“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўзининг жамоадаги фаолияти, шунингдек, “Барселона” ва “Бавария”даги иш тажрибаси ҳақида фикр билдирди. Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирги клубда у ўзини бошқа жамоалардагидан кўра эркин ва ишончли ҳис қилмоқда.
“Биз охирги бир йил ичида жуда кўп нарсани ўзгартирдик. Лекин штаб ҳам, футболчилар ҳам бир мақсадга — ғалабага интилиб яшаяпти. Улар кўзидан иштиёқ ва ҳаракатни кўраман. “Барселона” ёки “Бавария”да бирор муаммо бўлса, мени ишдан бўшатишлари мумкинлигини ҳис қилардим. “Манчестер Сити”да эса бу ҳолат йўқ”, — деди Гвардиола матбуот анжуманида.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, у ҳозирги пайтда ҳам ўзини янги ғоялар билан тўлган, руҳан кучли ва жамоаси билан биргаликда янада юқори натижаларга эришишга қодир деб ҳисоблайди. “Биз ўтган мавсумдан яхшироқ ўйнаяпмиз, ҳар бир беллашувда ривожланишни ҳис қиляпман. Бу менга қувват беради, чунки бу ердаги ишим ҳали тугагани йўқ. Шунинг учун ҳам ҳали “Сити”даман”, — дея қўшимча қилди у.
Гвардиола сўзларига кўра, унинг асосий мақсади — жамоанинг барқарор ўйинини сақлаш ва янги чемпионликлар учун замин яратиш. “Менда ва футболчиларимда куч бор. Биз янги мавсумни илгаригисидан ҳам яхшироқ ўтказишга ишонамиз”, — деди у.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” Англия премьер-лигасининг жорий мавсумида 7-турдан сўнг 13 очко тўплаб, жадвалнинг 5-поғонасида жойлашган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!