.

    «Журналистлар ўзларини 4-ҳокимият деб ҳисоблашади. 3 йилда сўз эркинлиги таъминланди, журналистлар аҳолини қийнаётган қайси муаммони кўтариб чиқиб, аниқ бир таклиф киритди ушбу муаммони ечишга?», деган партия вакили.

    Davletovuz телеграм-канали муаллифи «Тўртинчи ҳокимият» иллюзияси ҳақида» сарлавҳали постида унинг сўзларига жавобан ўз фикрларини билдириб, ҳаммани ўз ишини қилишга чақирди.

    Ўтган асрда коммунистик маконда диктаторлик ва авторитар усулда ҳокимият бошқарилган ўнлаб мамлакатларнинг номида «демократик», «халқ» сўзларини қўллаш урф бўлган. ГДР, КХДР, ХХР ва ҳоказо. Шу йўл билан йўқ нарсага — халқ ҳокимиятига, демократияга урғу берилган. Яъники қаерда демократия, халқ ҳокимияти бўлмаса, ўша ерда шу қадриятларнинг имитацияси кучайган. Сўз эркинлиги бор мамлакатларда ҳам тўртинчи ҳокимият деган тушунча йўқ. Сўз эркинлиги билан муаммо бор жойларда эса «тўртинчи ҳокимият» энг кўп тилга олинадиган алдамчи тушунчалардан биридир.

    Гарчи бизга «тўртинчи ҳокимият» атамаси ёқмаса-да, лекин қачон бундай мақомга эришиш мумкинлиги ҳақида икки оғиз. Тўртинчи ҳокимият амалда бўлиши учун, аввало, ҳокимиятнинг асосий учта расмий тармоғи — ижро, парламент ва суд ҳокимияти тўла мустақил бўлиши, кучли бўлиши ва бир-бирини тийиб тура олиши керак.

    Ижро ҳокимияти кучли бўлса-ю, парламент ҳам, суд тизими ўлик бўлса, ОАВ ҳеч қачон эркин бўлмайди. Мабодо кимдир шундай деяётган бўлса, бу ғирт ёлғондир. Ижро ҳокимияти ҳарчанд демократия, сўз эркинлиги ҳақида чиройли гапирмасин, у сўз эркинлигидан ҳеч қачон манфаатдор бўлмайди. Ижро ҳокимияти берган сўз эркинлиги бу сўз эркинлиги эмас. Бунақа сўз эркинлиги бўлмайди. Ҳатто мазкур учта тармоқдан биттаси заиф бўлса, масалан, суд ҳокимияти, ОАВнинг эркинлиги ҳар доим таҳдид остида бўлади. Қирғизистондаги охирги воқеалар бунга мисол.

    Иккинчи масала. Қуйидаги скриншотда муқаддам депутат бўлган бир партия вакили журналистлар муаммоларни ҳал қилиш учун қандай амалий таклифлар билдиргани, қандай муаммоларни ҳал қилгани билан қизиқибди. Бу «зато осмонимиз мусаффо»дан кейин турадиган энг бемаъни ва авторитар режимларда қўл келадиган гапдир.

    Журналистлар холис ва ҳаққоний ахборот бериш, учта ҳокимиятнинг сўзи ва амали мослигини текшириш, жамоатчилик илғаши қийин бўлган масалаларни атрофлича ёритиш орқали жамоатчиликка ёрдам беради. Жамоатчилик ана шу ахборотлар ёрдамида сайловларда депутатларни сайлаш орқали уларга яна ишонч билдиради ёки сайламасдан жазолайди. Янги парламент орқали эса жамоатчилик ҳукуматни назорат қилади, унга эътирозини айтади, мандатини беради. Демократия ўзи шу.

    Учинчи масала. Қачон мамлакат тараққий этади? Инсоният давлатчилиги шуни исботладики, ҳамма ўз ишини қилса, яъни депутат ҳам, ҳукумат ҳам, суд ҳам ўз ишини қилса, прокуратура сектор билан эмас, қонун устуворлиги билан шуғулланса, университет, мактаблар талаба-ўқувчиларнинг сочи, шимининг узунлигини ўлчамасдан, фақат таълим бериш билан шуғулланса, тараққиёт бўлади. Журналист ўз ишини қилса ва сифатли қилса, аслида давлатга 420 миллиард сўм сарфлаб тарғибот машинасини ушлаб туришга ҳожат қолмайди (Ўзбекистоннинг 2020 йилги бюджетида Миллий телерадиокомпанияга 420 млрд 216,5 млн сўм маблағ ажратилган - таҳр).

    ИМҲОнинг индаллоси шундаки, ҳамма ўз ишини қилсин.

    » » Партия вакили тўртинчи ҳокимиятга ишончсизлик билдирди. Аслида журналистларнинг вазифаси нима?