10:53 / 27.06.2020
2 031

Комил Алламжонов: «Ўчакишиб, матбуотни бўғиш билан раҳбарлар журналистларни ўзларига душман қилиб қўяди»

Комил Алламжонов: «Ўчакишиб, матбуотни бўғиш билан раҳбарлар журналистларни ўзларига душман қилиб қўяди»
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов UzReport телеканалига берган интервьюси давомида нега танқидга учраган раҳбарлар ҳадеганда ишдан олинмаслигини тушунтириб берди.

«Сўз эркинлиги одамларнинг дунёқарашини ўзгартиради, ҳеч бўлмаганда одамларнинг ичидаги ҳовурини чиқариб юбориши учун ҳам муҳим, дейишади.

Лекин биз шундай шароитдамизки, имкониятларимиз йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг барчасини ечишга изн бермайди. Ҳозир имкониятларимиз ҳаминқадар бўла туриб, ҳаммага «эркин гапираверинг, муаммоларни кўтараверинг», демоқдамиз. Матбуот эса баралла ишлаяпти.

Бу ҳолда биз жуда хоҳласак ҳам бу муаммоларни еча олмаймиз. Бундай ҳолатда қандай йўл тутмоқлик тўғри бўлади, деб ўйлайсиз? Матбуот этикага риоя қилмасдан, ўз тартиби, маданияти, қадриятларига эга бўлмасдан, тинмай ёзаверса…

Ҳозир жуда нозик даврга кириб келяпмиз: агар биз қадриятларимизни тўғри белгилаб олмас эканмиз, маданият ва этикамизни шакллантирмас эканмиз, ўртадаги мувозанатни топмасдан, ҳар бир блогер ва журналист ватанпарвар бўлиб, вазиятга тўғри баҳо бермасдан фаолият юритса, бу ҳовурни чиқариш эмас, қайиқни чайқатиш бўлади.

Давлатнинг имкониятлари қанақа эканлигини, айрим муаммоларни ҳал қилиш учун маълум бир вақт кераклигини тўлиқ тушуниб етмаган омма талаб ва танқид қилаверса, ҳукумат, давлат обрўсизланиб қолмайдими?

Бугунги Ўзбекистон учун қайси усул тўғри ҳисобланади, деган савол шундай нуқтага келдики, иккилантириб қўймоқда.
Ҳокимларимиз, вазирларимиз ва жуда катта-катта амалдорлар матбуотда ўйламай гапириб қўйганининг оқибатида қандай резонансли ҳолатлар юзага келди.

Ўша пайтда президентимиз бир фикр айтган: «Эркин матбуот — Ўзбекистон учун янгилик. Фаолият юритаётган раҳбарлар учун ҳам янгилик. Давр кўрсатдики, биз яхши ишлайдиган, замонавий кадрларни кўнглимиз даражасида етказа олмадик. Демак, ҳозир айнан шундай кадрларни яратиш ва тарбиялаш даври. Мен ҳаммага хато қилишга ва ўз хатоси устида ишлашга имконият бераман. Мен уларни бошқача тарбиялай олмайман».

Демак, матбуот очиқ, бирор бир амалдор хато қилдими, хатосини тўғрилаш учун ўзи ҳаракат қилсин, ишласин ва уни тўғирлашни ўйласин. Қилган хатоси матбуотда ёритилган ҳар бир одам ишдан кетаверса, эртага унинг ўрнига келган одам худди шундай хатони қилмайди, деб айта олмаймиз. Чунки ишлашга қодир, кутиб турган пачкалаб кадрлар захирамиз ҳам йўқ.

Хатонинг ҳам кўринишлари бор. Сўз билан, билмай-ўйламай гапириб қўйиш бошқа, ҳақорат қилиш бошқа.
Энди ҳокимлар масаласига келадиган бўлсак, масалан, вилоят ҳокимларимизга тўхталсак, уларнинг фаолияти ҳақидаги фикр ким орқали шаклланмоқда?

Агар ҳокимиятни бир оила деб ҳисоблайдиган бўлсак, оила аъзоларидан кимдир ички жараёнидан гап-сўзларни яширинча ёзиб олиб, интернетга сиздирмоқда. Бунинг оқибатида, уларнинг ҳиссиёт билан гапирган ҳақоратлари, сўзлари оммага чиқмоқда. Одамларда эса бундай одам ҳоким бўлиб ишлаши керакмас, деган фикр шаклланмоқда.

