09:39 / 26.10.2021
1 336

Мулоҳазалар. Карим Баҳриев

Мулоҳазалар. Карим Баҳриев
Агар шундай давом этса, биз уни (давлатни) ўзимиз нафас олиб турган ҳаво учун ҳам мақтай бошлаймиз.
*
Энди сен Московга пул ташимайсан,
Энди сен ... Тошкентга ташийсан пора.
*
Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик сезилмайди, чунки у бу ерда яхши уюштирилган.
*
Тарихда ҳеч қайси бир президент (хон, подшоҳ, монарх) бир ўзи бюрократияни жиловлай олмаган. Минглаб амалдорларнинг маҳобатли организми яшаб келмоқда ва у ўзининг ички қоидаларига кўра кўпайиб бормоқда. Жаҳон тарихи ва тажрибаси шуни кўрсатяптики, амалдорларнинг сулоласи ва бюрократиясига фақатгина фуқаролик жамияти ва унинг институтлари – ҳаққоний ва озод сайланган парламент, мустақил судлар, мустақил ОАВ, мустақил касаба уюшмалари, мухолиф партиялар, маҳаллий бошқарув органлари қарши тура олади. Жамоат институтлари, шу жумладан, мустақил ОАВ мавжуд бўлишига йўл қўймаган бошқарувчи ўзини бюрократия асирига айлантиради ва унинг измида бўлади, демакки, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш қобилиятига эга бўлмайди.
*
Иқтисодиёт эркин бозор қонуниятлари асосида ривожланиши керак. «Дирижёр бошқарадиган» иқтисодиёт бўлмайди. «Дирижёр бошқарадиган» иқтисодиётда фақат «дирижёрлар» яхши яшашади, яъни ўз манфаати йўлида ўйин қоидаларини ҳамиша ўзгартирадиган ва ўрнатадиган амалдорлар. «Бошқариладиган демократия»да эса фақат бошқарувчиларнинг ўзлари яхши яшашади.
*
Ҳазрат Навоий ҳам ёзганлар: “Фаровонлик адолат бор ерда бўлади”. Сўз эркинлиги адолатнинг ажралмас қисми ва асоси ҳисобланади. Амир Темур қиличида “Рости русти”, яъни “Куч – ҳақиқатда” деб ёзилган, хато тахмин қилишларича “Куч – адолатда” деб эмас. Энди эътибор беринг: сўз эркинлиги ва демократия ўрнатилган давлатлар – Япония, АҚШ, Корея, Европа давлатлари бой ва фаровондир. Ваҳоланки, уларнинг ҳаммаси ҳам мислсиз ерости ва ерусти бойликларига эга эмас. Нефт, битмас-туганмас ерости бойликлари бор, бошқа минтақаларга нисбатан яхши бўлган иқлимга, меҳнаткаш халққа эга, бироқ сўз эркинлиги ва демократия бўлмаган давлатлар эса камбағал. Бу каби давлатларга мисол қилиб мен Ироқ, Сурия, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқаларни кўрсатган бўлардим.
*
Цензура мавжуд, ташқи ва ўзимизнинг ичимизда ҳам.
*
Омон қолганим учун хижолатдаман. Аввало бу Яратганнинг иродаси. У мен кўп бор қалтис ҳаракатланаётганимни кўрган ва ҳар сафар сақлаб қолган.
*
Унинг (“HURRIYAT” газетаси) биринчи сони чоп этилгач, давлат Матбуот қўмитаси раиси Рустам Шоғуломов мени ўз ҳузурига “гилам устига” чақирган. Иккинчи сондан кейин бош вазир ўринбосари Алишер Азизхўжаев олдига чақириб бўралаб сўккан. Учинчи сондан кейин давлат раҳбарининг маслаҳатчиси чақиртирган. Тўртинчи сондан кейин энг “юқори”га чақиришган. Бешинчи сондан кейин газета чиқиши тўхтатилган.
*
“Ўз фамилиямни ёлғон чоп этилган газета тагида кўра олмайман”.
*
Мен блогергларга жуда яхши муносабатдаман, ҳатто мамлакат келажагига бўлган умидларимни улар билан боғлайман. Улар ҳам шу мамлакатда яшашади ва ҳозирча рухсат этилганнинг чегараларидан чиқишганича йўқ. Блогерлар – журналистиканинг бир қисми, бунинг устига замонавий ва янги қисми, лекин кекса журналистиканинг барча “болаларча касаллиги” уларга хос. Бирдамлик, биродарлик, ҳамфикрлилик йўқ (!)
*
Бизнинг матбуотимиз олдинга – жуда узоқ масофаларга қадам босиб ўтди. Интернет ва янги технологиялар бу жараёнга янги тўлқинни олиб келди. Ўзбекистоннинг давлат ОАВ ўзгаришларга лаёқатли эмасликлари маълум бўлиб қолди, аммо мустақил сайтлар ва бошқа электрон ОАВ анча прогрессив. Бироқ уларнинг барчасини демократик мамлакатлар матбуоти билан таққослаганда, ҳали мукаммалликдан жуда узоқ.
*
Мамлакат раҳбарияти ўзгариши муносабати билан журналистлар анча жиддий мавзуларда ёзиш, ҳокимият ва амалдорларни танқид қилиш имкониятига эга бўладилар деган умид пайдо бўлди. Бу ерда ўз-ўзидан муаммолар ҳам пайдо бўлиши мумкин: журналистларни судга беришади, ОАВни ёпишга ва журналистларга босим ўтказишга ҳаракат қилишади. Демак, ҳамкасблар ҳуқуқий кўмакка муҳтож.
*
Интернет нашрлари кадрлар етишмовчилиги муаммосига мутахассис йўқлигидан эмас, балки нисбатан янги йўналиш бўлганлиги учун дуч келишмоқда. Уларни интернет журналистикасига ўқитиш керак.
(Давоми бор)

Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Мулоҳазалар. Карим Баҳриев