date
views 3 180

Ижара (лизинг)нинг асосий қоидалари

Ижара (лизинг)нинг асосий қоидалари
1. Ижара бу мулкнинг эгаси шу мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини келишилган муддатга, муайян шартлар асосида бошқа бир шахсга беришини кўзда тутувчи битимдир.

2. Ижарага берилаётган мулк фойдаланишга яроқли бўлиши шарт, шу сабабли фойдаланиб бўлмайдиган нарсалар ижарага берилиши мумкин эмас.

3. Ижара шартномаси ҳуқуқий кучга эга бўлиши учун ижарага берилган мулкнинг эгалик ҳуқуқи ижара берувчининг ўзида қолиши, ижара олувчига эса фақат ундан (яъни мулкдан) фойдаланиш ҳуқуқигина ўтиши керак. Шундай қилиб, истеъмол қилмасдан туриб фойдаланиб бўлмайдиган ҳар қандай нарсани ижарага бериб бўлмайди. Шу сабабли пул, озиқ-овқат, ёқилғи ёки ўқ-дори каби нарсалар ижарага берилиши мумкин эмас, чунки уларни истеъмол қилмасдан фойдаланиб бўлмайди.

Агар шу каби истеъмол қилинадиган нарсалар ижарага бериладиган бўлса, у ҳолда бу қарз ҳисобланади ва бунда қарзга нисбатан қўлланиладиган барча қоидалар ишга тушади. Табиийки, бундай ножоиз шартнома доирасида амалга оширилган тўлов, яъни бундай “ижара” учун олинган пул қарз учун фоиз – рибо ҳисобланади.

4. Ижарага берилган мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи ижара берувчига тегишли бўлгани учун, мулкчиликка оид барча мажбуриятлар ижара берувчи зиммасида, шу мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ мажбуриятлар эса ижара олувчи зиммасида бўлади.
Масалан: А ўз уйини Б-га ижарага берган бўлса, мулк солиғини А тўлайди, сув, газ, электр энергияси учун тўловлар ва уйдан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа барча харажатларни эса Б қоплайди.

5. Ижара муддати аниқ (келишилган) бўлиши керак.

6. Ижарага олинган мулк, шартномада кўзда тутилган мақсадлардагина фойдаланилиши мумкин (яъни ижарага олувчи бу мулкдан бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкин эмас). Агар шартномада аниқ мақсад кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда ижарага олувчи одатда бу мулкдан қандай фойдаланилса, шундай фойдаланаверади. Аммо, агар у бу мулкдан қандайдир бошқа (ноодатий) мақсадда фойдаланмоқчи бўлса, у ҳолда бунинг учун ижара берувчининг аниқ равшан рухсатини олиши керак бўлади.

7. Ижара олувчи, нотўғри фойдаланиши ёки бепарволиги туфайли ижарага олинган мулкка етган ҳар қандай зарарни қоплаши шарт.

8. Ижара муддати давомида ижарага берилган мулкка етиши мумкин бўлган барча хатарлар ижара берувчининг зиммасида бўлади, яъни ижарага олувчига боғлиқ бўлмаган омиллар туфайли мулкка етган ҳар қандай зарар ёки талафот ижара берувчи томонидан қопланади.

9. Икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликдаги мулки ижарага берилиши мумкин, бунда ижарадан тушган маблағ барча мулкдорлар ўртасида уларнинг шу мулкдаги улушларига мос равишда тақсимланади.

10. Ижара шаръий жиҳатдан жоиз бўлиши учун ижарага берилаётган мулк аниқ бўлиши ва шартномада аниқ-тиниқ кўрсатилиши / тавсифланиши зарур.

Масалан: А томон Б-га: «Мен сенга иккита дўконимдан бирини ижарага бераман» деди, Б ҳам рози бўлди, аммо шу икки дўкондан қайси бири ижарага берилаётганлиги аниқ кўрсатилмагунча / белгиланмагунча ижара шартномаси шаръий жиҳатдан ҳақиқий ҳисобланмайди.

11. Ижара ҳақи миқдори шартномада аниқ кўрсатилиши ва бутун ижара даври учун белгиланиши керак. Шу билан бирга, ижара муддатининг турли даврлари учун турли ижара ҳақи белгиланиши мумкин. Агар ижара муддатининг бирор бир даври учун ижара ҳақи миқдори белгиланмаган бўлса ёки бу масала ижара берувчининг ихтиёрига қолдирилган бўлса, ижара шартномаси ҳуқуқий кучга эга бўлмайди.

Мисол (1): А ўз уйини Б-га 5 йил муддатга ижарага бермоқчи. Биринчи йил учун ижара ҳақи бир ойга 1.000.000,00 (бир миллион) сўм миқдорида белгиланди ва келгуси йилларда ижара ҳақи аввалги йилгига нисбатан 10%га кўпайиб боришига келишиб олинди. Бундай ижара жоиз;

Мисол (2): А ўз уйини Б-га 5 йил муддатга ижарага бермоқчи. Биринчи йил учун ижара ҳақи бир ойга 1.000.000,00 (бир миллион) сўм миқдорида белгиланди, аммо келгуси йиллар учун ижара ҳақи аниқ кўрсатилмади ва кейинги йиллар учун ижара ҳақини белгилаш ҳуқуқи ижара берувчининг ихтиёрида қолдирилди. Бундай ижара жоиз эмас, чунки ижара ҳақи аниқ белгиланмаган.

12. Ижара берувчи ижара ҳақини бир томонлама ошириши мумкин эмас ва буни кўзда тутувчи ҳар қандай шарт битимни ботил (бекор) қилади.

13. Ижара ҳақи ёки унинг бирон бир қисми олдиндан бўнак сифатида тўланиши мумкин, аммо белгиланган муддатдан аввал ижара берувчи ҳисобига келиб тушган бундай тўловлар “келгусида тўланиши керак бўлган ижара ҳақи” дейилади ва улар ижара берувчи томонидан тўлов муддати келгандан сўнггина ижара ҳақи сифатида қабул қилинади.

14. Ижара муддати ижара олувчи мулкдан фойдаланишни бошлаган ёки бошламаганлигидан қатъий назар, мулк ижара олувчига топширилган кундан бошланади.

15. Агар ижарага берилган мулк ижара мақсадлари учун яроқсиз ҳолга келса ва уни таъмирлашнинг иложи бўлмаса, унда, мулкка бундай талафот етган кундан бошлаб ижара муддати тугаган ҳисобланади. Шу билан бирга, мулкка етган талафот ижара олувчининг айби билан (масалан мулк нотўғри ишлатилганлиги, эътиборсизлик/лоқайдлик в.ҳ.к.з. туфайли) юзага келган бўлса, у ҳолда ижара олувчи кўрилган зарарни тўлиқ қоплаб бериши керак бўлади.

Манба: Islommoliyasi.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ижара (лизинг)нинг асосий қоидалари