23:00 / 02.01.2021
6 655

ХVI–ХVII асрлар – Европада уйғониш даври

ХVI–ХVII асрлар – Европада уйғониш даври
Ж.М. Шарко шогирди Ж.Бабинский билан истерик бемор ҳолатини врачларга ҳавола қилмоқда.
Ушбу маълумотлар профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг «Тиббиёт психологияси» дарслигидан олинди ва zamin.uz да илк бор чоп этилмоқда.

Тиббиёт психологияси, том маънода олганда, бемор психологиясини ўрганувчи фандир. Қадимги давр адабиётига назар ташлайдиган бўлсак, тиббиёт, фалсафа ва психология фанлари чамбарчас боғланиб кетганлигининг гувоҳи бўламиз. Милоддан илгари яшаб ўтган деярли барча файласуфлар тиббиёт ва психологияга оид ўз фикрларини ёзиб қолдиришган, чунки улар руҳий кучлар манбаини инсон мияси билан боғлашган.

Қадимги Шарқда илм-фан ва тиббиёт гуркираган бўлса, Европа мамлакатларида фанда турғунлик ҳукмрон эди. Европа фанидаги турғунлик айниқса, V–XV асрларга тўғри келган (деярли минг йил). ХVI асрдан бошлаб, Европада аниқ фанлар ривожлана бошлади ва тиббиётда ҳам буюк кашфиётлар қилинди. Шунинг учун ҳам ХVI–ХVII асрлар Европада Уйғониш даври деб аталади. Бу даврда биология ва физиология соҳасида буюк олимлар етишиб чиқди (А. Везалий (1514–1564), В. Харвей (1578–1657) ва бошқалар). А. Везалий (1543) бош мияни очиб ўрганиб, ўзининг дастлабки хулосаларини чоп этади ва «Руҳий жараёнлар мия суюқликлари бўйлаб оқади», деган фикрни илгари суради.

Мия ҳақидаги қарашлар ўзгаришига ва умуман олганда, психология ва физиология фани ривожланишига француз мутафаккири Рене Декарт (1596–1650) кашфиётлари катта туртки бўлди. У организм билан муҳит орасидаги рефлектор муносабатларни ўрганди ва руҳий фаолиятнинг физиологик асосларини исботлашга интилди. Декарт «Юрак қон-томир фаолияти механика қонунларига бўйсунган ҳолда бошқарилиб туради», деган фикрни ўртага ташлади.

Ҳайвонлар хулқ-атвори, одамнинг ҳаракат фаолияти рефлектор тарзда, мушаклар ҳаракати эса ташқи руҳий таъсирларсиз, яъни асаб толалари орқали бошқарилиб туриши, организмда кечадиган физиологик жараёнлар руҳга боғлиқ эмаслигини ўз тажрибаларида исботлаб берди. Декарт сезги ва ҳиссиётнинг қандай юзага келишини тушунтириб, «Онгли руҳни» танадан чиқариб ташлаб бўлмайди ва у фақат одамга тааллуқлидир», дейди. Шундай қилиб, Декарт сезги аъзоларининг таъсирланиши ва мушакларнинг жавоб реакцияси орасидаги боғлиқликни ўрганиб, рефлектор ёй ҳақидаги таълимотга асос солди.

Чехиялик атоқли олим, физиолог И. Прохозка (1749–1820) Декарт таълимотига асосланган ҳолда фанга «рефлекс» (акс эттириш) деган тушунчани киритди. И. Прохозка рефлектор ёй тузилишини таърифлаб берган. У олий нерв фаолияти ва руҳий фаолият рефлектор тарзда бошқарилишини янада чуқур ўрганди. Афсуски, ўша пайтдаги илм-фаннинг ривожланиш даражаси рефлекслар ҳақидаги таълимотни тадқиқотлар асосида тўла исботлаб беришга қодир эмас эди. Бош мия фаолиятини рефлектор механизмларга боғлаб тушунтириб бериш имкониятлари йўқ эди. Шунинг учун руҳий фаолият асаб тизимининг физиологик фаолиятидан айро ҳолда ўрганилди. Бунинг натижасида одам организмида тана ва руҳ бир-бирига боғлиқ бўлмаган нарсалар, деб ҳисобланди.

Австриялик врач ва анатом Франц Галл (1758–1828) одам мияси тузилишини ўрганиб, бош миянинг френологик харитасини яратди. У биринчилардан бўлиб бош мия катта ярим шарининг кулранг ва оқ моддасини бир-бирига боғлиқ бўлган алоҳида тузилмалар деган ғояга асосланди. Ф. Галл бош мия пўстлоғида 40 га яқин руҳий функция марказини жойлаштирди ва уларнинг фаолиятини бош мия пушталари (бўртиклари) билан боғлади.

Олим ҳаракат, кўрув, эшитув ва сезги марказлари билан биргаликда мияда хотира, тафаккур, севги, камтарлик, донолик, айёрлик марказларини ҳам жойлаштирди. Унинг фикрича, юқори қобилиятли одамларнинг миясидаги бўртиклар кучли ривожланган ва, аксинча, кимнинг тафаккури паст бўлса, унинг мияси силлиқ бўлади.

