Гарначонинг Чемпионлар Лигасидаги ноёб натижаси

Алехандро Гарначо Чемпионлар Лигаси доирасида "Челси" сафида ўзининг илк голини урди. 21 ёшли аргентиналик футболчи бугунги "Қарабоғ"га қарши учрашувнинг 53-дақиқасида гол киритиб, ўйин натижасини 2:2 ҳолатида якунлади.
Squawka маълумотларига кўра, Гарначо Чемпионлар Лигаси тарихида 22 ёшга тўлмасдан туриб икки хил инглиз клубида гол уришга муваффақ бўлган биринчи футболчи сифатида қайд этилди. Бунгача у "Манчестер Юнайтед" таркибида ҳам гол уришга эришган эди.
Алехандро Гарначо ўтган ёзда "қизил иблислар"ни тарк этиб, "кўклар" сафига қўшилган. Лондон клуби сафида у жорий мавсумда жами тўққизта ўйинда иштирок этиб, иккита гол уришга муваффақ бўлди.
"Челси" жамоаси Чемпионлар Лигаси умумий босқичида тўрт турдан сўнг етти очко жамғариб, мусобақа жадвалида ўнинчи ўринни эгаллаб турибди.