Шавкат Мирзиёев халқни Хотира ва қадрлаш куни билан самимий қутлади

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисини 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан самимий муборакбод этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбари ўз табригида, аввало, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши курашда жон фидо қилган аждодлар хотираси олдида таъзим бажо келтирилишини таъкидлади. Шунингдек, бугунги кунда орамизда ҳаёт кечираётган уруш ва меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат ва эҳтиром изҳор этилди.
“Сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 81 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу унутилмас кунда, аввало, жанг майдонларида тенгсиз жасорат кўрсатиб, инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон ота-боболаримизнинг сўнмас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қиламиз. Бугунги кунда орамизда соғ-омон яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимизга юксак эҳтиромимизни изҳор этамиз.
Мустақиллик йилларида Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлган азму шижоатли ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини меҳр ва ҳурмат билан ёдга оламиз”, дейилади табрик хатида.
Президент Ўзбекистон халқининг тарихий жасоратини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, уруш йилларида миллионлаб юртдошлар фронтга сафарбар этилган, юз минглаб инсонлар ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Шу билан бирга, минглаб аскар ва офицерлар орден ва медаллар билан тақдирланган, юзлаб ватандошлар эса энг олий унвонларга сазовор бўлган.
Давлат раҳбари, шунингдек, уруш йилларида Ўзбекистон фронт ортида мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилгани, бошқа ҳудудлардан кўчириб келтирилган миллионлаб инсонларга бошпана ва меҳр кўрсатганини фахр билан тилга олди.
Бугунги кунда ҳам юртимизда фахрийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун зарур шароит яратиш ишлари изчил давом эттирилаётгани таъкидланди. Хусусан, байрам муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига моддий ёрдам кўрсатилгани қайд этилди.
Шунингдек, Ғалаба боғи ҳамда унинг таркибидаги “Хотира нури” ва “Миллат фидойилари” мажмуалари халқ учун муқаддас масканларга айланиб бораётгани билдирилди.
Президент бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни асраш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш устувор вазифа бўлиб қолаётганини алоҳида урғулади.
Табрик сўнгида давлат раҳбари барча юртдошларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва хонадонларга тинчлик тилаб, байрам билан яна бир бор қутлади.