Раҳбарнинг кўзи билан қарайдиган бўлсак, мажлисларда ҳақоратли сўзларни ишлатгани учун ҳокимларни ишдан олиниши масаласига бошқача ёндашилади: вилоят ҳокими прогноз кўрсаткичларни бажаряптими — ҳа, бюджетга солиқлар тушумини ўз вақтида бажаряптими — ҳа, халқ билан учрашяптими — ҳа, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиб беряптими — ҳа, қурилиш ё бўлмасам инвестицион лойиҳаларни аъло даражада бажаряптими — ҳа, лекин ўз ходимларини койиш пайтида жаҳлланиб, эҳтиросга берилиб кимнидир сўкиб қўйгани чиқиб кетиб, одамлар уни ишдан олишни талаб қилса-чи?

Менинг дадам ҳам оилада ўтирганимизда нимадандир жаҳлланиб койишлари мумкин. Бу — оиладаги ички нарса. Лекин мен ўша пайтда сўзларни диктофонга ёзиб олиб чиқариб юборсам, бутун жамиятда у киши ҳақидаги фикр ўзгаради-қўяди, сўнг ўзимизни оқлай олмаймиз. Бу ҳам худди шунақа нарса.

Бундай пайтда вилоят ҳокимлари, уларнинг матбуот котиблари, пиар стратегиясини ташкил қилувчи ходимлар нима қилишлари керак, аслида? Ишни тўғри ташкил қилишлари керак. Лекин бундай иш тажрибаси бўлмаган ходимларимиз қийин аҳволда қолишмоқда. Улар бу жараён билан курашиш ўрнига, журналистлар билан курашишмоқда. Бу — нотўғри. Битта муаммо иккинчи бир муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Президент бундай масалаларга арқонни узун ташлаб, кенг қарамоқда. Бошқача тарбиялашнинг йўли йўқ, бошқача ўргатишнинг йўли йўқ. Формуласи, рецепти жуда осон ва оддий: матбуотга ўз вақтида маълумотни бериш керак, матбуот томонидан қўйилган саволга вақтида жавоб берилиши лозим, матбуот кўтараётган халқ дардини эшитиб, ўша хатони тўғрилаб, ҳисоботини бериб қўйиш керак — бўлди!

Лекин муаммони ҳал қилиш ўрнига, ёзган журналистни қувлаб кетиб қолишмоқда. Журналист кетаверади, лекин муаммо қолиб кетади. Халқ кузатиб турибди, эртага бу журналист бўлмаса, бошқаси телефонига ёзиб олиб чиқариб тарқатади. Ўзбекистонда 19 миллиондан ошиқ Телеграм фойдаланувчилари бор. 60 фоиз аҳолимиз ёшлардан иборат, ҳамманинг қўлида телефон бор. 19 миллион журналист ва блогер дегани бу. Унга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди.

Шунақа экан, оддий ишни оғирлаштирмасдан, одамларга ёлғон ваъдалар бермасдан, бирор муаммони ҳал қилиш учун ҳозир имконият йўқлиги ҳақида тўғри маълумот бериш керак. Одамлар тушунмайдими?

Ёлғон ваъда — энг ёмони. Самимий бўл, чўнтагингдаги пулни очиқчасига кўрсат. Муаммо кейинроқ ҳал қилинадиган бўлса ҳам, ҳозир нима қилишингни айтиб қўй. Ўша қилган ишингни одамлар кўрсин. Бўлди, жуда осон.

Лекин шу осонгина нарсани қилишмайди, қилишни хоҳлашмайди, кибрга берилганлари жуда кўп. Мана шунақа қилиб, ўчакишиб, матбуотни бўғамиз, материалларни олдириб ташлашга ҳаракат… Иложи йўқ бунинг! Бу ҳолда журналистларни ўзимизга душман қилиб қўямиз», – таъкидлади Алламжонов.


Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комил Алламжонов: «Ўчакишиб, матбуотни бўғиш билан раҳбарлар журналистларни ўзларига душман қилиб қўяди»