14:08 / 26.04.2021
3 379

«Бу аписални сабрани, пиратакол ёзилопти!»


Жорий йилнинг 19-20 апрель кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Икки кун давомида моддама-модда муҳокама қилинган 29 моддадан иборат бўлган қонун лойиҳасининг 9-моддасигача келдик, холос. Аниқлаштирилиши лозим бўлган жиҳатларнинг кўплиги боис қонун лойиҳаси муҳокамаси бошқа кунга қолдирилди. Кейинги муҳокамагача масъул қўмита депутатлар фикрлари устида ишлаши керак.

Шу ўринда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов умрининг поёнида ўз қўли билан тартиб берган «Ярим аср дафтари» номли, адиб вафотидан сўнг 2014 йилда чоп этилган китобидан шу масалага дахлдор «Сиёсий ҳушёр раис» сарлавҳали воқеий ҳикояга эътиборингизни қаратмоқчиман.

«Устоз Саид Аҳмад ака бошлиқ бир гуруҳ адиб ва шоирлар (билан) бир вилоятга бордик. Колхозчи-деҳқонлар ҳаётини «ўрганиш» учун катта-кичик залларда учрашувлар қилиш (ўша пайтларда) одат тусига кириб қолган эди.

Хуллас, донғи кетган хўжаликлардан бирида галдаги учрашув бўлди. Ўша хўжаликнинг раиси эса «тўй ичида чалларни ҳам ўтказиб юборадиганлар»нинг тоифасидан экан, ижодий учрашувни ҳисобот мажлисига айлантириб юборди. Кейинги йилларда колхоз эришган ютуқлар ҳақида узоқ гапирганди. Фақат бир камчилиги — рус тилини билиш масаласида «мундайроқ» экан.

– Тавариш калхозники! – деди бақириб. – Пилон хлопка гатоп. Пилон маса гатоп! Пилон кокана (гап пилла режаси ҳақида) гатоп! Пилон живот – дея шу ерда тутилди.

«Живот… живот…” дедию, «животноводство» (чорвачилик) деган сўзга тили унчалик келишмай терлаб кетди, шўрлик! Мен ёнида ўтирган эдим. Секин унинг билагидан тутдим:
— Ўзбекча гапираверинг, раис бува, (бу) залда ўтирганларнинг ҳаммаси ўзбекку!
— Иби! – деди раис бош чайқаб. – Бу ерга шоли биргад бошлиғи тавариш Пак ўтирибди.

Ўртароқ қаторда ўтирган пастаккина бўйли бир йигит дик этиб ўрнидан турди.
— Ўзбекча гапираверинг, раис бова, – деди овозини баралла қўйиб. – Мен ўзбекчани яхши биламан.

Раис яна бош чайқади:
— Бу аписални сабрани (расмий мажлис), пиратакол ёзилопти!

Начора! Тағин ярим соатча «сиёсий ҳушёр» раиснинг алмойи-жалмойи гапларини эшитишга мажбур бўлдик».
Мана нима учун қонун лойиҳасининг ҳар бир сўзи устида тортишувлар кетмоқда. ХУЛОСА ЎЗИНГИЗДАН!
Зафар ХУДАЙБEРДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Бу аписални сабрани, пиратакол ёзилопти!»