09:54 / 14.04.2020
2 825

Таниқли шифокор: «Ҳукуматлар ўзининг асосий вазифаси – фуқароларни ҳимоя қилишни уддалай олмади»

Таниқли шифокор: «Ҳукуматлар ўзининг асосий вазифаси – фуқароларни ҳимоя қилишни уддалай олмади»
Фото: Lintao Zhang / Getty Images
Ҳозирги коронавирус пандемияси - сиёсатчиларнинг олимлар фикрига қулоқ солмаслиги натижаси ва асосий вазифасини уддалай олмаган ҳукуматларнинг муваффақиятсизлиги. Энг нуфузли тиббий журнал - Lancet бош муҳаррири, шифокор Ричард Ҳортоннинг Guardian саҳифаларида тушунтиришича, сўнгги ўттиз йил давомида мутахассислар янги инфекцияларга тайёргарлик кўриш зарурлигини бир неча бор таъкидлашган, аммо уларнинг маслаҳатлари эътибордан четда қолиб келди.

Масалан, 1994 йилда нашр этилган Лори Гарретнинг «Келаётган вабо» китобида замонавий турмуш тарзи хавфли вируслар ва бактерияларнинг тарқалиши учун идеал эканлиги ҳақида огоҳлантирилган. 10 йил ўтгач, АҚШ Тиббиёт институти мутахассислари 2003 йил Хитойда SARS эпидемиясининг тажрибаси кўрсатганидек, дунё атипик зотилжам тарқалишига тайёр эмаслиги тўғрисида маълум қилишди. «Агар SARS такрорланса, дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимлари ҳаддан ташқари катта босим остида қолади», - дея 16 йил олдин огоҳлантирганди вирусологлар.

Хавотирли сигналлар нафақат олимлар, балки табиатнинг ўзидан келган. Бир неча ўн йиллар давомида инсоният Нипаҳ вирусидан тортиб атипик зотилжам ва Яқин Шарқ нафас олиш синдромига қадар ўта хавфли янги касалликларнинг қисқа муддатли тарқалишига дуч келди. Сўнгги мисол - Африка қитъасида Эбола безгаги эпидемияси.

«Ҳукуматнинг биринчи галдаги вазифаси ўз фуқароларини ҳимоя қилишдир. Пандемия хавфини ўлчаш ва миқдорини аниқлаш мумкин. Янги эпидемиянинг хавф-хатарлари 1980-йилларда ОИВ пайдо бўлганидан бери маълум бўлган. Ўшандан бери 75 миллион киши бу касалликка чалинди ва 32 миллион киши вафот этди. ОИВ бутун дунёни Sars-CoV-2 каби суръатларда қамраб олмади, аммо у ҳукуматларга янги вирус тарқалишига тайёргарлик кўриш кераклиги тўғрисида огоҳлантирув бўлиши керак эди», - дейди Ричард Ҳортон.

Нега инсоният, шу жумладан, сиёсатчилар пандемия таҳдидига эътибор бермаганини тушуниш осон. Ҳозир яшаётган одамларнинг аксарияти ҳеч қачон бундай нарсаларни бошдан кечирмаган, яъни, хавфлар тўғри баҳолай олинмаган. Натижада, Ғарб мамлакатларида Хитойда янги коронавирус пайдо бўлгани ҳақидаги хабар узоқ вақт аҳамиятсиз деб топилди, SARC-CoV-2’нинг ўзи эса гриппдан хавфли эмас деб кўрилди.

Хавфларни нотўғри баҳолаш соғлиқни сақлаш тизимларига пандемияга тайёрланишга имкон бермади. Шунинг учун интенсив терапия аппаратлари ва шифокорлар учун шахсий ҳимоя воситаларининг етишмаслиги кузатилмоқда.

Бундан ташқари, COVID-19 пандемияси инсон томонидан қурилган жамиятлар жуда мўрт эканлигини, уларнинг табиатга нисбатан кучи анча заиф эканлигини кўрсатди. Ҳортоннинг умид қилишича, бу атроф-муҳит ҳақидаги қарашларни ўзгартиради ва келгуси эпидемияга тайёрланишга имкон беради.

Ҳозирда олимлар коронавирус устидан ғалаба қозониш учун вакцина ишлаб чиқилгунга қадар карантин чоралари сақланиши кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Акс ҳолда, коронавирус эпидемияси аста-секин пасайиб бораётган мамлакатлар касалликнинг иккинчи, янада даҳшатли тарқалишига тўқнаш келиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Таниқли шифокор: «Ҳукуматлар ўзининг асосий вазифаси – фуқароларни ҳимоя қилишни уддалай олмади»