09:33 / 30.04.2021
4 205

Мубашшир Аҳмад: “Кечаги қилғилик динга, ватанга, миллатга, тарихга, келажакка ва адолатга қилинган хиёнат бўлди”


Кеча Олий Мажлис депутатларининг ярмидан ортиғи “Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, жавоблар давлат тилида бўлсин”, деган таклифга рози бўлмагани, халқ сайлаган вакилларнинг ўзбек тилига беэътиборлиги, лоқайдлиги кўплаб муҳокамаларга, эътирозларга сабаб бўлди. Аксар зиёлилар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ушбу масала юзасидан фикр билдирди.

Жумладан, AzonUZ ва AzonTV лойиҳалари муаллифи Мубашшир Аҳмад ҳам ўз саҳифасида қуйидаги фикрларни ёзган.
“Унча-мунчага тушкунликка тушмайман. Лекин депутатларнинг (депутатларимиз дегани тилим бормади) кечаги қилғилиғи менга жуда қаттиқ зарба бўлди. Иккинчи кун ўтяпти, лекин ўзимга кела олмаяпман.

Ёшлигимизда (15-18 ёшлар) ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига қилинган фидокорона ҳаракатларга гувоҳ бўлганмиз. Ҳали Совет иттифоқи қуламаган кезларда зиёлиларимиз тил масаласини ҳаёт-мамот даражасига олиб чиқишганди.

Миллатнинг, юртнинг тириклигини унинг тириклигида кўришганди. Ундан кейинги даврларда диндор қатламга қўшиб, зиёли қатлам ҳам қатағон қилингани бежизга эмас экан. Мана ўша жиноятлар мевасини энди териб оляпмиз. Ҳали бу аччиқ меваларни анча вақтгача "чайнаш"га мажбур бўлсак керак.

Нима бўлганда ҳам, кечаги қилғилик динга, ватанга, миллатга, тарихга, келажакка ва адолатга қилинган хиёнат бўлди. Бу қилғиликнинг бошқа таърифи йўқ!

Ўтган асрнинг саксонинчи-тўқсонинчи йилларида Ёзувчилар уюшмаси жуда кучли ташкилот бўлган. Мустақиллик декларацияси, Давлат тили тўғрисидаги Қонунни қабул қилишда уюшманинг ўрни жуда катта бўлган. "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида жуда катта публицистик мақолалар чоп қилинарди. Уларда миллий давлатчилик, пахта монополияси, тил, дин ва ахлоқ каби улкан масалаларда қайноқ мавзулар баҳс қилинарди. Одил Ёқубов, Ёқубжон Хўжамбердиев, яна номларини эслолмаётганим кўпгина миллат жонкуярлари ўзбекнинг дардини кўтариб чиқишарди. Худди диний йўлбошчилардек миллатнинг виждони бўлган забардаст адиблар сиёсат, ижтимоиятда ўринларига эга эдилар.

Ҳозир Ёзувчилар уюшмаси нима, раҳбари ким ва нима ишлар билан машғуллигини ҳеч ким билмайди. Бу ташкилотнинг ва аъзоларининг қадри, савияси қасддан ва режали туширилди. Касаба уюшмаси каби номи бор, ўзи йўқ, ўлик ташкилотга айлантирилди. Мен ҳозир халқ ҳурмат қиладиган, ишонадиган ва суянадиган бирор адиб - шоир ё ёзувчини билмайман (Агар панада бўлишса, улар мени маъзур тутишсин). Кечаги тил масаласидаги миллий фожиамизда, уларнинг ҳатто унини ҳам эшитмадик. Ваҳоланки мен, ёзувчиларни миллат виждони, деб билардим. 
Биз виждонидан айрилган миллатга айландик”
.
Мубашшир Аҳмад

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мубашшир Аҳмад: “Кечаги қилғилик динга, ватанга, миллатга, тарихга, келажакка ва адолатга қилинган хиёнат бўлди”