15:10 / 25.01.2020
2 221

Шифокорларга тажовузни Президент ҳам қоралади. Энди вазият ўзгарадими?

Шифокорларга тажовузни Президент ҳам қоралади. Энди вазият ўзгарадими?
ОАВда, ижтимоий тармоқларда шифокорларга қилинган тажовузлар ҳақидаги хабарлар, видеолавҳалар мунтазам тарқалиб туради. Вазият шу даражага етганки, ўз касбини бажараётган тиббиёт ходимлари нафақат оғир тан жароҳатлари олмоқда, балки азиз жонлари ҳам хавф остида қолмоқда.

Бу ҳолатлар қуюшқондан чиқиб кетганининг яна бир исботи – бевосита давлат раҳбарининг назарига тушгани бўлди.
24 январь куни президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, шифокорларга нисбатан бўлаётган зўравонлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратди.
«Шифокорларимизнинг жамиятимиздаги ўрни ва мақомини кучайтириш, худди ўқитувчиларники каби тиббиёт ходимларининг ҳам обрўсини кўтаришимиз, уларга муносабатни ўзгартиришимиз керак. Ижтимоий тармоқларда уларга нисбатан бўлаётган зўравонликларни кўриб қоламиз. Бу бизнинг менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган ҳолат, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Шунинг учун шифокорларнинг мақомини, обрўсини оширимиз шарт. Худди ўқитувчиларга қилганимиз каби шифокорларга ҳам муносиб меҳнат шароити яратиш учун амалий ишлар қилишимиз лозим», – деб таъкидлади президент.

Бу муаммога эътибор қаратилишини соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим қадам, деб ҳисобласа бўлади. Сабаби маълум – инсон кимнингдир хизматидан норози бўлиши, ўзининг айни пайтдаги ҳолати, кайфиятсизлиги билан вазиятни хаспўшлаши мумкин. Аммо кимгадир тажовуз қилишга, айниқса вазифасини бажараётган ва диққат эътибори беморда бўлган шифокорга нисбатан самосуд уюштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Яна бир қизиқ жиҳати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига нисбатан деярли тажовузлар бўлмайди, бўлганда ҳам дарҳол ва аёвсиз жазо механизми ишга тушади. Аммо зўравонлар назарида оқ халат кийган тиббиёт ходими оқ байроқ кўтарган ва таслим бўлган асирдай ожиз, уни бемалол камситавериш мумкин.
Рақамлар алдамайди, рақамлар даҳшатли: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, 2017 йилдан ва 2020 йилга қадар 400га яқин ҳолатда (!) беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилган.

Бу зўравонликларнинг аксарият қисми – юртимиздаги шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими ходимларига тўғри келади. 2017 йилдан шу кунгача бу йўналишдаги шифокорларга 314 марта зўровонлик қилиш, уларга тан жарроҳати етказиш, ҳатто уларнинг соғлиғини қайта тиклаб бўлмас даражага келтириш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилган.

Энди бу ҳолатларга қарши кўрилган чораларга эътибор беринг: айбдорларга нисбатан бор йўғи 22 ҳолатда жиноий, 29 ҳолатда маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Қолган ҳолатларда эса яраштирув услуби қўлланган. Мутлақ аксарият ҳолатларда эса шифокорларга тахдид қилган шахсларга нисбатан қонуний жазо кўриш масаласи умуман ҳал этилмаган.

Энг ачинарлиси, амалдаги қонунчиликда хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жарёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил даражада белгиланган. Оқибатда айбдор шахслар айрим ҳолларда қилмишига яраша жазоланмасдан қолиб кетмоқда. Бу эса беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан шифокорларга таҳдид ва зўравонлик ҳолатларини йилдан йилга кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Бу ўринда юқорида шошилинч ва тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан сўнгги уч йил ичида 314 ҳолатда содир этилган қонун бузилишларни йилларга таснифлайдиган бўлсак, бундай ҳолатлар 2017 йилда – 38 марта, 2018 йилда – 75 марта, 2019 йил ва жорий йилнинг январ ойида эса – 204 марта қайд этилган...

Зўровонлар пўписа қилиш билан, туртиш, уриш билан чекланмайдилар. Шифокорлар ёқиб юборилди, кўзларидан айрилдилар, пичоқландилар. Энди бир ўйлаб кўрайлик, шундай муносабат кўрган мутахассиснинг касбига нисбатан муносабати ўз ҳолича қолиши мумкинми, фарзандига шу тақдирни раво кўра оладими? Малакали шифокорларнинг хусусий тиббиётга ўтиб кетишаётгани ёки хорижга равона бўлаётганлари бугунги куннинг гапи эмас-ку.

Аброр Зоҳидов.

Қўшимча қилиш ўринлики, президент парламентга мурожаатида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга ҳам тўхталиб, жумладан шундай деди:

«Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотларимизни ҳам қатъият билан давом эттирамиз. Шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришимиз даркор.

Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 триллион сўм ажратилади. 281 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлашга бюджетдан 1,1 триллион сўм сарфланади. Шунингдек, 17 та ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт муассасасини бошқаришда замонавий менежмент механизмларини жорий этиш зарур.

Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, соғлом рақобатни кучайтириш, биринчи навбатда, ихтисослашган тиббиёт марказларига хорижий инвесторларни жалб этиш чораларини кўриш даркор.

Гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ этишнинг вақти келди. Қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтиришимиз керак.

Ихтисослашган марказлар ва уларнинг филиалларида, шунингдек, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида шу йил электрон тиббий карталарни жорий этиш даркор.

Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу йил мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш ва уларни амалга ошириш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим.

Ушбу тизимни жорий йилда Сирдарё вилоятида тажриба сифатида қўллаш бошланади.
Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш ва дориларнинг реал нархини онлайн тартибида кузатиб бориш тизимини яратиш ҳам долзарб вазифадир
».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шифокорларга тажовузни Президент ҳам қоралади. Энди вазият ўзгарадими?