ХIХ асрнинг ўрталарида психология ривожланишига бу соҳадаги катта ўзгаришлар сабаб бўлди. Бу даврда гипноз ҳақида таълимот яратилди ва Месмер унинг асосчиси ҳисобланади. Гипноз тушунчасини 1843 йили англиялик жарроҳ Жеймс Бред таклиф қилган. Месмер гипнозда кузатиладиган ҳодисаларни «магнетизм» билан боғлаган.

Неврология фани асосчиси бўлган франциялик олим Ж.М. Шарко (1825–1893) инсон руҳияти билан жуда қизиққан. Шарко дунёқараши жуда кенг олим бўлиб, нафақат неврология ва психология, балки фалсафа, адабиёт, мусиқа ва рассомчилик билан ҳам қизиққан. Шарко ўз китобларига ўзи расмлар чизган. Унинг машҳурлиги Европада шу даражага бориб етадики, унга ҳатто “Неврология Наполеони” деб тахаллус беришади. Шарко Европа қироллари ва қироличаларининг шахсий врачи бўлган. Ўша пайтлари неврология соҳасини танлаган ёшлар орасида “Ким Шарко маърузаларини эшитмаган экан, демак, у невролог эмас” деган иборалар кенг тарқалган.

Нафақат Европа, балки бошқа давлатлардан ҳам неврологлар бир маротаба бўлса-да, Шарконинг маърузаларида иштирок этиш учун Францияга интилишган. Шарко психологияга шу қадар қизиққанки, қандай неврологик касаллик бўлмасин, уларни даволашда психологик таъсир қилиш усулларини тарғиб қилган ва қўллаган.

Шарко оғир атаксия ҳолатида ётган беморга психологик таъсир қилиб, тургизиб юборган. Шарко асаб ва руҳият борасида кўп илмий асарлар яратган. Истериянинг ҳар бир клиник кўриниши ва ушбу белгиларнинг органик симптомлардан фарқини жуда мукаммал ифодалаб берган.

У жуда кучли гипнозчи ҳам бўлган. Шарко гипноз негизида физиологик жараёнлар ётади, деб ёзган. Гипноз билан машҳур неврологлар ва психиатрлар шуғулланишган. Улардан Ж.Шарко, Бенедикт, Форел, Левенфелд, Мопассан, С.С. Корсаков, Мебиус ва В.М. Бехтеревлар номи мутахассисларга яхши маълум. З. Фрейд гипноз техникасини ўрганиш учун Парижга, Шарко ёнига келади. Шарко маърузаларидан илҳомланган Фрейд шундай деб ёзган эди: “Менга ҳеч ким Шарко даражасида таъсир кўрсата олмаган. У инсон миясига оид ғоялари билан мени шу қадар ўзига ром қилар эдики, бундай инсон олдида доим қолиб кетишга мени рози эдим”.

Психология тарихида ўчмас из қолдирган яна бир сиймо – бу Зигмунд Фрейд (1856–1939). З. Фрейд аслида невролог бўлган ва кейинчалик ўз ишлари билан психоанализ асосчиси сифатида ном қозонган. У 1856 йили 6 майда Австрия империясига қарашли Фрайбург шаҳрида дунёга келади. 1860 йили Фрейдлар оиласи Венага кўчиб ўтишади ва З. Фрейд умрининг охиригача Австрияда яшаб ижод қилади. Физика, биология, тарих ва фалсафага ўч бўлган З. Фрейд доимо табиатда бўладиган ҳодисаларнинг ўзини ўрганибгина қолмасдан, уларнинг сабабларини излади.
З. Фрейд катта бир мактаб яратди ва бунинг натижасида фанда фрейдизм йўналиши пайдо бўлди. Бу ҳақда китобнинг «онгсизлик» қисмида батафсил маълумот берамиз. Унинг дастлабки сафдошлари ва шогирдлари Алфред Адлер (1870–1937) ва Карл Густав Юнг (1875–1961) бўлган. Улар невротик шахс шаклланишига оид ўз назарияларини илгари суришди. А. Адлер фанда индивидуал психология ғоясини кўтариб чиққан бўлса, К.Г. Юнг ўз эътиборини аналитик психологияга қаратди.

Тиббиёт психологияси билан биргаликда клиник психология ҳам ривожланиб борди.

Шундай қилиб, минг йиллик тарихга эга мия ва руҳият орасидаги билим кейинчалик “Тиббиёт психологияси” фани ривожланишига туртки бўлди. Ўша даврларда параллел тарзда “Клиник психология” йўналиши ҳам пайдо бўлди. Ҳанузгача дунё олимлари орасида тиббий психология билан клиник психологиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Чунки бу иккала йўналишнинг ўхшаш томонлари жуда кўп. Энди клиник психология тарихига мурожаат қилсак. Бу фан аслида тиббиётга алоқаси бўлмаган олимлар томонидан яратилди. Улар умумий психологлар эди.

АҚШ ва Европалик олимлар клиник психология яратилиши тарихини XIX асрнинг сўнгги йиллари билан боғлашади. 1896 йили Германиянинг Лейпциг шаҳрида ўқиб қайтган америкалик психолог Лайтнер Уитмер Пенсилвания штатида дунёда биринчи бўлиб “Психологик клиника” очади.
Ҳа, клиник психология эмас, психологик клиника.

Л. Уитмер бу ерда хулқ-атвори оғир болалар психодиагностикаси ва психокоррекцияси билан шуғулланади. ХХ аср бошига келиб АҚШнинг бир қатор университетларида психологик клиникалар фаолият кўрсата бошлайди ва клиник психологлар тиббий госпиталларга ишга олинади.

ХХ аср бошларида бу йўналиш давомчилари Европада ҳам пайдо бўлади ва улар айнан клиникаларда психологик ёрдам тизимини йўлга қўйиш билан шуғулланишади. Умумий психологлардан фарқли ўлароқ, клиникаларда фаолият кўрсатувчи психологларни “Клиник психолог” деб аташ таклифи ўртага ташланади. Бироқ ўша даврнинг атоқли немис психиатрлари Эмил Крепелин ва унинг шогирди Эрнст Кречмер бундай ёндашувни қўллаб-қувватлашмайди. Улар умумий психологларнинг клиник психолог қиёфасида тиббиётга кириб келишига эътироз билдирганлар.

Эмил Крепелин (1856–1926) клиник психиатрия ва патопсихология йўналишида йирик олим бўлиб, нафақат бир қатор руҳий касалликлар, балки турли хил неврологик ва психопатологик синдромларга ҳам ном берган, уларнинг клиникасини ёзиб системалаштирган.
Алсхаймер касаллиги, олигофрения, дисморфофобия каби тиббий терминларни фанга у киритган. Э. Крепелин психиатрия амалиётида психологик усулларни кенг қўллаган ва барча психиатрларни психология илмини ҳам чуқур эгаллашга чорлаган.

Эрнст Кречмер – тиббиёт психологияси асосчиси
Эмил Крепелин даъватлари эътиборсиз қолмади. Унинг шогирди психиатр Эрнст Кречмер (1888–1964) тиббиёт психологиясини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Олим 1922 йили “Тиббиёт психологияси” дарслигини чоп қилдиради ва шу санани тарихчилар тиббиёт психологиясига асос солинган йил деб ҳисоблашади.

Э. Кречмерни кўпчилигимиз психиатр ва тиббий психолог сифатида биламиз. Бироқ у Биринчи жаҳон уруши даврида ҳарбий госпиталда “Неврология клиникаси”ни ташкил қилади ва уни ўзи бошқаради. Неврология соҳасидаги ишлари юксак баҳоланган 38 ёшли Э. Кречмер 1926 йили Марбург университетининг неврология ва психиатрия кафедрасига ишга қабул қилинади. Олим узоқ йиллар (1946–1959 йй) мобайнида Тюбингем университетида неврология клиникасини бошқаради. Биз ўша давр олимлари ҳаётига бир назар ташлайдиган бўлсак, кўзга кўринган йирик олимлар, яъни Ж.М. Шарко, З.Фрейд, Э. Кречмер, П.Флексиг, В.М. Бехтеревлар неврология, психиатрия ва психология соҳасида фаолият олиб боришган, кўплаб асарлар ёзишган. Том маънода олганда, мия ва руҳиятни бир-биридан айро деб билишмаган ва улар асаб ва руҳият борасида йирик асарлар яратишган.

Э. Кречмер классик тиббиётчилар таъкидлаганидек “Ҳар бир врач психолог бўлиши керак” деган ташаббусни ўртага ташлайди ва уни барча соҳа врачларига ўқитиш зарурлигини ўз маърузаларида ва ёзган асарларида доим уқтиради. Э. Кречмернинг мақсади тиббиёт психологиясини бошқа соҳа врачларига ҳам яқинлаштириш эди. Унинг “Тиббиёт психологияси” дарслиги жуда кўп тилларга таржима қилинади ва бирин-кетин “Тиббий психология” кафедралари ташкил этилади.

Бироқ умумий психологлар томонидан параллел тарзда тиббиётга алоқаси бўлмаган университетларда “Клиник психология” кафедралари ҳам ташкил этилади ва кейинчалик шу номли факультетлар очилади. Шундай қилиб, бошқа университетларда клиник психолог, тиббиёт университетларида эса тиббий психолог тайёрлаш йўлга қўйилади ва бу ҳолат ҳанузгача давом этмоқда. Психиатрларнинг қаттиқ қаршилигига учраган клиник психологлар ўз нигоҳларини соматик клиникаларга қаратишади. Тан олиш лозимки, тиббий психологияга қараганда клиник психология жадалроқ ривожланди ва бунда умумий психологларнинг ҳиссаси катта.

Давоми бор...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ХVI–ХVII асрлар – Европада уйғониш даври