21:09 / 02.04.2020
2 338

Транспорт ҳаракати чекланиши Тошкентда ҳаво ифлосланишини сезиларли даражада камайтиради

Транспорт ҳаракати чекланиши Тошкентда ҳаво ифлосланишини сезиларли даражада камайтиради
Ўзбекистонда 30 мартдан 20 апрелга қадар автомобиллар қатновига қўйилган чеклов натижасида Тошкент шаҳри атмосферасига ташланиши олди олинадиган зарарли газлар миқдори ҳисоблаб чиқилди. Унга кўра, карантин даврида Тошкент шаҳрининг ўзида атмосферага 32,5 минг тоннадан ортиқ зарарли газлар ташланишининг олди олинади.

Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси телеграм каналида ёзилишича, фуқаролар карантин даврида уйда қолаётгани шахсий автотранспорт воситаларидан чиқадиган ташланмаларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келади.

«2020 йил январь ойи ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида умумий 460 мингдан ортиқ транспорт воситалари рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 396 минги ёки 86 фоизи хусусий секторлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу транспортлардан бир йилда ўртача 400 минг тонна ташланмалар атмосфера ҳавосига ташланади.

Жорий этилган карантин даврида 10 минг яқин транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилиб, қолган 450 мингга яқини ҳаракати вақтинчалик тўхталиши натижасида табиий равишда бир ойнинг ўзида атмосферага 32,5 минг тоннадан ортиқ зарарли газлар ташланишининг олди олинади.

Бу билан, фуқароларимиз карантин даврида нафақат ўз соғлиқларига эътиборсиз бўлишмайди, балки атроф муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳам ўз ҳиссаларини қўшган бўлишади», дейилади хабарда.

Бошқарма сўнгги соатларга қадар аҳолидан махсус рухсатнома олиш бўйича қилинган мурожаатлар бўйича рақамларни ҳам келтирган. Маълум қилинишича, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига 98 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган.

Белгиланган талабларга жавоб бериш ёки бермаслигига қараб 6265 талабгорга ижобий, 6324 нафарига рад хулосалари берилган.
Тошкент шаҳри Давлат хизматлари марказларига эса бевосита 20 мингдан ортиқ фуқаролар ташрифи кузатилган.

«Вақтинчалик ҳукмрон бўлиб турган синовли даврларда автотранспорт воситаларидан фойдаланишни вақтинчалик чеклаб, унинг ўрнига зарурат бўлгандагина велосипедда ёки пиёда ҳаракатланадиган бўлсак, нафақат ўрнатилган қоидаларга амал қилган, балки ўз соғлиғимиз ҳамда келажагимиз давомчилари бўлган ёш авлод соғлиғи ҳақида ҳам қайғурган бўламиз», дейилади хабар якунида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Транспорт ҳаракати чекланиши Тошкентда ҳаво ифлосланишини сезиларли даражада камайтиради