Ўзбекистон Гендер комиссияси томонидан БМТ тараққиёт дастури ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг «Давлат бошқарувида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёллар фаоллигини ошириш» қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилган кичик илмий тадқиқот натижалари эълон қилинди. Ушбу тадқиқот мамлакатимизда оилавий ажримларнинг салбий оқибатлари юзасидан ўтказилган эди.
Тадқиқот 51 нафар аёл иштирокида онлайн ҳамда яккама-якка ҳолда ташкил этилиб, иштирокчилар билан оилавий ажримларнинг сабаблари ва оқибатлари муҳокама қилинди. Респондентларга кўра, битта сабаб билан ажрашиб кетган оилалар жуда кам, аксарият ҳолларда ажримларга бир нечта омиллар сабаб бўлган. Масалан, фарзандсизлик, гиёҳвандлик, алгоколга ружу қўйиш.
Бир гуруҳ аёллар ажримларга собиқ турмуш ўртоғининг рўзғор бошқаришда масъулиятсизлиги, мустақил фикри йўқлиги, оилага бошқаларнинг аралашуви (қайнона, қайинсингиллар), эркакнинг ёмон иллатларга ружу қўйгани, оилада аёлга қулдай муносабатда бўлишлари, хиёнат каби омилларни сабаб қилиб келтирган.
Ажрашганлар орасида эри ва унинг қариндошлари томонидан калтакланганлар, 16-17 ёшда ота-онаси мажбурлаб турмушга бериб юборганлар ҳам бор. Маълум бўлишича, икки ёки ундан ортиқ фарзандлари билан ажрашган аёлларга ниҳоятда қийин, улар ва фарзандлари бундан жуда кўп азият чекишади. Тадқиқотга кўра, бундай аёлларда қуйидаги муаммолар юзага келади.
Биринчидан, тураржой муаммоси пайдо бўлади. Бунча бола билан ота-онасиникида яшаб бўлмайди, ижарада яшашга тўғри келади. Ижара нархи эса қиммат. Тўланган алимент бу пулнинг ярмини ҳам қопламайди.
Иккинчидан, фарзандлар ота меҳрига зор бўлиб ўсади. Сўровномада қатнашган 51 нафар аёлнинг 44 нафарида жами 70 нафар бола бор ва улардан 99 фоизи отаси билан умуман кўришмаслиги маълум бўлган. Биргина 2019 йилда 31 389 та оила ажрашгани ҳисобга олинса, бундай болалар сонини тахмин қилиш мумкин. Маълум бўлишича, эркаклар нафақат боладан хабар олмайди, балки турли баҳоналар билан алимент тўламасликка ҳаракат қилади.
Учинчидан, ажрашган аёлларга жамиятда нотўғри кўз билан қаралади: интим муносабатлар таклиф этилади, ижарага қўйишни хоҳлашмайди, тиришқоқлик билан ҳаётда ўрнини топаётган ёлғиз аёлнинг албатта хуштори бор деб ўйлашади, иккинчи хотин бўлиш таклиф қилинади.
Ўзбекистонда ажримларни камайтириш, жабрланган аёллар ва болалар ҳаётини тўғри йўлга қўйиш мақсадида тадқиқот якунида бир нечта таклифлар ҳам берилди. Ажрим билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларини бирлаштириб, ягона қонун қабул қилиш, ҳар бир вилоятда медиация марказларини йўлга қўйиш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини кафолатлаш, эркакларни оилавий ҳаётга, фарзандлар тарбияси учун масъулликка тайёрловчи мажбурий курсларни жорий этиш каби таклифлар киритилган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида «Қани эди юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса, оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса...», деб ёшларни турмуш масаласига жиддий қарашга чақирган эди. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар