09:53 / 17.03.2021
1 972

Ҳуқуқбузарларга қарши курашувчилар сотқин бўлса – мендирман ўша ёхуд депутат қонун устуворлиги йўлида хизмат қилмаса жамият қаерга боради?

Ҳуқуқбузарларга қарши курашувчилар сотқин бўлса – мендирман ўша ёхуд депутат қонун устуворлиги йўлида хизмат қилмаса жамият қаерга боради?
Барча қонунлар жамиятдаги ҳаммага ҳам ёқавермайди, кимдир барибир қайсидир соҳадаги қонун-тартиблардан рози бўлмайди, талабини ортиқча деб ҳисоблайди, бўйсунишга истамайди, эринади, баҳона топади, қоралайди-оқлайди. Чунки шу қонунлар унинг манфаатига, яшаш тарзига, одатларига, кайфиятига тўғри келмаслиги мумкин.

Лекин ҳар бир инсон ўзи танлаб, ўзи истаган қонун ва тартибига риоя этиб, қолганларини эътиборга олмаса, бизни жамият сифатида қандай оқибатлар кутаётганини тасаввур қилиш қийин эмас: тез ва сўзсиз инқирозга учраймиз. Шунинг учун ҳам, қонун барча учун баробар, ҳамма қонун олдида тенг деган улуғ ғоялар асосида жамиятлар ривожланган.

Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳали талай ишлар қилиниши, кўп масалалар ечилиши керак. Бу муаммолар ҳаммамизни қийнайди, чунки мазкур ҳолат ривожланишимизга жиддий тўсиқлигини барча тушунади.

Қонун устуворлиги керак, аммо уни таъминлаш фақат давлатнинг ишими?

Фақат давлат қонун қўриқчиси, тартибларнинг таъминловчиси бўлиши, биринчидан, кутилган натижа учун етарли бўлмайди, иккинчидан, кўп ресурс талаб қилади, учинчидан, фуқаролик жамияти ривожланишига рағбат уйғотмайди. Биронта давлат жамиятнинг кўмагисиз ва ҳамкорлигисиз, яъни жамоатчилик назоратисиз қонун устуворлигига эришолмайди, ҳатто бу йўналишда ҳаракат қила олмайди. Қанчалик катта давлат хизматчилари армияси ёки ҳуқуқни муҳофаза қиладиган тизим яратилишидан қатъи назар, фақат шунинг ўзи билан қонун устуворлигига эришишнинг иложи йўқ.

Бу оддий ҳақиқат фуқароларимиз томонидан тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаб келинаётганди, айниқса, экологияга зарар, қоррупция, лицензиясиз фаолият юритаётганлар юзасидан хабар берганларни рағбатлантириш ташаббуслари олқишланаётган эди.

Масалан, Давлат экология қўмитасининг интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ёзувларни юборган шахслар жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Худди шундай, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар бир марталик пул мукофоти (БҲМнинг 3 бараваридан 25 бараваригача) билан рағбатлантирилади. Шунингдек, шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.

Лекин йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасига худди шу механизмларни татбиқ қилишга келганда, ижтимоий тармоқларда фикрлар қутбланиши, муҳокамалар пайдо бўлиб, аҳолининг маълум қатлами, айниқса, ҳайдовчилар томонидан кўп эътироз билдирила бошланди.

Энг ачинарлиси, қонун устуворлигининг рамзларидан бўлган, қонунларни қабул қилувчи олий орган вакилининг бу мавзудаги фикрлари жамиятимизга умуман кутилмаган тескари сигнал юборди. (Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев йўллардаги қоидабузарликлар ҳақида хабар берганларни “хоин”, “ватанни ҳам сотади” деб таърифлади https://t.me/deputat_kusherbayev/1419)

Бундай ёндашув, юмшоқ қилиб айтганда, кутилмаган эди. Қонунларни бузганларнинг айбини яшириш керакми? Нега бошқа соҳаларда нормал қабул қилинган ғоя йўл ҳаракатида ишлатилмаслиги керак? Ёки бу соҳада муаммо йўқми, ахир, гап инсонларнинг ҳаёти, хавфсизлиги, саломатлиги билан боғлиқ-ку. Ўзбекистонда бу соҳа шунчалик тартиблимики, биз аввал ундай қилинсин, кейин... деб шарт қўйиб ўтирсак? Аслида зудлик билан чоралар кўриш керак!

