08:26 / 23.02.2021
1 469

Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди

Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди
Бош прокуратура томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Кодекс лойиҳаси амалиётдаги тизимли камчилик ва муаммолар, хориж тажрибаси инобатга олинган ҳолда тайёрланиб, унга жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилишга, либераллаштиришга, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштиришга, жиноятлар учун санкцияларни қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига қараб мувофиқлаштиришга ва турлича шарҳлаш ёки коррупция ҳолатлари содир этилишига йўл қўядиган ёхуд ижтимоий хавфлилик даражаси ва характери жиноят қонунчилиги принципларига мос келмайдиган қилмишлар учун жавобгарлик белгиланишига йўл қўядиган нормаларни чиқариб ташлашга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилган.

Кодекс лойиҳаси амалдагиси каби умумий ва махсус қисмлардан ташкил топган бўлиб, жами 395 моддадан иборат. Умумий қисм 118 моддадан ва махсус қисм 277 моддадан ташкил топган. Кодекс лойиҳасида бир қатор муҳим янгиликлар акс эттирилган.

Жумладан, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, беш йилдан ортиқ бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар ҳам оғир жиноятлар таснифига ўтказилган.

Жарима жазоси ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача, унча оғир бўлмаган жиноятлар учун 400 бараваригача, оғир жиноятлар учун 600 бараваригача белгиланган ҳамда суд томонидан тайинланган жарима миқдорининг учдан икки қисми қонунда белгиланган ихтиёрий муддатда тўланган тақдирда маҳкум жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинишига оид норма киритилган.

Амалдаги Жиноят кодексидаги жиддий зиён, жиддий зарар каби аниқ тарифи йўқ ва турлича талқин қилинадиган атамалар чиқариб ташланган. Енгилроқ жазо тайинлашга оид қоидаларнинг аниқ мезони ва муайян чекловлар белгиланган. Жумладан, тайинланадиган жазо:
  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар учун – жазо энг кам қисмининг учдан бир қисмидан;
  • оғир жиноятлар учун – жазо энг кам қисмининг ярмидан;
  • ўта оғир жиноятлар учун – жазо энг кам қисмининг учдан икки қисмидан;
  • хавфли рецидив жиноят содир қилганлик учун – Кодекс махсус қисми моддасида назарда тутилган жазонинг энг кам қисми учдан икки қисмидан;
  • ўта хавфли рецидив жиноятлар содир қилганлик учун – Кодекс махсус қисми моддасида назарда тутилган жазонинг энг кам қисми тўртдан уч қисмидан кам бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, жазо тизимидан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси чиқарилиб, унинг ўрнига иш ҳақидан ушлаб қолиш жазоси киритилган. Ахлоқ тузатиш ишларидан фарқли ўлароқ, иш ҳақидан ушлаб қолиш жазоси фақатгина маҳкумнинг иш жойи бўлсагина тайинланиши белгиланган.

Шахсга жазодан ташқари қўлланиладиган бошқа жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларининг аниқ рўйхати белгиланган. Ҳукмни ижро этиш учун хорижий мамлакат томонидан топширилган маҳкумнинг жазо муддатини ҳисоблаш қоидаларига оид янги нормалар киритилган.

Жумладан, жазо муддатини ўташ учун халқаро шартномаларга асосан хорижий мамлакат томонидан топширилган маҳкумга нисбатан жазо муддати хорижий мамлакат ҳукми билан белгиланган жазога мутаносиб равишда ҳисобланиши мустаҳкамланган.

Ярашув институтини қўллашга оид нормалар ва қоидаларга ўзгартириш киритилган. Бунда, ярашувни қўллаш билан боғлиқ чекловлар 18 ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, шунингдек олтмиш ёшдан ошган шахслар ҳамда эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятларга татбиқ этилмаслигига оид қоидалар белгиланган.

Рақобатчини обрўсизлантириш, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, сохта тадбиркорлик, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш, қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш, диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш, диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш каби жиноятлар ва бошқа ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар жиноятлар сафидан чиқариб ташланиши (декриминализация) белгиланган.

“Инсонда ноқонуний тажриба ўтказиш”, “ғайриқонуний равишда психиатрия муассасасига жойлаштириш”, “ўзбошимчалик билан жазолаш”, “митинглар, йиғилишлар ёки намойишлар ташкил этиш, ўтказишга ёки уларда иштирок этишга ғайриқонуний қаршилик қилиш”, “шантаж”, “инсайдерлик маълумотлари бўйича ғайриқонуний ҳаракатларни амалга ошириш”, “нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг мансаб сохтакорлиги”, “ота ёки онанинг ўз чақалоғини сотиши” кабилар учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бир қатор жиноятлардан маъмурий преюдиция институти чиқарилган, яъни жиноий жавобгарликдан олдин маъмурий жавобгарликка тортилганлик шарти белгиланган жиноятлар миқдорини қисқартириш белгиланган.

Жиноят кодексининг махсус қисми моддаларидаги оғирлаштирувчи қисмлардан жиноятнинг такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши бандлари чиқариб ташланган.

Хавфли ва ўта хавфли рецидив жиноят учун жазо муддати мазкур жиноят учун назарда тутилган энг кўп жазонинг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги белгиланган.

Жиноятга тайёргарлик кўрганлик учун жиноятга суиқасд қилганликка нисбатан енгилроқ жазо тайинланиши, яъни жазо Кодекс махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг тўртдан уч қисмидан ошмаслиги кераклиги белгиланган.

Коррупция билан боғлиқ жиноят содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган. Кодекс сўнгида келтирилган атамаларнинг ҳуқуқий маъноси Кодекснинг умумий қисмига ўтказилиб, ундаги атамалар қайта кўриб чиқилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди