date
views 6 468

Маддоҳлик психологияси

Маддоҳлик психологияси
Менга МАДДОҲЛИК ҳақида турли хил саволлар келиб туради. Келинг, бугунги мақоламни шулар асосида тузсам. Наинки, ТВ да маддоҳлик шу қадар авж олдики, бунинг энг илғорлари минг афсуски – таниқли ёзувчилар, шоирлар, олимлар, санъаткорлар! Улар маддоҳлик дарёсига бўй-басти билан шўнғиди. Уларни эшитиб ёқангни ушлайсан киши. Уларнинг аксарияти ҳатто собиқ шўролар даврида юксак лавозимларга кўтарилган, Ислом Каримов даврида орден-медаллар олишган, катта лавозимларга эга бўлишган, тириклигида уни кўкларга кўтариб мақташгани ҳали-ҳануз эсимизда. Эндичи?!

Келинг маддоҳлик психологиясини секин-аста нейропсихологик нуқтаи назардан ёритишга ҳаракат қиламан. Зора бу мақоламдан маддоҳлар ўзига хулоса чиқариб олишса. Мақоламни авваллари ва ҳозирда менга берилаётган саволлар асосида тузаман. Демак, карантин сабаб, ўзим савол берувчи журналист ва ўзим жавоб берувчи мутахассис.

Савол: Маддоҳлик ўзи нима?
Жавоб: Ўз манфаатларини кўзлаб, ўзидан катта лавозимда ишлайдиган инсонни кўкка кўтариб мақташга маддоҳлик дейилади.

Савол: Мақтов билан маддоҳлик орасида не фарқ бор?
Жавоб: Мақтов тагида манфаат йўқ. Мақтов кўз-кўз қилинмайди. Маддоҳлик эса кўз-кўз қилинади. Оддий қилиб айтганда, маддоҳлик – бу манфаат кўзлаб қилинган мақтов. Маддоҳлик мақтовда ишлатиладиган сўз ва иборалардан иборат. Шу боис ҳам маддоҳни танқид қилсанг, у “Нима қипти мақтасам, ахир мақтаяпман-ку” деб ўзини ҳимоя қилади. Шу боис ҳам маддоҳларни далил билан ушлаш қийин. Маддоҳликка жазо ҳам йўқ, аксинча уларни ҳам доим унвон, орден ва лавозимлар кутиб туради. Маддоҳлар буни яхши тушунади.

Савол: Ахир мақтов ҳам керак-ку?! Мақтовсиз ҳаёт – ҳаётми?! Мақтов жамият ривожланишига туртки бўлмайдими?
Жавоб: Тўғри! Мақтов керак! Бироқ пастдаги ходим тепани эмас, аксинча, тепадаги ходим пастдагисини мақташи керак. Ана шунда ривожланиш бўлади. Агар юқори лавозимдаги одам, ўз ходимини барча ходимлар орасида мақтаса – бу мақтов ва маънавий рағбат! Агар жамоа олдида қайсидир ходим раҳбарни мақтаса – бу Маддоҳлик! Бундай ташкилот қолоқ бўлиб бораверади ва охир-оқибат таназзулга юз тутади. Чунки малакали ва тили аччиқ ходим четда қолиб, маддоҳ ходим лавозимда кўтарилади. Раҳбарни мақташ мумкин. Фақат туғилган кунида. Демак, бир йилда бир маротаба! Ҳамманинг олдида 3 маротаба такрорланган мақтовдан кейин ўша ходим Лаганбардор лақабини олади. Одамлар психологияси шундай тузилганки, ҳамма маддоҳ ва лаганбардорни ёмон кўради. Яхшиям шундай.

Савол: Маддоҳликнинг турлари борми?
Жавоб: Маддоҳлик турлари ҳақида мен ўқимаганман. Бироқ нейропсихолог сифатида маддоҳликни 3 даражага ажратган бўлур эдим: 1). Олий даражадаги маддоҳлик – Президентни мадҳ қилиш; 2) Ўрта даражадаги маддоҳлик – Вазир, Ҳоким ва Ректорни мақташ; 3) Қуйи даражадаги маддоҳлик – ўзи ишлайдиган корхона раҳбарини мақташ.

Савол: Маддоҳликнинг қай бири Давлат ва жамият учун хавфли?
Жавоб: Ҳаммаси хавфли? Қуйи даражадаги маддоҳлик корхона ривожланишига тўсқинлик қилади. Республикада минглаб турли хил корхоналар мавжуд. Кўз олдингизга келтиринг, ҳар бир корхонада битта маддоҳ бўлса, уларнинг сони мингдан ошади. Айнан ўша маддоҳлар нафақат корхона раҳбарининг бошига, балки ўсиб-улғайиб келаётган ёш мутахассислар бошига ҳам етади. Маддоҳ лаганбардор, ёлғончи ва ғийбатчи бўлади, улар, одатда, яхши касб эгаси бўлишмайди. Ана энди кўз олдингизга келтиринг. Қуйи бўғинда, яъни корхоналарда ишлайдиган маддоҳлар Республика ривожига қандай зарба беради, яхши кадрларни тепага сузиб чиқишига йўл бермайди, керак бўлса, уларни йўқ қилади. Маддоҳ учига чиққан порахўр ҳам бўлади.

Битта мисол келтираман: Бундан 5 йиллар олдин Матиз таксига ўтирдим. Таксичи 30 ёшлар атрофида ёш йигит эди. Камгап йигит экан. Шифокорлар шаҳарчасига бормоқчи эдим. Юридик институт ёнидан ўтаётганда, бошини ўша томонга буриб чуқур хўрсиниб қўйди. Мен унга: “Шу ерда ўқиганмисиз” дедим. У бошини ирғаб “Ҳа” деди. Мен унга: “Йиқилганмисиз” дедим. У “Йўқ” деди. Бошқа ҳеч нарса демади. Мен манзилда тушиб қолдим. Орадан бир ҳафталар ўтиб яна таксига ўтирдим. Тақдирни тақазосини қаранг-ки, ўша йигитни отаси бўлиб чиқди. У жуда гапга чечан экан. Унинг ўғли мактабни фақат аъло баҳолар билан тугатган, ўша юридик институтни ва унинг магистратурасини ҳам фақат аъло баҳолар билан тамомлаган ва прокуратурага ишга кирган экан.

Ўғли Агата Кристи асарларини тинимсиз мутолаа қиларкан, унинг асосида ишланган бадиий фильмларни шайдоси экан. Унинг орзуси машҳур прокурор бўлиш экан. Бироқ ишга келгач лаганбардорлик, маддоҳлик ва порахўрликларни кўриб ишдан кетган. Отасининг гапига қараганда: Эндигина ишга келган ёш ходимни эски ходимлар компьютер олдига ўтқазиб қўйиб: “Мана бу ишни бундай қилиб ёз, мана санга 100 доллар, анави ишни ёпди-ёпди қилиш керак, агар битса, санга 300 доллар ва ҳ.к”. Ҳалол оилада ва изқуварлар ҳақидаги фильмларни кўриб катта бўлган, виждонли ва ўта ҳалол йигит катталар тап тортмай қилаётган ушбу мудҳиш ишлар ёш ходимга катта руҳий зарба беради.

У мен бундай ишлар қилмайман, керак эмас, бошқа одамга топширинг деган кунидан бошлаб, эски ходимлар ҳатто унинг саломига алик олмайдиган бўлишади. У ишхонада яккаланиб қолади. Охир-оқибат ишдан кетади. Шунча йиллик ўқиш нима бўлди, болангизнинг орзулари нима бўлди, деб сўрадим. Мен ҳам, онаси ҳам унга ёлвордик, балким ўша бўлим шунақадир, деса ҳам ўғли рози бўлмапти. Прокуратура тизимидан бутунлай кетаман, депти. Албатта, прокуратурада ҳалол ва пок инсонлар бўлса, керак. Бироқ боламга улар билан ишлаш насиб қилмади. Ҳали айтганимдек, ҳозир таксичилик қилиб юрибди. Ўшандан кейин болам депрессияга тушиб қолди, сира гапирмайди, ҳаётга қизиқиши ҳам сўнди, дейди.

Савол: Олий таълимдаги маддоҳлик ҳам ёмон оқибатларга олиб келадими?
Жавоб:
Албатта олиб келади. Олий таълимда 30 йилдан буён ишлайман. Маддоҳликнинг кулгили манзараларини кўп кўрдим. Олий таълимдаги маддоҳлик сал бошқачароқ тусда намоён бўлади. Унда Ректор шахсига ҳамду-санолар ўқилмайди, балки унинг қилган ишлари мақталади, масалан унинг нутқи, чиқишлари, қабул қилган қарорлари ва ҳ.к. Олий таълим даргоҳларида ҳар ойда бир маротаба Катта Илмий кенгаш ўтказилади. Дейлик, Ректор институт ривожланиши билан боғлиқ нутқ сўзлади. Бу нутқнинг тўғри жойлари ҳам бор, нотўғри жойлари ҳам. Одатда, нотўғри жойи ҳақида индашмайди ва иложи борича унинг камчилигини яшириб, мақташга ўтиб кетишади.

Шу йўл билан Ректорга ёқишга ҳаракат қилишади. Мана бир мисол. Илмий Кенгаш пайтида бир кафедра мудири ректорни нутқини роса мақтади. Илмий кенгаш тугаб ҳамма тарқалишди. Биз у билан ташқарида учрашиб қолдик. Мен унга “Аслида бу докладнинг мана буниси, мана буниси нотўғри эди-ку, шуларни ҳам гапирсанг бўларди-ку”, дедим. “Биламан, дўстим, биламан, бу билан бирор нарса ўзгариб қолармиди” деб жавоб қайтарди. Бундай профессорлар, албатта, Олий таълим ривожи учун хавфлидир. Маддоҳ – бу ерга кўмилган мина! Вақти келиб бу мина албатта портлайди, бироқ маддоҳ ўлмайди, бошқалар ўлади, образли қилиб айтганда кўп малакали кадрлар ўлади. Маддоҳлик авж олган институтда Ректор қилаётган камчиликларни кўрсатган профессор ўша куниёқ нафақат бегона шахс, балки душманга айланиб қолади.

Савол: Олий даражадаги маддоҳлик Давлатни чуқур жарлик ёқасига олиб келиб қўядими?
Жавоб:
Албатта олиб келиб қўяди. Ҳатто ўша жарликка итариб юборади. 2016 йил ноябр-декабр ойлариданоқ кўп ислоҳотларни бошлаб юборган Президент, 2017 йили Буюк Маддоҳларни уйғотиб юборди. Аввалги Президентни мақтаган шоирлар, ёзувчилар, олимлар энди Шавкат Миромонович Мирзиёевни мақташга бел боғлашди. Буни сезган Президент “Мени мақташни бас қилинглар, ҳали қиладиган ишларимиз кўп, одамлар мендан рози бўлса бўлгани, шунинг ўзи менинг учун катта шараф” деди. Бу сўзларни у турли кўринишларда айтди. Бироқ Давлат раҳбарининг бу гаплари Буюк Маддоҳларга кор қилмади (чунки маддоҳга қонуний жазо йўқ) ва ҳали ислоҳотлар тугамасдан туриб, Президентимизга Нобель мукофоти бериш керак деган талаблар пайдо бўлди.

Савол: Президентни асосан кимлар мақтайди ва нега мақтайди?
Жавоб:
Паст лавозимдаги – юксак лавозимга чиқиш учун, юксак лавозимдаги – лавозимини сақлаб қолиш ва орден-медаллар олиш учун, барча унвону-лавозимларни эгаллаб ёши бир жойга бориб қолган, яъни бир оёғи ерда-ю, бир оёғи гўрдаги “Буюклар” ўлганидан кейин хиёбонда унга ҳайкал қўйишлари учун буюк маддоҳликка қўл уришади. Яхшиям Президент бундай маддоҳларга эътибор қилмаяпти. Демак, аввалги маддоҳларни бир юмалаб янги маддоҳга айланганини у жуда яхши билади.

Савол: Президент нега уларни ҳайдамаяпти?
Жавоб:
Бунисини мен билмадим. Масалан, Президентнинг ўзи хориждан олиб келган ғарбча фикрлайдиган (Юксалиш ҳаракатини эсланг) юртдошларимизга кун беришмади. Бу ҳаракат йўқ бўлиб қолди. Улар Ўзбекистон иқтисодини кўтариши мумкин эди. Олий Ҳукуматдагиларга бундай янгича фикрлайдиганлар керак эмас.

Савол: Ҳозирги кунда Олий маддоҳлик авж олди. Тўғрими!
Жавоб:
Жудаям авж олди. ТВ каналларида Президентни мақташ жуда авж олди. Ўша маддоҳлар мени Президент албатта эшитади ва бу мақтовларни эътиборга олади, деб ўйлашади. Яқинда Асадбек роли билан ҳар бир ўзбекни қалбини мадҳ этган ҳақиқатан ҳам буюк санъаткоримиз Ёдгор Саъдиев 40 дақиқалик кўрсатувда тинимсиз Президентни мадҳ қилди. Нега?! Мен шунисини тушунмадим. Микело Плачидо италияликлар қалбини қандай мадҳ этган бўлса, Ёдгор Саъдиев ҳам ўзбекистонликлар қалбини шундай забт этган.
Демак, Ёдгор Саъдиев аллақачон Ўзбекистон Қаҳрамонига айланиб бўлган, бундай унвонни расман олишга не ҳожат?! Мендан хафа бўлмасинлар, чунки дўст ачитиб гапиради. Ахир ТВ ни эшитиб бўлган одам, қўлига смартфонини олиб “Би-би-си”, “Озодлик” радиоси, Yuotube'га қўйилаётган маълумотлар орқали ҳақиқатни барибир эшитиб олади-ку! Унда обрўйингиз нима бўлади? Халқ назаридан тушасиз-ку, ахир!

Савол: Маддоҳлик нега кайфиятни кўтаради? Мияда қайсидир гормонга таъсир қиладими, маддоҳлик?
Жавоб:
Ҳа! Афсуски шундай! Чиройли мақтов эшитган одамнинг миясида серотонин гормони кўп ишлаб чиқарилади. Серотонин – бу юқори кайфият гормони. Масалан, бош миянинг онгли қисмида 14 млрд ҳужайра бўлса, деярли 10 млрд. ҳужайра мақтовдан роҳатланади ва серотонинга ўрганиб қолади. Энди фараз қилинг! Ўша одамни ҳар куни мақтайверишса нима бўлади? Жавоб: Ҳар куни серотонин гормони ишлаб чиқарилаверади. Алал-оқибат тинимсиз мақтов эшитаётган инсон мияси ва бутун организм серотонинга ўрганиб қолади. Ҳар куни серотонин гормонига ўрганиб қолган мия, яна ва яна уни талаб қилаверади, агар серотонин тушмаса, у безовталанади.

Савол: Танқид – ривожланиш меваси дейишади. Бироқ танқид кайфиятни ҳам туширадику? Одам танқид қилинса, организмда қайси гормон ишлаб чиқарилади?
Жавоб:
Адреналин ишлаб чиқарилади ва ўша одамнинг кайфияти тушади. Бироқ шуниси ҳам борки, агар танқид ўринли бўлса, танқид эшитган одам дарров ўзини ўнглаб олади, камчиликларини тўғрилайди ва у янада ривожланиб халқ назарига тушади. Танқидларга бардошли ва ўзи ҳам камчиликларни беаёв танқид қиладиган одам барибир обрўга эришади. Унга орден-медаллар керак эмас, одамлар уни яхши кўрса бўлгани. Албатта, раҳбарлар уларни ёмон кўради, бироқ ичидан ҳаваси келади.

Савол: Демократия ва маддоҳлик! Бу қандай тандем?
Жавоб:
Бундай тандем йўқ! Маддоҳлик – демократия душмани! Демократик жамиятда ҳар беш йилда сайланадиган Президентга атаб шеърлар ёзилмайди, қўшиқлар куйланмайди. Маддоҳ – Халқ Душмани! Маддоҳ Президент Душмани! Маддоҳлар – Демократик жамият душмани. Мана ким улар – маддоҳлар?! Билиб қўйинг.

Барчага ҳурмат билан
профессор Зарифбой Ибодуллаев,
22 апрел 2020 йил
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маддоҳлик психологияси
-->