10:42 / 16.10.2021
1 428

Ўзбекистон қамоқхоналарида 2000 дан зиёд диний ва сиёсий маҳбус бор — АҚШ комиссияси ҳисоботи

Ўзбекистон қамоқхоналарида 2000 дан зиёд диний ва сиёсий маҳбус бор — АҚШ комиссияси ҳисоботи
АҚШнинг Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича комиссияси (USCIRF) 13 октябрь куни Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳбуслар ҳақида ҳисоботини эълон қилди (.пдф). Тадқиқот ҳукумат маълумотлари, амалдорлар, яқинда қамоқдан озод этилган шахслар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва айни вақтда жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг қариндошлари билан ўтказилган суҳбатлар, шунингдек, суд ҳужжатлари асосида тайёрланган, деб ёзади «Gazeta.uz».

Ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатда президент ўзгарган 2016 йил охиридан бери минглаб маҳбуслар озод этилганига қарамай, 2000 дан зиёд одам конституциявий тузумга тажовуз қилиш, тақиқланган адабиётларни сақлаш ёки тақиқланган гуруҳларга аъзо бўлиш каби «мужмал ва ҳаддан ташқари кенг талқин қилиш мумкин бўлган айбловлар» билан қамоқда қолмоқда.

Комиссия маълумотларига кўра, қамоқхоналарда диний ва сиёсий мотивларга кўра судланган 1176 нафар, манзил-колонияларда эса 1000 нафар — жами 2176 нафар маҳбус сақланмоқда. Бу мамлакатдаги барча маҳбусларнинг тахминан 10 фоизини ташкил этади (2020 йил охирида Ўзбекистондаги 43 та қамоқхонада 22 867 нафар маҳкум сақланаётган эди).

«Бу собиқ совет республикаларидаги барча диний маҳбуслар йиғиндисидан ҳам кўп ва жаҳон бўйича энг юқори кўрсаткичлардан биридир», — дейилади ҳисоботда.

USCIRF маълумотига кўра, ҳисоботда номлари зикр этилган маҳбусларнинг «аксарият кўпчилиги» «қийноқлар ва шафқатсиз муносабат, шунингдек, ҳибсга олиш ва судлов жараёнида адвокат ҳимоясидан фойдаланиш ёки адвокат билан боғланишга доир илтимосларнинг рад этилиши ҳақида ишончга сазовор баёнотлар берган».

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистондаги минглаб «виждон маҳбуслари» 20 йилдан зиёдга озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтамоқда, бу эса «жаҳондаги диний қарашлар учун белгиланган энг узоқ муддатли ҳукмлардан биридир». Ҳисобот муаллифларининг ёзишича, кўпинча дин билан боғлиқ айбловлар билан «бир оиланинг турли авлод (ёш)га мансуб бир неча аъзолари» қамоққа тушади.

USCIRF’дан маълум қилишларича, «диний маҳбусларнинг катта қисми» зўравонликларга алоқадорлиги исботланмагани ҳолда, фақат тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айбланиб, судланган.

Ҳисоботда «диний маҳбусларнинг жазо муддатини ўзбошимчалик узайтириш ва уларни жазони ўташ вақтида такроран суд қилиш билан боғлиқ хавотирли манзара» қайд этиб ўтилган.

«Хусусан, Каримов даврида диний ва сиёсий маҳбусларнинг қамоқ муддатини ўзбошимчалик билан узайтириш учун тез-тез қўлланилган Жиноят кодексининг машҳур 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) бекор қилинганига қарамай, Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳбусларнинг катта қисми ҳозирда ҳам қамоқда бўлган вақтида ҳукмлари янги айбловлар билан қайта кўриб чиқилгани боис ҳамон тутқунликда қолмоқда. Такрорий ҳукмлар адолатли судлов стандартларига риоя этилмаган ҳолда чиқарилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Комиссиянинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати диний маҳбусларга нисбатан чиқарилган такрорий ҳукмлар бўйича аниқ маълумотларни тақдим этмаган. Бироқ, ҳисоботга кўра, Жиноят кодексининг экстремизмга алоқадор 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216-моддаси (жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) кабилар билан судланган кўплаб маҳбуслар такроран жазоланган. Комиссия маълумотларига кўра, бундай маҳбуслар учун янги жазолар 6 йилдан 18 йилгача бўлган муддатни ташкил этади.

Комиссиянинг фикрича, Ўзбекистон расмийлари жазо муддати узайтирилган ёки жазони ўташ вақтида Жиноят кодексининг 221-моддаси бўйича такроран ҳукм қилинган ҳар бир маҳкумнинг ишини мақсадли равишда имкон қадар тез ўрганиб чиқиши лозим.

Ҳисоботда маҳбусларнинг бир қисми хориждан мажбуран қайтариб олиб келингани, айрим ҳолатларда тегишли ҳуқуқий жараёнлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасига доир бошқа талаблар бузилгани юзасидан хавотирлар билдирилган. Бундай шахслар қаторида БААдан экстрадиция қилинган Муҳаммаджон Аҳмаджонов ва Россиядан, меҳнат муҳожирлигидан қайтиши билан ҳибсга олинган Умар Бадалов санаб ўтилган.

«Ўзбекистон Жиноят кодексининг кўплаб, хусусан, ‘диний экстремизм’ ва ‘аксилконституциявий фаолиятъга дахлдор ҳамда 2021 йил мартида тузатиш таклиф қилинган моддалари шу қадар мужмал ва кенг қамровлики, улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳам бузади... Ушбу айбловлар асосида озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар ҳақиқий эмас ва бу ҳукмлар биргина шу асос билан бекор қилиниши лозим», — дейилади USCIRF ҳисоботида.

Комиссия судланганларнинг реабилитацияси билан боғлиқ масалалардаги муаммоларни ҳам қайд этиб ўтган. Фақат оқлов ҳукмигина реабилитация ва зарарни қоплаш ҳуқуқидан фойдаланишга имкон берса-да, озод этилган диний ва сиёсий маҳбусларнинг бари қонуний реабилитацияни истисно қиладиган афв ёки амнистия кўринишида эркинликка чиққан.

«Баъзи ҳолларда маҳбуслардан ўз айбларини тасдиқлаш ёки расман ёзма кўринишда афв этишни илтимос қилиш сўралган, бу эса келгусида уларни оқлаш ёки реабилитация қилишга уринишларни имконсиз қилиб қўйган. Кўпчилик шартли равишда озод этилган. Айримлардан ўзининг компенсация ҳуқуқи ёки зарарни қоплашнинг бошқа шаклларидан воз кечиши сўралган. Кўплаб иш берувчилар собиқ диний ёки сиёсий маҳбусларни ишга олишни хоҳламайди, чунки жарима солиниши мумкинлигидан ёки фойдали давлат шартномаларидан қуруқ қолишдан қўрқади; бошқаларнинг эса салоҳиятли ходим ҳақиқатан ҳам оддий жиноятчи бўлмаганига ишончи комил эмас», — дейилади ҳисоботда.

USCIRF’нинг қайд этишича, давлат томонидан молиялаштириладиган иш таклифлари кўпинча «инсоннинг малакаси нуқтаи назаридан номувофиқ ва баъзан таҳқирловчи ҳам»дир.

«Озод этилганидан сўнг реабилитация қилинган шахс мақомини олиш амалда ҳаддан ташқари мураккаб ва озод этилган диний маҳбусларнинг жуда кам қисми ўз ишларининг қайта кўриб чиқилишига эришиши ёки реабилитациядан ўтиши мумкин», — дейди комиссия вакиллари.

«Жиддий ислоҳотга муҳтож соҳа»
Ўзбекистон мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг диний эркинликлар соҳасида сезиларли ўсишга эришди, бироқ, экспертларнинг фикрича, вазиятни янада яхшилаш учун ҳали ҳам имкониятлар бор.

Вазиятни ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган ва USCIRF ҳисоботи муаллифи ҳисобланган ҳуқуқ ҳимоячиси Стив Свердловнинг маълум қилишича, «расмийлар, айниқса давлат хавфсизлик хизматлари, терроризм масаласида, хусусан, қўшни Афғонистондан келаётган хавотирлар сабабли диний эркинликни мувозанатлаштиришига тўғри келди», дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Wашингтон Times.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда «қабул қилинаётган барча қарорларга хавфсизлик хизматлари ҳаддан ташқари кўп босим ўтказишда давом этаётгани билан боғлиқ асосий тизимли муаммо ҳамон мавжуд».

Комиссиянинг маълум қилишича, Ислом Каримов даврида қамоқхоналарда 7 мингдан 10 минг нафаргача сиёсий ва диний маҳбуслар бўлган. Бундан ташқари, «эҳтимолий диний ақидапарастлар»нинг «қора рўйхатлари» ҳам юритилган бўлиб, уларга ўн минглаб фуқароларнинг исми-шарифи киритилган эди.

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги даврида 20 мингдан зиёд «мустақил мусулмонлар ва уларнинг қариндошлари» «қора рўйхат»дан ўчирилди. Шу билан бирга, 65 дан зиёд таниқли сиёсий маҳбуслар, шунингдек, диний маҳбусларнинг катта гуруҳи озод этилди.

Бироқ, БМТ тузилмаларининг кўп сонли даъватларига қарамай, Ўзбекистон расмийлари диний мотивларга асосан судланиб, озод этилган ёки ҳамон ҳибсда қолаётган фуқароларнинг сони ёки исмларини эълон қилмаган.

«Бугун тақдим этилган ҳисобот Ўзбекистоннинг муваффақиятлари аҳамиятини камайтирмайди, балки ҳали ҳам жиддий ислоҳотга муҳтож соҳани алоҳида ажратиб кўрсатади», — дея маълум қилди USCIRF раиси Надин Маэнза.

Комиссия раиси ўринбосари Нури Туркел 53 ёшли Муҳитдин Эргашев ва 42 ёшли Фаррух Йўлдошевнинг ишлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, ҳар иккала маҳкум қийноққа солинган, Йўлдошевнинг етти йиллик жазо муддати 2000 йилдан бери бир неча бор узайтирилган. Эргашев эса 15 йилга, унинг икки ўғли эса 12 ва 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

«Ушбу шахслар ва ҳисоботда номлари зикр этилган бошқа 79 киши зўравонлик, зўравонлик таҳдидлари, зўравонликка ундаш ёки бошқа ҳар қандай жиноий хулқ-атворга алоқадорлигини ёки шундай ҳаракатларни содир этишда иштирок этганини тасдиқловчи ишончли далиллар йўқ», — дейди Туркел.

Ҳисоботда жами 81 нафар судланувчининг исмлари келтирилган бўлиб, улар орасида Файзулла Аъзамов, Жаҳонгир Камолов, Тоҳир Жуманов, Миразиз Мирзааҳмедов, Равшан Каримов, Жамшидбек Отабеков, Шамсиддин Ғиёсов, Рустам Турназиев, Намоз Нормуродов, Баҳромжон Иноғомов, Шуҳрат Усмонов, Қодир Юсупов ва бошқалар бор.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон қамоқхоналарида 2000 дан зиёд диний ва сиёсий маҳбус бор — АҚШ комиссияси ҳисоботи