
Юзада – кўзга кўриниб турган ва ичкарида – кўздан панада ётган муаммоларимиз бор:
Камолондаги каби ёдгорликларнинг қурилиши, шу пайтгача сақланиб келиниши, боз устига, қайта таъмирланиши – юзадаги, кўзга кўриниб турган муаммо...
Мингтепага ўхшаган ўнлаб, балки юзлаб қадимий жой номларининг ҳалигача ажнабийча “Марҳамат” бўлиб туриши – юзадаги муаммо...
Ўз тилимизни замонавий дунёда кераксиз даражага тушириб, инглиз, рус, хитой каби тилларга ўзимизни ураётганимиз ва шу тарзда ўзлигимиздан тобора узоқ тушаётганимиз – юзадаги муаммо...
Кўча-кўйдаги ёзувларнинг асосий қисми чет тилларда эканлиги ва бу бизнинг оримизни келтирмаслиги – юзадаги муаммо...
Ўнта ўзбек гаплашиб турганда, ташқаридан битта рус келиб даврага қўшилса, ўнта ўзбекнинг битта руснинг тилида сўзлаша бошлаши – юзадаги муаммо...
Болаларимизни рус ёки инглиз тилидаги мактабларга замона зайлига бўйсинган кўйи ўқишга бераётганимиз ҳамда бунинг даҳшатли оқибатларини ўйлай олмай қолганимиз – юзадаги муаммо...
Кўпгина соҳаларнинг ўз фидойилари, истеъдодлари қолиб, тасодифий, олчоқ, маддоҳ, ўзидан бир поғона юқори мансабдаги шахсга (соҳага эмас!) ерга қадар эгилиб хизмат қилувчи қулсифат одамчаларнинг раҳбар лавозимларига ўтириб олиши – юзадаги муаммо...
Ўйимизнинг узунлиги – қўлимизнинг калталигидан. Қўлимизнинг калталиги эса – юзадаги муаммо...
Бу ва бу каби яна юзлаб муаммолар борки, улар ичкаридаги дарднинг юзага тепиб чиққан иситмалари, холос...
Хўш, ичкаридаги дарднинг оти нима?..
Қолоқлик!..
Савиясизлик!..
Натижада биз куни ўтаётганига шукур қиладиган оломонга айландик.
Қолоқ ҳамда савиясиз бўлганимиз боис, ўзимиз билиб-билмай ривожланиш босқичида биздан олдинроқда бораётган миллатларга тақлид қиламиз: тилига, турмуш тарзига, юриш-туришига... барча-барчасига!.. Ўзимиз ривожланмас эканмиз, бу тақлид давом этаверади. Токи илғор миллатларга сингиб, ассимиляция бўлиб кетмагунча давом этади бу аламли ҳол....
Хўш, қолоқлик қандай келган эди?
Қарийб 500 йил бурун жаҳон денгиз йўлларининг очилиши билан “Буюк ипак йўли”нинг тугатилиши натижасида Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи дунёдан узилиб қолиши бизни қолоқлик ботқоғига отган илк, бош сабабдир... Кейин бошқа сабаблар ҳам қўшилди. Аммо боши ўша эди.
Натижада биз Румий, кейинчалик Абдулла Орипов таърифини қойиллатиб келтирган кўлмакдаги тилла балиқчага айландик. Ҳали-ҳануз тилла балиқчамиз! Аслида, “пилла балиқча”миз. “Тилла балиқчалик” бизга анча қимматлик қилади. Унда ҳовузда сузиш имкони мавжуд. Бизда ҳаракатланиш доираси янада тор – у пилла ичига тенг. Ўз қобиғи – пилласини ёриб чиқолмай, ичкарида қолиб кетган шўрлик қуртмиз биз ҳозир.
Марказий Осиёдаги Иккинчи Уйғониш вақти 14-15 асрларга тўғри келади. Ундан кейин нима бўлди? Чўкиш, чўкиш ва яна чўкиш... Мовароуннаҳрда Темур империяси ўрнида секин-аста учта хонлик пайдо бўлди. Биз қолоқлигимизда кўпинча фақат хонликларни, хонларни айблаймиз. Қайсидир маънода ҳақлимиз. Лекин ҳамма маънода эмас. Зеро, катта дунёдан узилган маконда катта ўзгаришлар қилиш амримаҳолдир. Агар дунё билан “Буюк ипак йўли” вақтидагидек тиғиз алоқа давом этганида, назаримиздаги “каллаварам” хонларнинг ҳеч қурса биттаси ўз юртини ривожланиш босқичига олиб чиққан бўлар эди.
Биз ҳозир ҳам катта маънода дунёдан узилган ҳолдамиз. Тўғри, йўллар очилди. Имконинг бўлса, билет олу истаган томонингга уч, дейилмоқда. Лекин аҳолининг қанча фоизи учиш имконига эга?.. Учаётганлар қаерга, нима мақсадда учяпти?.. Самараси қандай бўляпти?... Бу саволларнинг жавобини бирма-бир таҳлил қилсак, таскин бергулик эмас. Бу учишлар бизнинг ривожланиш босқичига олиб чиқиш учун ҳозирча етарли эмас. Жисман ўлмай туришга кифоядир, балки...
Натижада биз сўнгги 500 йил мобайнида қандай қолоқ бўлган эсак, ҳозир ҳам деярли ўшандай қолоқмиз. Қолоқлик инерцияси давом этмоқда! Қолоқ инсоннинг, қолоқ элнинг савияси тўпиққаям чиқмайди. Тўпиққаям чиқмайдиган савия (бу ерда умумий савия ҳақида сўз бормоқда. Алоҳида камсонли инсонлар савияси турлича бўлиши мумкин. Лекин у ҳозирча об-ҳавони белгиламаяпти) билан ҳолимиз яна ушмундоқ бўлаверади.
Дунёнинг етакчи кучлари турли ўйинлар ўйнаганда, биз уларнинг кўзларига тик қараб: “Бор, ўйнамайман!” деёлмаймиз...
Босқинчилар ўз аскарларига бағишлаб, Ватанимизнинг қоқ марказида ёдгорлик ўрнатганда, болаларимизни етаклаб обориб, уни тамоша қилишгагина яраймиз... Ота-боболаримиздан қолган шаҳару қишлоқлар номини ўзгартиришса ҳам, яна нима дейишни билмай ўхшовсиз илжаямиз...
Қоракўз ўғил-қизларимизнинг ўнтасидан биттасига аранг туркона от қўямиз: қолган бари ё арабча ёки форсча ва ёхуд яна аллакимча бўлади...
Ўз Ватанида ўзга тилда гапиргани учун ошиғи олчи бўлаётган юртдошларимизга гоҳ ҳавас билан, гоҳ ҳасад билан боқиб тураверамиз. “Нега ўз юртида ўз она тилида гапирганнинг моддий-маънавий статуси анча фоизга паст, нега баравар эмас?”, дея масалани кўндаланг қўймаймиз, қўёлмаймиз...
Бир пайтлар дунёни тўйдирганимиз эсимиздан чиқиб, энди ўзимиз ўзга юртларга бир парча нон қайғусида сочилиб кетаётганимиз – эр йигитларимиз мардикор, гулқизларимиз чўри бўлаётганини билганимиз ҳолда, яна “мусаффо осмон”дан оламга жар соламиз...
Ва яна бошқа кўплаб шу каби нохуш манзаралар...
Булар ҳақида ўйлаганингда ихтиёрсиз равишда ўзингга ўзинг оғриқли саволлар бера бошлайсан: менинг айбим нима? Туғилганимми айбим? Туркий бўлиб, ўзбек бўлиб дунёга келганимми? Бобомнинг юртида туғилиб, бобомнинг тилида сўзлаб, унинг тутумини тутганимми?...
Атроф жим-жит...
Кўнглинг тўлиб кетади...
Майли, астойдил ўтириб олиб, тўйиб-тўйиб йиғларсан ҳам. Лекин кўнгилни тўкиб бўлгач, устингни қоқиб, ўрнингдан тураркан, энди бундай яшаб бўлмаслигини, нимадир қилишинг шартлигини тушуниб етасан. Ўша нимадир – қолоқлик пилласини ечиб-итқитиб, дунёга чиқиш, чиққанда ҳам ўзлигингни, тилингни, орингни бой бермасдан чиқиш бўлади. Ҳа, ривожланишдан бошқа барча йўллар биз каби миллатларни жарликка олиб бориши бугун кундек равшан бўлиб қолди.
Демак, ўзликни – тилингни, динингни, қадриятларингни... марказга қўйган ҳолда, олдинга интилиш, бунинг учун эса, интернет тилини, илғор миллатлар, илму фан, сиёсат, тижорат, дипломатия тилини ва шунга ўхшаш юртни энг кучли, энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқадиган барча тилларни сувдек қилиб ичиб юборишгина бугун бизни ҳалокатдан қутқариб қолиши мумкин. Бунинг учун эса бизга аввало фақат бир нарса – тўғри бошқарув керак! – дейсан ишонч билан.
Демак, қобиқларни ёриб, кенг дунёга, уммонларга очилиш вақти аллақачон келган.
Демак, ҳаммаси ҳалиям ўзимизга боғлиқ!
Ҳозирча боғлиқ... Зеро, имконлар чексиз берилмайди...
Улуғбек ҲАМДАМ,
ёзувчи
ёзувчи
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар