Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова
Ҳар кимда ҳар доим яхшилик қилиш, кимгадир ёрдам бериш имкони бўлади. Биз учун оддий, арзимасдек кўринган ҳаракатларимиз ортидан кимнингдир мушкули осон бўлиши, қўйингки, ҳаёти бутунлай яхши томонга ўзгариб кетиши мумкин. «Дарё» «Яхшилик» лойиҳаси доирасида яхшилик ҳақидаги ҳаётимизда рўй берган реал ҳикоялар чоп этиб борилади. Дастлабки ҳикоя фарғоналик журналист Соҳиба Абдураҳмоновага тегишли.
2015 йил. Қизим немис тилини ўрганиб юрган пайтлар эди. Фарғона давлат университетига мастер-класс ўтиш учун Германиядан бир гуруҳ ўқитувчилар келганди. Улар бир неча ой немис тилига қизиқувчи ёшларга дарслар ўтди. Ўқувчилар орасида менинг қизим ҳам бор эди.
Бир куни қизим «Ойижон, ўқитувчиларим Германияга қайтиб кетяпти. Бир ўқитувчи менга жуда ёқиб қолди. Ўзбекистонни жуда яхши кўраркан. Шу аёлни уйимизга чақириб, меҳмон қилмаймизми?», деб қолди. Мен эса «Албатта, шунча пайт текинга ўқитишяпти, шунча нарса ўргандинг, майли, раҳмат сифатида ош қилиб бераман», деб рози бўлдим.
Аёл учун кичкинагина дастурхон ёзиб, меҳмон қилдик. Ўшанда турмуш ўртоғимнинг жаҳли чиқди.
— Нима кераги бор эди, чет элликни уйга чақириш шартмиди, булар давлат назоратидаги шахслар бўлса!?
— Дадаси, қўяверинг, меҳмон атойи Худо, эртага бизга ҳам бирор яхшилиги тегар. Ҳеч бўлмаганда қизингиз Германияда ўқиётганда бирор марта тушлик олиб қайтарар...
— Бугун бор-у эртага кўрмайдиган одаминг бўлса, нима яхшилиги тегарди?
Суҳбатимиз шундай якунланди.
Турмуш ўртоғимнинг феъли ўзи шундай оғирроқ эди. Кейинроқ яна гаплашарман дедим-да, меҳмонга қарадим.
Хуллас, аёлни чиройли меҳмон қилиб кузатдик, адрас шарф совға қилдик. Меҳмон Семона бизга раҳмат айтиб, хурсанд бўлиб, ўз юртига қайтиб кетди.
Орадан йиллар ўтди. Қизим лицейни тамомлаш арафасида Берлиндаги университетга грант ютиб олди. Бошқа тарафдан эса фан олимпиадасининг республика босқичида ғолиб бўлиб, Ўзбекистондаги (блокида немис тилиси бўлган) исталган таълим муассасасида грант асосида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди.
Қизим болалигидан хорижда таҳсил олишни орзу қиларди. Табиийки, грант ютгани учун Германияни танлади. Аммо ўша пайт бир муаммо пайдо бўлди. Яъни Германияга виза олиши учун банкда ўша фуқаронинг ҳисоб рақамида саккиз минг евро пули бўлиши керак экан. Бу маблағ талабанинг даволаниши, пулга муҳтож бўлиб қолмаслиги учун зарур экан, битиргунича талабанинг ҳисобида туриши шартлиги айтилди. Усиз ҳеч қандай виза берилмас экан.
Биласиз, бу ўша пайтда (ҳатто ҳозир ҳам) кичкина пул эмасди. Таниш-билишлардан ёрдам сўрадик, лекин бунча пулни бирданига топиш амримаҳол эди. Ўқиш эса яқин орада бошланар, қизим «Германияга кетолмайманми?», деб йиғларди.
Бизнинг бўлса бошимиз қотганди. Саккиз минг еврони энди қаердан топамиз?
Ўша пайтлари Nexia русумли машинамиз бор эди. Дадасидан «Келинг, шуни сотиб, банкдаги ҳисоб рақамга қўйиб турайлик», деб сўрадим. Аммо хўжайиним «Ўзбекистонга ҳам грантга кирди-ку, шу ерда ўқиса бўлмайдими?» деди ва машинасини сотишга рози бўлмади. Оилада кўпчиликмиз, машинанинг ҳам ёрдами яхшигина тегиб турганди.
Энди нима қиламиз деб Аллоҳдан ёрдам сўраб, ечим излардик. Ўзининг меҳрибонлигини қарангки, ўша пайт бир янгиликдан хабар топдик. Яъни мамлакат қонунларига кўра Германияда яшайдиган ойлик маошга эга инсон бошқа мамлакатдан келадиган талабани ўз қарамоғига олса, пулсиз қолганида маблағ бераман, касал бўлса, даволатаман, деб кафолат хати берса, ҳеч қандай ҳисоб рақамдаги маблағ талаб қилинмас экан.
Ўша аёлга бу ҳақда ёрдам сўраб ёзганимизда, у бажонидил рози бўлди ва бизга тилхат юборди. Биз эса ўша ҳужжат билан ҳеч қандай ортиқча маблағларсиз қизимни Германияга ўқишга юбордик. Биргина тушлик саккиз минг евро бўлиб қизимга, оиламизга қайтди...
Хонзодабегим Аъзамова ёзиб олди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади