
Суперлига 27-туридан ўрин олган «Навбаҳор» – «Насаф» баҳсини Намангандан келиб томоша қилган мухлислар орасида аламли воқеа рўй берди. Уларни ортга қайтираётган автомобил йўл-транспорт ҳодисасига учради, деб хабар берди Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими.
Маълумотларга кўра, воқеа 31 октябрь куни соат 08:30 ларда Ургут тумани Қоратепа маҳалласи яқинида, М–39 йўлининг 1113-чақириғида содир бўлган. «Kia Sonet» автомашинаси ҳайдовчиси Самарқанд–Қарши йўналишида ҳаракатланиб бораётган пайт чарчоқ сабабли уйқу ҳолатига тушиб, рулни назоратдан чиқарган. Натижада транспорт воситаси йўл четидаги тупроқ уюмига урилиб, ағдарилиб кетган.
Ҳодиса оқибатида «Насаф» фан-клубининг 53 ёшли фаол аъзоси Маҳмуд Муҳаммадиев шифохонада олган жароҳатлардан вафот этган. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи Ургут туман марказий шифохонасига етказилган. Ҳозирда Ургут туман ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши очилиб, воқеанинг барча ҳолатлари ўрганилмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳайдовчиларга мурожаат қилиб, чарчоқ ёки уйқусиз ҳолда рулга ўтирмасликни, узоқ масофага чиқишдан олдин танаффус қилиш ва соғлом ҳолда йўлга чиқиш зарурлигини эслатди. Йўлдаги ҳар бир диққатсизлик ҳаётга зиён етказиши мумкинлиги таъкидланди.

«Насаф» футбол клуби, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси марҳум мухлиснинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, ташкилотлар Суперлига 27-турининг қолган барча баҳслари Маҳмуд Муҳаммадиев хотирасига бағишланиб, 1 дақиқалик сукут билан бошланишини маълум қилди.
Футбол нафақат ўйин, балки юзлаб қалбларни бирлаштирувчи туйғу эканини яна бир бор кўрсатди. Аммо мухлислар саломатлиги ва хавфсизлиги ҳар нарсадан устун бўлиши керак. Ҳар бир сафар, ҳар бир стадионга йўлга чиқишда эҳтиёт бўлиш — ҳаётни асрашнинг энг содда, аммо энг муҳим йўлидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 