12:28 / 25.09.2020
1 974

“Тартибга солиш гильотинаси”: қонунчиликда нимани сақлаб қолиш ва нимадан воз кечиш керак?

“Тартибга солиш гильотинаси”: қонунчиликда нимани сақлаб қолиш ва нимадан воз кечиш керак?
Фото: Shutterstock
Тараққиёт нафақат илғор ғояларни, балки эскириб қолган тартиблар, бюрократик ғов ва тўсиқлардан ўз вақтида воз кечишни ҳам тақозо қилади. Ортиқча юкдан халос бўлиш ҳаракатни енгиллаштирганидек, ортиқча ҳужжатлардан воз кечиш шиддатли ислоҳотларни амалга ошираётган институтлар, тузилмаларга асосий кучни мақсадли ва самарали сафарбар қилиш имконини беради.

Сир эмас, барча соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган дастурларни амалга ошириш қонун ҳужжатлари сонининг янада ортишига олиб келди. Ҳужжатларининг кўплиги, тарқоқлиги амалиётда уларни тушунишни қийинлаштириб, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга йўл очмоқда, ҳаддан ташқари тартибга солиш ва бюрократияга замин яратмоқда.

Мазкур муаммони ҳал қилиш учун халқаро тажрибада “тартибга солиш гильотинаси” усулидан фойдаланилади.

“Тартибга солиш гильотинаси” нима?
“Тартибга солиш гильотинаси” амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш орқали уларни саралаш, тасдиқлаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш демакдир.

Яъни иқтисодий ривожланиш стратегияси, қонунийлиги ва зарурати нуқтаи назаридан асоссиз бўлган, шунингдек, қонуний ва зарур ҳисобланса-да, жамият ва бизнес учун қулай бўлмаган ҳар қандай тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни максимал даражада соддалаштириш “тартибга солиш гильотинаси”нинг асосий тамойиллари ҳисобланади.

Жаҳон тажрибасидан муваффақиятли ўтган
Швеция, Жанубий Корея, Қозоғистон, Хорватия, Сербия, Босния, Буюк Британия, Мексика, Вьетнам, Миср, Кения каби давлатлар қонунчилигида бу метод амал қилади.

Япония тажрибаси тартибга солиш чораларини синовдан ўтказиш ёки маъмурий харажатларни камайтириш мақсадида “махсус ҳудудий зоналар”ни шакллантирган. Aвстралияда 2003 йилда “Қонунчилик воситалари тўғрисида”ги (Legislative Instruments Act 2003, LIA) қонун қабул қилинган.

Жанубий Кореяда 1998 йили “тартибга солиш гильотинаси” лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, тартибга солишни ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун тўғридан-тўғри мамлакат Президенти олдида ҳисобдор бўлган Қўмита ташкил этилган. Мексикада ҳам 1989 йили Иқтисодий дерегуляция бўлими томонидан “тартибга солиш гильотинаси” лойиҳаси амалга оширилган.

Бу бизга нима беради?
Ҳозирга қадар мамлакатимизда яхлит 728 Қонун, 423 та Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, 2538 та Президент фармонлари, 2699 та Президент қарорлари, 10245 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва 1895 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бундан ташқари ҳар бир ҳудудда кўп сонли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари мавжуд.

Қонун ҳужжатларининг кўплиги нафақат аҳоли, юридик шахслар, балки ҳуқуқни қўлловчи давлат хизматчиларининг ўзларига ҳам ноқулайлик туғдиради.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони билан норма ижодкорлиги жараёнида амал қилиш лозим бўлган бир қатор принципал ўзгаришлар белгиланди. Хусусан:

Биринчидан, Парламент палаталари, Президент, Ҳукумат ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий тусдаги ҳужжатларини улар томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлашнинг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.

Иккинчидан, янги таҳрирдаги қонун ҳужжати ўрнига бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини кучини йўқотган деб топишни назарда тутувчи янги қонун ҳужжатини қабул қилиш амалиёти жорий этилади ва аввал қабул қилинган бундай қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади.

Учинчидан, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш ҳамда тадбирлар ўтказишни ташкил этиш юзасидан қабул қилинган ҳужжатлари тегишли йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топилади.

Адлия вазирлигининг роли қандай бўлади?
Шуни тан олиш керакки, қонун ҳужжатлари ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш масаласида 10 йилдан ортиқ даврда айрим ишлар амалга оширилган, қарорлар қабул қилинган бўлса-да, бу соҳада тизимли сиёсат олиб борилмаётган эди.

Фармон билан Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Бу эса нуқсонларни бартараф этиш, янги горизонтларни очишга хизмат қилади.

Бунда Адлия вазирлиги ҳар йили мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тайёрлайди, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши тартиби жорий этилаётганлиги тартибга солиш субъектларининг масъулияти ошишига хизмат қилади.

Шу билан бирга Фармонда, тартибга солиш сиёсатининг яхлитлигини таъминлашга қаратилган институционал ўзгаришлар назарда тутилган. Масалан, эндиликда Адлия вазирлигининг Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилади, барча давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларида тартибга солиш таъсирини баҳолаш учун масъул ходимлар тайинланади.

Шуниси, эътиборга моликки, янги бошқарма зиммасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда аниқланган қоррупциоген омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўриш ва тавсиялар ишлаб чиқиш, коррупция келиб чиқишига шароит яратаётган қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётда қўлланилишида коррупцион тусдаги хавфларни таҳлил қилиш вазифалари ҳам юкланган.

“Очиқ платформа” ва қайта алоқа
Шунингдек, тартибга солиш таъсирини камайтириш доирасида гуруҳ бўлиб ишлаш технологияларини шакллантириш ва ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш учун regulation.gov.uz порталида “очиқ платформа” (open platform) жорий этилади.

Жамоатчилик, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик, шу жумладан қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини амалга ошириш доирасида қайта алоқа механизмларининг йўлга қўйилиши эса “кам хато, кўп натижа” принципи асосида фаолият самарадорлигини таъминлашга олиб келади.

Шунингдек, Фармонда давлат органлари ва ташкилотлари билан тематик онлайн учрашув ва муҳокамалар ўтказиш бўйича ташаббус кўрсатиш, қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсирини баҳолашда “краудсорсинг” имкониятларидан фойдаланиш,

шу жумладан онлайн сўровномалар ўтказиш каби прогрессив ва замонавий иш усуллари йўлга қўйилиши ушбу йўналишдаги ишлар муваффақияти гарови бўлади.

Баъзан янгиланишлар, ислоҳотлар жараёнида, ўзгаришларнинг руҳига бутунлай мос келмаган қандайдир тартиб, қоидалар учраб туриши бор гап. Уларни аниқлаш, тан олиш ва ўз вақтида воз кечишдан қўрқмаслик керак.

Шубҳасиз, тартибга солиш таъсирини баҳолаш борасида халқаро тажрибада синовдан ўтган, нисбатан янги, замонавий усул ва механизмлардан фойдаланиш ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнининг такомиллашишига, қонунчилик юкининг камайишига, унинг халқчил бўлишига хизмат қилиш билан бирга давлат бошқарувининг самарадорлиги ошишига ҳисса қўшади.

Худоёр Мелиев
Адлия вазирлигининг масъул ходими

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Тартибга солиш гильотинаси”: қонунчиликда нимани сақлаб қолиш ва нимадан воз кечиш керак?