Бугун миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Сречко Катанец ёрдамчилари Ўзбекистон футбол ассоциациясини судга бериш ниятида экани ҳақида хабар тарқалганди. ЎФА матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Ассоциация маълумотига кўра, ёрдамчи мураббийлар билан тузилган меҳнат шартномаларида “бош мураббийнинг шартномаси бекор қилинса, ёрдамчиларники ҳам автоматик равишда тугайди” деган махсус банд мавжуд бўлган. Шундай қилиб, Сречко Катанец фаолияти якунланганидан кейин ёрдамчилари билан ҳам шартнома автоматик бекор этилган ва бу ҳақда уларга расман хабар қилинган.
ЎФА баёнотида таъкидланишича, “бош мураббийнинг шартномаси икки томон розилиги билан бекор қилинган ва жамоага янги мураббийлар штаби келган. Бу ҳолат ёрдамчи мураббийлар билан шартномаларнинг ҳам якунланишига сабаб бўлди”.
Ассоциация қўшимча қилди, бундай ҳуқуқий тартиб ФИФА ва Спорт Арбитраж суди (CAS) амалиётида нормал ҳолат сифатида қабул қилинади.
“Аввалроқ, ЎФА томонидан шартномаси бекор қилинган мураббийларга ёшлар терма жамоаларида ишлаш учун таклиф берилган, аммо улар бу таклифни қабул қилмаган”, — дейилади расмий изоҳда.
Эслатиб ўтамиз, Катанец ёрдамчилари қарздорликни баҳона қилиб, ФИФА низоларни ҳал этиш палатасига мурожаат қилиш ниятида эканини айтишганди. ЎФА эса ҳозирча ўз позициясида қатъий турибди — барча жараёнлар шартнома асосида амалга оширилган.
Футбол муҳокамаларида бу воқеа кенг баҳсларга сабаб бўлди. Айримлар мураббийлар ҳуқуқини ҳимоя қилмоқда, бошқалар эса ЎФАнинг ҳуқуқий позициясини қўллаб-қувватламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!