Энергия йўқотишлари сабаб 44 раҳбар лавозимдан четлатилди

Энергетика соҳасида жиддий ўзгаришлар бошланди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов раҳбарлигида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида ўтказилган танқидий йиғилишда тизимдаги камчиликлар кескин муҳокама қилинди. Йиғилиш давомида электр энергияси йўқотишлари юқори бўлган ҳудудлар кесимида 44 нафар туман ва шаҳар электр корхоналари раҳбарлари ўз лавозимидан озод этилди.
Вазир ўз нутқида энергия самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни кескин қисқартириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан соҳадаги мавжуд муаммолар танқидий руҳда таҳлил қилинди.
Маълум қилинишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда бўлиб ўтган мазкур йиғилишда тармоқ раҳбарлари, ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналари мутасаддилари ҳам иштирок этган. Унда инспекция органлари томонидан ўтказилган текширувлар натижалари ҳам кўриб чиқилди.
Хусусан, Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилган ўрганишларда қатор жиддий камчиликлар аниқланган. Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳудудларда махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Улар томонидан жами 106 140 та трансформатор пункти текширилиб, 25 668 таси таъмирга муҳтож экани маълум бўлган. Айни пайтда ушбу қурилмаларни тиклаш ва модернизация қилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, юқори юкламада ишлаётган электр тармоқларида эски симларни янгилаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва реконструкция ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ноқонуний уланишлар ва энергия ўғирликларининг олдини олиш чораларини кучайтириш ҳам устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.
Энг кескин қарорлардан бири сифатида электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган ҳудудлардаги раҳбарлар лавозимидан четлатилди. Жумладан, Андижон филиалида 14 нафар, Жиззахда 7 нафар, Самарқандда 10 нафар, Қашқадарёда 4 нафар, шунингдек Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 2 нафардан раҳбарлар ишдан олинган.
Йиғилиш доирасида газ таъминоти тизимидаги камчиликлар ҳам жиддий танқид қилинди. Хусусан, “Ҳудудгаз Хоразм” филиали раҳбарининг ишдан озод этилиши бўйича топшириқ берилгани маълум қилинди.
Бу каби қатъий чоралар соҳада тартиб-интизомни кучайтириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва аҳолини барқарор энергия билан таъминлашга қаратилган. Энди асосий савол — янги тайинланадиган раҳбарлар ушбу ишончни оқлай оладими ёки йўқ? Вақт бу саволга аниқ жавоб беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!