
Биз одатда ўзини бошқаларга нисбатан ақллироқ, тарбиялироқ ва маданиятлироқ деб ўйлайдиган кишиларни шунчаки мақтанчоқ, ўзига бино қўйган кимса деб биламиз. Аслида бу тоифа кишиларнинг ҳаммаси ҳам ёмон тарбияси ёки табиатан мақтанчоқ бўлгани сабабли бундай йўл тутмайди. Замонавий тиббиёт бундай ҳолатни мегаломания — руҳият бузилишининг бир тури эканини таъкидлайди. Хўш, бу ўзи қандай касаллик, ўзига хос белгилари ва даволаш усуллари қандай? CCВ Матбуот хизматининг саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Улуғбек Алимов жавоб берди.
— Мегаломания касаллиги қандай хасталик?
— Мегаломания — васваса, руҳий касаллик белгисидир. Бунда бемор ўзига, имкониятига, ақл-идрокига ва қобилиятига ҳаддан зиёд юқори баҳо беради. Психиатрия фанида унга алоҳида касаллик сифатида қаралмайди. У руҳий касаллик билан боғлиқ психопатологик ҳолатнинг аломати сифатида баҳоланади. Кўпинча мегаломания шизофрения, аффектив психоз, алкоголизм ва бошқа руҳий касалликларда учрайди.
— Мегаломаниянинг келиб чиқиш сабаблари нимадан иборат?
— Биринчидан, бу — ирсий мослашувдир. Агар ота-оналардан бири шу каби касалликдан азоб чекса, фарзанд ҳам шу касалликка чалинишининг эҳтимоли юқори бўлади. Иккинчидан, бу касаллик спиртли ичимликларни кўп истеъмол қиладиган ёки гиёҳвандлик моддаларига боғланиб қолганларда ҳам учрайди.
Эслатиб ўтамиз, ҳатто одатдагидек юқори даражадаги ўзини ўзи ҳурмат қилиш ҳам жиддий руҳий бузилишга сабаб бўлиши мумкин. Яъни инсоннинг ўзига нисбатан ҳаддан зиёд иззатталаблик қилиши, шу билан бирга кучли стрессли вазият, руҳий зарба ҳам ушбу хасталикка сабаб бўлади.
— Касалликнинг клиник белгилари қандай?
— Мегаломания психиатрияда «улуғлик ва бойлик васвасаси» дейилади ва кўтаринки кайфият фонида шаклланади. Бемор ўзини энг буюк улуғ ва бутун дунё устидан ҳукмрон деб билади. Бойлик васвасасида эса беморлар ўзларини энг бой, ҳеч туганмас ва ўлмас бойлик олтин, қимматбаҳо буюмлар эгаси, миллионерларни ўз олдида қашшоқ деб ҳисоблайдилар. Бошқа беморлар эса кўп мамлакат тилларини билиши, бир вақтнинг ўзида бир нечта дорилфунунни битирганликларини ва уларни чет элга ишга таклиф қилишганини айтишади.
Бу васвасага ихтирочилик ва реформаторлик васвасаси яқин, бунда бемор ўзини буюк кашфиётчи, кўп янгиликлар муаллифи деб ҳисоблайди. Бемор у ясаган асбоб-ускуналар билан бутун ер шари иқлимини ўзгартириши мумкинлигини айтади. Бундай беморлар катта фаолликка эга бўлиб, китоблар (мақола) ёзиб чизмалар чизишади. Тан олинишига эришиш учун давлат ташкилотлари ва халқаро ташкилотларга мурожаат қиладилар.
Шунингдек, беморлар ўзини керакли шахс эканини таъкидлаб, руҳий ва жисмоний имкониятларини ҳаддан ортиқ баҳолайди. Уларнинг кайфияти тез ўзгаради ва бошқаларнинг фикри билан қизиқмайди. Аксинча, ўзгаларнинг муносабатига агрессив муносабатда бўлади. Лўнда қилиб айтганда, фақат ўзининг ғоялари ва фикрларига таянади. Қолаверса, бемор уйқусизликдан азият чекади.
— Мегаломанияни қандай даволаш усуллари мавжуд?
— Ташхис қўйиш учун бемор шифокор томонидан суҳбат ўтказилиши ва кузатувда бўлиши лозим. Психологик тестлар ва бошқа тегишли диагностик текширув усуллари ўтказилади. Бундан ташқари, шифокор беморнинг қариндошларидан объектив маълумот олиши керак.
Бундай беморлар махсус шароитда, тиббий ходимлар назорати остида даволаниши лозим. Уларга айрим дорилар ва махсус психотерапияни тавсия этиш мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар