
Фото: Getty Images
Дунёда коронавирусдан эмланганлар сони ортиб борар экан, пандемия устидан қозонилажак ғалаба, чегараларнинг очилиши, транспорт алоқаларининг тикланиши ва умуман олганда биз пандемиягача билган одатий ҳаёт тарзига қайтиш ҳақида кўп гапирила бошланди.
Бироқ ЖССТ вакцинация катта темпларда кетаётган бадавлат давлатларга нафақат ниқобларни ечмаслик балки бошқа чеклов чораларини ҳам бекор қилмасликни тавсия қилмоқда. Олинган вакцина вирус юқишидан қанчалик муҳофаза қилади ва ниқобларни қачон ечиш мумкин бўлади?
Яширин таҳдид
Бир ой муқаддам Сингапурдаги руҳий хасталиклар интернатининг 37 ёшли беморида коронавирус аниқланганда муассаса раҳбарияти ваҳима кўтаришга шошилмади.
Муассасанинг ўзига хослиги ҳисобга олинган ҳолда барча ходим ва саломатлиги омонат бўлган хасталар риск гуруҳига кирувчилар сифатида февраль-март ойидаёқ эмланишганди. Бироқ ҳар эҳтимолга қарши интернат карантинга ёпилди. Барча ходим ва беморлар, шунингдек, касалланган аёл ва унинг боқувчиси билан мулоқотда бўлганлар карантинга олинди ва мунтазам тест қилиб турилди.
Кейинги ҳафта давомида ўттиз кишида, шу жумладан, филиппинлик боқувчи аёлда ҳам вирус аниқланди. Ундан ташқари, интернатнинг тўрт ходими ва 26 нафар беморида ҳам коронавирус аниқланди.
Касалланганларнинг аксари коронавирусга қарши эмланган (яъни икки дозани ҳам олган) ва диагноз қўйилган чоғда ҳеч қандай симптомлар йўқ эди.

Ундан ташқари, эмланишга бўлган реакция жуда ҳам индивидуал. Қариялар, сурункали касалликлари бор ёки антидепрессантлар ичадиган одамларда организмнинг ҳимоя жавоби сустроқ бўлиши мумкин. Демак, ҳатто вакцинациядан кейин ҳам уларга вирус юқиши эҳтимоли юқорилигича қолаверади.
Умуман олганда, кўплаб тадқиқотлар эмланган одам коронавирус юқтирган тақдирда ҳам, инфекция унда асосан симптомларсиз, камдан кам ҳолларда нисбатан енгил шаклда ўтишини кўрсатади.
“Эмланиш қутқаради, лекин вакцинациянинг ўзи билангина муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Вирус тарқалишига қарши барча усуллар билан курашишда давом этиш керак. Айниқса, атрофда кўпчилик эмланмаган ва Covid-19 бунчалар кенг тарқалган шароитда”, дейишмоқда ЖССТдагилар.
Касалланмаган дегани соғлом дегани эмас
Сўнгги дамларгача олимлар эмланган одамлар нафақат касалланишлари, балки инфекция ташувчиси бўлишлари мумкинлиги борасида ишонч ҳосил қила олмадилар.

Гап шундаки, тасдиқланган барча вакциналарнинг клиник синовлари препаратнинг хавфсизлиги ва касалланишнинг симптоматик ҳолатларини бартараф қилиш хусусиятларини намойиш қилишга қаратилганди. Бинобарин, вирус бор-йўқлигига аҳволи ёмонлашган кўнгиллилар тест қилинган, холос.
Қолган кўнгиллилар кузатилмаган. Кимдир Covid-19 билан оғриб, инфекцияни симптомларсиз ўтказиб юборган бўлса, бу касалланиш статистикасига қўшилмаган.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, касалликни симптомсиз ўтказаётганлар жами касалланганларнинг 86 фоизини ташкил қилаётганини ҳисобга олсак, ҳар бир қўйилган диагнозга бир нечта ҳисобга олинмаган касалланиш ҳолатлари тўғри келади. Кўнгиллиларнинг қанчаси (ҳар бир препарат ўрта ҳисобда 30-40 минг кишида синалган) шу тариқа касалланагани ҳам маълум эмас.
Гап шундаки, инфекциянинг бу йўл билан тарқалишини кузатиш фавқулодда қийин юмуш. Бунинг учун амалда барчани – ҳали касал юқтирмаган соғлом одамларни ҳам, касалланиб чиққанларни ҳам, вакцина олганларни ҳам бир чеккадан тест қилиб чиқиш керак.
Бунга бир неча бор уриниб кўришган. Фақат чекланган ижтимоий гуруҳларда. Масалан, бир тажриба доирасида америкалик шифокорлар, ижтимоий соҳа ходимлари ва “пандемия билан курашиш фронти заҳматкашлари”дан иборат кўнгиллилар симптомлар бор-йўқлиги ва вакцина қилинган-қилинмаганидан қатъи назар уч ой давомида ҳар ҳафта коронавирусга тест топшириб туришган. Шунда вакцинанинг икки дозаси олингач, инфекциянинг организмда қолиш эҳтимоли 25 баробарга камайган.
Шунга ўхшаш тажрибаларни вакцина ишлаб чиқарувчилар ҳам ўтказишади ва илк натижалар умидбахш. Масалан, Johnson & Johnson препарати инфекциянинг симптомсиз кечишини тўртдан учга камайтиради.
Исроилдаги оммавий эмлашлар борасидаги маълумотларга кўра, Pfizer-BioNTech вакцинаси билан эмланганларда вирус юкламаси (қондаги вирус концентрацияси) касалланганда эмланмаганларга нисбатан 4,5 баробар камроқ. Англиянинг Public Health England соғлиқни сақлаш хизмати томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, Pfizer ёки AstraZeneca’нинг ақалли бир дозасини олган одамлар ўз оиласидагиларга икки баробар камроқ касал юқтиради.
Айни натижалар шу каби бошқа тадқиқотларда ҳам кузатилган. Умуман олганда, мутахассисларнинг сўзларига қараганда, вазият анча некбин кўринишда.
Назариёт ва амалиёт
Муаммо шундаки, бу тадқиқотлар бир неча мантиқий, лекин ҳали тасдиқланмаган тажрибалардир.
Масалан, болалар ва симптомлари бор вояга етганларда вирус юкламаси симптомсиз беморларга нисбатан юқорироқ. Шунинг асосида олимлар камроқ вирус юкламаси бўлган одамлар камроқ аксиради ва йўталади ва демакки, атрофдагиларни камроқ шикастлантиради деган фикрдалар.