Охирги 5 йил ичида Ўзбекистон ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 10 000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, тан жароҳати олиб мажруҳ бўлганлар сони икки баробар кўп. Бу рақам қанчалик қўрқинчли: кимнингдир фарзанди, жигари, отаси ё онаси, севган инсони... бевақт ҳаётдан кўз юмяпти, мажруҳ бўляпти, бир сонияда умрлар барбод бўлиб, оилалар, фуқароларнинг тақдирлари ўзгариб кетмоқда.

Янги тизимга қарши ҳуқуқбузарлар мана шу тинч даврдаги олди олиниши мумкин бўлган қурбонлар учун виждони қаршисида нима деб жавоб беришини ўйлаяптими? Эртага ўз яқини шу қурбонлар қаторида бўлса, албатта фикри ўзгаради, чунки ҳар ким ўз танида ҳис этган оғриқдан келиб чиқиб хулоса қилади.

Яна бир нарсани билиш керакки, йўл ҳаракати иштирокчилари ёки халқимиз фақат ҳайдовчилардан иборат эмас.
Қонунни бузган ҳайдовчиларнинг бу тарзда ёнини олиш объектив қонунбузилишига йўл қўйган шахсларни очиқдан-очиқ жавобгарликдан қочиришга бўлган чақириқ сифатида қабул қилиниши баҳо берилиши керак. Давлат яратган қонунлардан фойдаланиб, ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берганлар, яъни ҳеч бир қонун бузмасдан ҳаракат қилсаю – халқ вакилининг ўзи томонидан “сотқин” деб ҳақоратланса, улар нима деб хулоса қилиши керак.

Ўзи битта ҳолат мени жуда қийнаб келаётганди: қачондан бери Ватан деганда биз қонунбузувчиларни тушунадиган даражага етиб келдик? Қоидаларга риоя қилмайдиганларнинг манфаатлари ватанга тенглаштириб ифода этилиши керакми? Бу “мантиқ” қаердан чиқди? Ўз манфаатини илгари суриш учун улуғвор Ватан ғояларини аралаштириш шартми?

Аслида, ҳуқуқбузарларга нисбатан “сотқинлик” жамиятга ва Ватанга садоқат деб қаралиши керак. Шу ахлоқдан бўлади!

Қоида бузмаслик масъулиятини ҳар бир ҳайдовчи ич-ичидан ҳис қилиши керак, лекин бир йилда миллионлаб ҳуқуқбузарликлар содир бўлмоқда, масъулият чекинмоқда, камчиликни яшириш олқишланмоқда. Демак, қонун бузилишларга қарши кураш усуллари кўп бўлиши керак – минглаб, миллионлаб. Ушбу курашга барча куч ва воситаларни сафарбар қилиш лозим: пул бериб, илҳомлантириб, рағбатлантириб, имтиёз бериб – ҳар қандай усул биз учун фойдали.

Жарима тўлашни истамасангиз – қоида бузманг, хулоса қилинг, режалаштиринг. Қоидани буздингизми – мард бўлиб, жазо муқараррлигига қарши чиқманг.

Қоидабузарлик ҳақида хабар берганларни рағбатлантириш амалиёти бугун биз ўйлаб топган янгилик эмас, у бутун дунёда жуда самарали қўлланиб келинмоқда, яъни вақт ва турли давлатлар тажрибасидан ўтган.

Буюк Британияда “crimestoppers” ташкилоти томонидан ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни 50 фунтдан 1000 фунтгача рағбатлантириш амалиёти йўлга қўйилган. Австралияда ҳам ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади.

Японияда “Anonymous Report Dial” тизими ишга туширилган, тизим орқали ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганларга қилмишдан келиб чиқиб мукофот пули берилади.

Кимларнингдир кайфиятини кўтариш учун маълум тоифага ёқадиган фикрларни айтиш жуда осон, албатта. Айниқса, бугунги очиқлик шароитида бу авж олмоқда. Бир-биримизга ёқадиган гапларни айтиб юришда давом этаверишимиз мумкин. Лекин, бунда ҳар бир қадам бизни қонун устуворлигидан янада узоқлаштираверади.

Хулосам шу: ҳуқуқбузарликнинг олдини олувчиларга “сотқин” дея тамға босиладиган бўлса, мен уларга қарши “сотқин” бўлишга тайёрман ва бундан ғурурланаман.

Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат
бошқармаси бошлиғи Шохидахон Юлдашева

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳуқуқбузарларга қарши курашувчилар сотқин бўлса – мендирман ўша ёхуд депутат қонун устуворлиги йўлида хизмат қилмаса жамият қаерга боради?

Жамият янгиликлари