date

Сохта ЙТҲ орқали суғурта пулларини қўлга киритиш схемаси фош қилинди

Сохта ЙТҲ орқали суғурта пулларини қўлга киритиш схемаси фош қилинди

Ўзбекистонда суғурта бозорида жиддий жиноий схема фош этилди. Kun.uz томонидан ўрганилган суд ҳукмига кўра, бир гуруҳ шахслар йўл-транспорт ҳодисаларини сунъий равишда “ташкил этиб”, қалбаки ҳужжатлар орқали суғурта компанияларидан мунтазам пул ундириб келгани маълум бўлди.

Маълумотларга кўра, ушбу ноқонуний фаолият 30 ёшли А.А., 21 ёшли С.А. ва 24 ёшли З.Й. томонидан амалга оширилган. Улар ўзаро вазифаларни тақсимлаб, аниқ режа асосида ҳаракат қилган. Гуруҳга етакчилик қилган А.А. барча жараённи мувофиқлаштирган: янги иштирокчиларни жалб қилиш, сохта ЙТҲларни олдиндан режалаштириш, “европротокол” ва бошқа расмий бланкаларни қалбаки маълумотлар асосида тўлдириш ҳамда уларни суғурта ташкилотларига тақдим этиш ишларини бошқарган.

Қолган шериклар — С.А. ва З.Й. эса ҳар бир эпизодда “жабрланувчи” ёки “айбдор” сифатида иштирок этишган, шунингдек, янги одамларни жалб қилиш ва автомобиллар топиш вазифаларини бажаришган. Бу орқали улар ҳар бир ҳолатни ишончли кўринишга келтиришга ҳаракат қилган.

Жиноий схема деярли бир хил сценарий асосида амалга оширилган. Асосан икки хил автомобил — давлат рақами 01 L 368 AC бўлган оқ Malibu ва 01 C 897 MC рақамли қора Malibu “жабрланувчи” сифатида иштирок этган. Ушбу машиналар иштирокида гўёки ЙТҲ содир бўлгани ҳақида расмий ҳужжатлар тайёрланиб, кейин суғурта компанияларига тақдим этилган.

Масалан, 2024 йил 15 январ куни Яшнобод туманида Malibu ва Tracker иштирокида тунда “ЙТҲ” бўлгани ҳақида қалбаки ҳужжатлар тайёрланган. Шу орқали суғурта компаниясидан 13 миллион 758 минг сўм товон пули олинган. Шу каби яна бир ҳолат 21 феврал куни Паркент туманида қайд этилган бўлиб, Malibu ва ВАЗ-31514 иштирокидаги “ҳодиса” учун 14 миллион сўм ундириб олинган.

Умуман олганда, жиноятчилар 14 та ҳолатдан 8 тасини муваффақиятли амалга ошириб, жами қарийб 110 миллион сўм суғурта товонини қўлга киритган. Қолган 6 ҳолатда эса улар ўз режаларини турли сабабларга кўра якунига етказа олмаган.

Суд жараёнида айбланувчилар ўз қилмишларини тўлиқ тан олган. Мирзо Улуғбек туман жиноят ишлари бўйича суди қарорига кўра, улар Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича айбдор деб топилди. Ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 305 баравари — 103 миллион 700 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бу ҳолат яна бир бор кўрсатмоқдаки, суғурта тизимидаги ҳар қандай ноқонуний уринишлар барибир фош бўлади. Қисқа йўл билан даромад қилишга уриниш охирида катта жавобгарликка олиб келиши муқаррар.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Сохта ЙТҲ орқали суғурта пулларини қўлга киритиш схемаси фош қилинди