17:42 / 01.09.2020
1 927

Адлия вазирлиги: ижтимоий тадбиркорликнинг қонуний асоси яратилмоқда

Адлия вазирлиги: ижтимоий тадбиркорликнинг қонуний асоси яратилмоқда
Ишсизликка қарши курашиш, шунингдек товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни рағбатлантирувчи омиллардан бири бу - ижтимоий тадбиркорлик ҳисобланади.

Жорий йил 28 август куни АОКА анжуманлар залида “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йил 24 март кунидан 8 апрель кунига қадар regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Тадбир аввалида Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг мутасадди ходимлари томонидан ижтимоий тадбиркорлик ўзи нима, ушбу Қонун қандай муносабатларни қамраб олади каби Қонун лойиҳасига оид саволлар юзасидан маълумотлар берилди.

Таъкидланишича, ижтимоий тадбиркорлик – бу юридик шахслар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолини муайян ижтимоий муаммолари ва уларнинг оқибатларини енгиллаштириш ёки ҳал қилишга қаратилган фаолиятдир.

Қонун лойиҳасининг мақсади аҳолининг ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат.
Ижтимоий корхонанинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан барқарор бўлмаган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади. Ушбу корхона юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан ташкил этилиши лойиҳада кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра товарлар(хизматлар)ни харид қилишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дучор бўлаётган ёхуд ўзгаларнинг кўмагига муҳтож шахслар ижтимоий заиф қатлам ҳисобланади.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, ушбу қатламга қуйидагилар киради:
– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон болалар;
– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
– ижтимоий аҳамиятга молик бўлган касалликлар ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар (сил, онкологик, психиатрик, наркологик, эндокринологик, инфекцион, таносил касаллиги, ОИТС, махов ва касб касаллиги)га чалинган шахслар;
– қарамоғида 16 ёшга тўлмаган ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар;
– ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари;
– “Меҳрибонлик” уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари;
– жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар;
– ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
– муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахслар.

Тадбирда ижтимоий корхоналарга давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ва преференциялар, ижтимоий лойиҳа харажатларига субсидиялаш олиш тартиблари, маслаҳат ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлашлар ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Бундан ташқари, Қонун лойиҳасида табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларини бартараф этиш ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида йўналишларидан бири этиб белгиланаётгани айтиб ўтилди.

Қонун лойиҳасига ушбу йўналиш киритилишига коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ бугунги кундаги вазият сабаб бўлди. Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳодисалар кўрсатдики, эпидемия ва бошқа фавқулодда ҳолатларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товар ва маҳсулотлар, айниқса, тиббий воситалар ва дори-дармонларга талаб кутилмаганда ошиб кетиши ва етишмовчилик кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда етишмовчиликни қоплашнинг энг қулай йўлларидан бири бу бошқа турдаги маҳсулот ишлаб чиқараётган корхонани тезкорлик билан ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисосолаштиришдир. Бу услуб жаҳонда жуда кенг қўлланилмоқда.

Кўриниб турибдики, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ижтимоий тадбиркорликнинг ўрни жуда катта бўлиши мумкин.

Умуман олганда, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси қабул қилинса, у жамиятга алоҳида фойда келтиришни истаганлар ташкилотлар ва якка тадбиркорларга бундай мақсадга эришиш учун қулай шароит яратади.

Матбуот анжуманида давлат органлари мутасадди ходимлари томонидан фуқаролар ва журналистларнинг саволларига жавоблар берилди.

Адлия вазирлиг
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги: ижтимоий тадбиркорликнинг қонуний асоси яратилмоқда