Жамоат жойларида тамаки ва алкоголь учун янги қоидалар

Ўзбекистонда жамоат жойларида соғлом муҳитни таъминлашга қаратилган яна бир муҳим ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тегишли буйруқ лойиҳасига кўра, алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга оид огоҳлантирувчи белгилар, ахборот лавҳалари ҳамда тиббий эслатмаларни жойлаштириш тартиби аниқ белгилаб берилиши режалаштирилган.
Лойиҳада жамоат жойларида тамаки ва алкогол истеъмоли тақиқлангани ҳақида аниқ ва кўзга ташланадиган белгиларни ўрнатиш мажбурий қилиб белгиланмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга қаерда бу каби маҳсулотлардан фойдаланиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида тўлиқ маълумот берувчи лавҳалар ҳам жойлаштирилиши талаб этилади.
Янги тартибга мувофиқ, жамоат жойлари ҳисобланган ҳудудлар, бинолар, иншоотлар, шунингдек жамоат транспортига эгалик қилувчи ёки улардан фойдаланувчи шахслар ва ташкилотлар махсус масъулиятга эга бўлади. Улар белгиланган Низом асосида:
- алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиши;
- махсус ажратилган жойлар ҳақида ахборот берувчи лавҳаларни жойлаштириши;
- ҳамда бундай жойларда тиббий огоҳлантиришларни тайёрлаб, кўринадиган жойларга қўйиши шарт бўлади.
Бундан ташқари, мавжуд норматив ҳужжатлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралда қабул қилинган 75-сонли қарорида чакана савдо нуқталари ва умумий овқатланиш объектларида жойлаштирилиши лозим бўлган белгилар намуналари аллақачон тасдиқланган. Унда тамаки ва никотин маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланганлиги ҳақида огоҳлантирувчи белгилар, шунингдек махсус жойлар ҳақида ахборот берувчи лавҳалар ва тиббий эслатмалар намунаси кўрсатиб ўтилган.
Мутахассислар фикрича, мазкур чора-тадбирлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жамоат жойларидаги саломатлик хавфларини камайтириш ва фуқароларни зарарли одатлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Энди асосий масала — ушбу қоидалар амалда қай даражада ижро этилиши. Чунки қоғоздаги қонун эмас, унинг ҳаётда ишлаши жамиятга ҳақиқий таъсир кўрсатади.