“Бугунги кунда қўлга киритилган маълумотлар эмланганлар Covid-19’га чалинганда вирус юкламаси эмланмаганларга қарши пастроқ бўлади”, деб юқори ишонч билан айтиш имконини беради.
Бундай ҳолда эмланган одам эмланмаган одамни шикастлаш эҳтимоли ҳам паст бўлади. Ваҳоланки, инфекциянинг бундай шаклда юқишини биз истисно қила олмаймиз”, дейди Вашингтон университети бутунжаҳон соғлиқни сақлаш кафедраси профессори Барбара Ричардсон.
Масалага узил-кесил нуқта қўйиб, эмланганлар ва эмланмаганлар қай даражада вирус тарқатиши мумкинлигини аниқлаш учун кенгроқ кўламда ва барча ижтимоий алоқаларни диққат билан ўрганган ҳолда тадқиқ қилиш керак бўлади.
Ана шундай тажрибалардан бири Вашингтон штатида ўтказиляпти: аввалига маҳаллий коллежлар талабалари орасидан кўнгиллилар танлаб олиниши кўзда тутилганди, кейинроқ штатнинг 18 ва 30 ёш оралиғидаги исталган фуқароси қатнашишига рухсати берилди. Тўрт ойлик кечикиш билан вакцина олишга розилик берган кўнгиллилар (ёхуд эмланишдан воз кечганлар) амалда худди шу ёшдаги эмланган одамларнинг назорат гуруҳига айланади.
Икки гуруҳдаги кўнгиллилар ҳам ҳар ҳафта коронавирусга тест топширишади, уларнинг яқин контактлари ҳафтасига икки бор топширишади. Олимлар эса, фарқларни ўрганиш билан шуғулланишади: вирус икки гуруҳ ичида ва ўзаро қанчалар тарқалади.
Умуман олганда, Стэнфорд университети биоинженерия лабораторияси раҳбари, профессор Майкл Линнинг ишонтиришича, ўтказилган кузатувлар асосида қандайдир хулосалар чиқариш мумкин.
“Вакциналар, шубҳасиз, кейинчалик вируснинг юқишидан асрайди ва шикастланиш хавфини 79-88 фоизга камайтиради. Бироқ Сингапур кластерлари эмланган одам касалланса, бошқаларни шикастлаб, у инфекцияни тарқатишда давом этишини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Баъзан эса, (масалан, одамлар ёпиқ иншоотларда овқатланганда ёки суҳбатлашганда) вирус юқиши янаям самаралироқ бўлади”, дейди Майкл Лин.

“Эмланганлар кўпинча симптомсиз касалланишади, лекин уларнинг аксари вирус ташувчиси бўлишади”, дея сўзларига якун ясайди профессор. Унинг сўзларига кўра, хавф ҳатто эмланган ва симптомсиз беморлар организмида вирус кўпайишда давом этади ва мутацияга учраши ҳам мумкин ҳамда яна юқаверади – энди ўзгарган ҳолда.
Бироқ ЖССТдагилар BBC мухбирига ҳали хавфсирашга асос йўқлигини айтишган: “Вакциналарнинг самарадорлиги, диагностика тестлари ва ҳоказолар нуқтайи назаридан туриб қараганда, вируснинг янги вариантлари қанчалар хавф туғидириши мумкинлиги ҳақидаги тадқиқотлар давом этмоқда, аммо айни дамда қўлга киритилган маълумотларга кўра вакциналар самарадор бўлишда давом этади”.
Агар эмлаш кампанияси режа бўйича кетса, коронавирус пандемияси аста-секин чекинади ва бора-бора шамоллаш, грипп ва бошқа ЎРВИ касалликлари каби оддий мавсумий инфекцияга айланади. Мутахассисларнинг прогнозига кўра, бу кейинги ёзга қадар содир бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар