Адвокатнинг ўзига ўқиган ҳукми

  • Ҳаёт тарзи
  • 21-08-2018, 09:58
  • 1 158
  • Адвокатнинг ўзига ўқиган ҳукми
    — Агар хонанинг деразаси бўлганда эди ёмғирдан хира тортган бўларди, — деди дарчага кўз тикканча кунни ярим қилган маҳбус. — Шаҳримиз ариқлари икки кунлик ёмғирни тўплайдиган даражада чуқур эмас. Сув машина йўлигача чиқиб кетгандир, ҳойнаҳой?!

    Йигит ташқаридаги ҳолатни ўзича тасаввур этди. Кичик дарчадан кирадиган қуёшнинг бир тутамгина нури хонанинг тўрт томонини бирдек иситишга қодир эмас. Бундай ҳодиса фақат ёз ёки ҳаво очиқ бўлган маҳали рўй бериши мумкин. Захнинг совуқ нафаси уфуриб ётган деворлар… Йигит кўзларини юмди. Каравоти тираб қўйилган девор юзини ўнг қўли билан анча вақт силаб ётгач:

    — Бу ерга келганимга ҳам бир ой бўлибди, — деди.

    Бироқ у шу ўттиз кундан эмас, шу кўйга тушишига сабабчи одамлардан аламзада эди. Оттираётган ҳар бир тонги дилига тушган қасос ўтини янада алангалатиб борарди. Тўсатдан:

    — Кетишим, бу ердан тезроқ чиқишим керак, — деганча ўрнидан турди. — Шу ердан чиқиб олай, биронтанг назаримдан четда қолмайсан!

    Каталакдек хонада нима қиларини билмай бир ерда анча вақт тик турди.

    — Оғайни, бугун ҳам оч қолган кўринасан! — қўшни камераларнинг биридан овоз келди.

    — Ҳой, кимсан ўзи мени ҳақорат қиладиган?

    — Сени хақорат қилаётганим йўқ. Ҳақиқатни айтяпман, холос. Сен янгилардансан. Келганингга бир ой бўлди. Бироқ шу вақт ичида ёнингга адвокатингдан бошқа ҳеч ким келгани йўқ. Биринчи кўрганимда бадавлат оиладан эканлигингни сезгандим. Ёшинг ҳам йигирма саккизлар атрофида, назаримда, — деди бояги овоз.

    Йигит ҳайрон бўлди. Чунки эшитганларининг барчаси рост эди. Аммо гапираётган одамнинг айнан кимлигини кўра олмаётганди.

    — Шунча гапни гапиришга гапириб қўйдинг, нега кўриниш бермайсан. Ёки нимадандир қўрқасанми? — баланд овозда сўради йигит.

    — Бу дунёда менда йўқотадиган ҳеч нима қолган эмас. Танамдаги жонимдан ўзга ҳеч вақом йўқ. Ҳатто эгнимдагини ҳам қамоқхона маъмуриятидан беришган.

    Йигитга бу товуш жуда танишдек туюлди.

    «Қаерда эшитганман аввал?» дея ўйлай бошлади. Овоздаги оҳанг шу қадар юмшоқ. Мен аниқ илгари учратганман бу одамни. Фақат бир марта юзини кўрсам эди». Қамоқхонанинг бу икки камераси шундай жойлашган эдики, ҳеч қандай йўл билан юз кўришишнинг иложи йўқ.

    — Ҳеч бўлмаганда исм-шарифингни билсам бўлар? — сўради йигит қўшнисининг кимлигига аниқлик киритиш учун бундан бошқа йўл тополмай.

    Бироқ саволига жавоб келмади. «Демак, ортиқ гаплашишни хоҳламаяпти», деган фикрда тўхтади у.

    Шиғалаб ёғаётган ёмғир дўлга айланди. Соат неча бўлганини ҳам билмайди. Қуёш чиққан кунлари дарчадан тушаётган нурнинг йўналишига қараб вақтни тахмин қиларди. Бугун у ҳақиқатан ҳам, оёқ-қўли боғлангандек ҳис этди ўзини. Асаблари таранглашди.

    — Икки кундан кейин суд бўлади. Қандай қилиб бўлмасин, ишда ютиб чиқишим шарт, — дея ердан патнисни олдию, ҳар томонини чамалаб кўрди.

    Ўзи ҳам анчайин юпқа экан, бир чеккасини қайириб, ўткир қирра чиқарди. Каравоти устига чиқиб, деворга ёза бошлади. Бор диққатини жамлаб, ҳар бир ҳарфнинг мукаммал чиқишига ҳаракат қилар, имкони борича ўйиб чизарди. Сўнгги ҳарфга келганда хона эшиги очилди.

    — Бу ердагилар одатда, ҳукм ўқилгачгина телбасифат бўла бошлашади. Сендақасини биринчи марта учратишим, — деди назоратчи. — Деворни ўявер-чи, суддан кейин ўз ҳолига қайтаришга истаганча вақтинг бўлади.

    Маҳбуснинг қони қайнаб кетган бўлса-да, имкон қадар ўзини босишга уринди. Чунки ҳар бир хатти-ҳаракати судда ўзига қарши ишлашини яхши биларди.

    — Адвокатинг келди. Сен билан кўришаман, деб бошлиқнинг ёнида қанча ўтирди-я.

    Учрашувлар хонасида бўйи узун, озғиндан келган, башанг кийиниб олган эркак ўтирарди. Суҳбат учун ўн беш дақиқа берилди. Қўл бериб кўришар экан, адвокат гап бошлашдан аввал эшик томонга назар ташлади. Маҳбус йигит ҳеч иккиланмай шартта столга чўкди. Адвокат нимадандир ҳадиксираётгандек, нимагадир ойдинлик киритмоқчи бўлаётгандек эшик ёнига бориб, ҳар томонга диққат билан назар ташлагач, ортига қайтди ва шошиб гап бошлади:

    — Ҳаммаси тайёр! Фақат суд бўладиган куни мен айтгандек қилсангиз бўлгани. Шундагина сувдан қуруқ чиқишимиз мумкин.

    — Нима гап, ҳамкасб, ўйланиб қолдингиз ёки хизматингиз эвазига олаётган пулингиз камлик қиляптими? Отамга айтишим мумкин. Балки, шундагина қўлларингизга кирган титроқ танангизни тарк этар, — мағрурона қиёфада бемалол гапирди йигит.

    Адвокат бу муомалага аллақачон ўрганиб қолганди.

    — Айтмоқчиманки, сизга қарши гувоҳлик берадиганлар талайгина. Агар суд ҳар бирининг кўрсатмасини қабул қиладиган бўлса, иш яна ярим йилга орқага сурилиши аниқ.

    — Бугун ёнимга ўз касбимдан сабоқ бергани келганмисиз дейман?.. Сизни нима учун ёллашганини ҳалигача тушуниб етмаган кўринасиз. Мени бу ердан олиб чиқиш қўлингиздан келмас экан, бошидан бўйнингизга олманг эди. Бахтга қарши, иккимиз ҳам бир кемадамиз, — деди йигит ва адвокатга яқинроқ борди. — Қўлингиздаги ҳамма қарталарни ишга солинг, йўқса, мен ўтирган ботқоққа сизни ҳам тепиб юборишади.

    — Тушунмадим, таҳдид қиляпсизми? — жаҳли чиқди адвокатнинг.

    — Нима, туҳмат қилаётган одамга ўхшайманми? — деди йигит босиқлик билан. — Олган пораларингизнинг саноғини билмоқчисиз, шекилли?

    Адвокат нима дейишини билмай довдираб қолди. Хонани бир айланиб ҳам чиқди. Охири дудуқланганча деди:

    — Сиз олган по.. о.. оралар ёнида меники ҳеч нима эмас!

    — Поранинг ҳам даражаси бўларканми, ҳаммаси бир гўр эмасми? Ёки жиноят кодексининг айнан шу бандини эслатиб ўтайми? Агар «Йўқ, вақт кетади десангиз», қайси моддаси билан неча йилга кетишимизгача айтишим мумкин!

    Йигитга адвокатнинг ҳолати мароқ бераётганди. У ортиқ гапирмади. Орага сукунат чўмди.

    Эшик очилиб, «Вақтингиз бўлди. Маҳбусни камерага қайтаришим керак», деди соқчи.

    Бир ой аввал ишдан бўшаган адвокат йигитга маҳбуслик «унвони» жуда жирканч кўринар, иложини топсаю уни бояги ландовур ҳамкасбининг кўксига ҳозирнинг ўзида ёпиштириб қўйса. «Шошмай турсин, шу ердан қутулиб олай, бу ишни ҳеч кечиктирмай бажараман», хаёлидан ўтказди ўрнида чўзилиб ётар экан.

    — Олиб кетишаётганда ўта тажанг ҳолатда эдинг! — овоз келди қўшни камерадан.

    Йигит шарт ўрнидан турди. «Бу бояги одам эмасми, мен ҳақимда яхши биладиган. Нега бу оҳанг ҳар эшитганимда мени ўйлашга мажбур қиляпти, нега?»

    — Ухладингми? — сўради бояги овоз.

    — Йўқ, шунчаки ётибман. Чарчамаган одам қандай ухласин?! — деди йигит калаванинг учини топмоқчи бўлиб гап ташлаб қўйди. — Қаердансиз?

    — Водийдан. Қирлари лолага тўла, мевали боғлари болга тўла макондан, — жавоб келди бу сафар.

    — Жуда чиройли гапирар экансиз. Водийингизда шундай гапиришни ўргатадиган маҳсус мактаблар борми дейман? — давом этди йигит.

    — Қуёш излаб боқсам, кўм-кўк самога,

    Айлантирди мени ғамли навога…

    Шеърларига шаҳардан макон қидириб келган шоирман. Айбсиз айбдорга чиқариб, қамоқхонадан қўним беришди. Мана, ўн икки ойдан бери уйим шу, — деди нотаниш қўшни.

    Кутилмаганда йигит ўтирган хонанинг эшиги очилди. Соқчи уни кўргани келишганини айтди ва қўлларига кишан солиб, учрашув жойига олиб чиқиб кетди. Аммо ҳозир уни ким келгани эмас, бояги таниш овознинг эгаси қизиқтираётганди. Камералар ёнидан ўтаётиб юзини кўриб оламан, деб ўйлаётганди, бироқ у девор томонга ўгирилиб ётгани учун бунинг имкони бўлмади.

    — Ота! — деди у эшикдан кирар кирмас. — Қимматли вақтингизда менинг ҳам улушим бор экан-да…

    Ота ўрнидан ҳам қўзғалмади.

    — Сен билан айтишгани келганим йўқ бу ерга. Яна икки кун сабр қилсанг, озодликка чиқариб оламан. Судьяни сотиб олишнинг иложи бўлмади, лекин бизга ёрдам берадиган одамларни топиб қўйдим. Қарор вақтигача ҳаммасини ўзлари тўғирлашади, — деди қўполлик билан ота. — Хосиятсиз жойга тушганингни эшитган ҳамкорларим биз билан ишлашни вақтинчалик тўхтатишди. Компаниям қанча зарар кўраётганидан хабаринг борми ўзи?

    — Мен ҳам ўз хоҳишим билан бу ерга келиб, ётиб олганим йўқ, — йигитнинг кўзларида ғайритабиий ифода акс этди.

    Ота ўғлига ортиқ ҳеч нима демади. Агар яна оғиз очадиган бўлса, саломсиз бошланган суҳбат доимгидек муросасиз якун топиши аниқ эди.

    — Агар бошқа гапингиз бўлмаса, кета қолай. Барибир, ҳозирги шароитимда ортиқча вақтингиз пулини тўлаб бера олмайман. Ҳа, яна бир гап, ташқарига чиққанимдан сўнг ҳамкорларингиз мени деб етказган зарарни тийинигача тўлаб бераман. Кеч ҳам тушиб қолди, уйга қайтиб, хотиржам ухлайверинг.

    Ўғил отасига кесатиқли гапларни гапирар экан, юраги заррача ҳам ачишмади. Унинг дийдаси шунчалик қотиб қолган эдики, гўё вужудидаги юрак эмас, тошдек.

    * * *
    Ёмғир ҳам тинди. Туни билан тонгга интизор тўлғониб чиққан адвокат энди қуёшнинг бош кўтаришини пойлай бошлади. Унинг кутишдан ўзга чораси қолмаганди. Айнан шу иш ягона машғулотига айланганди. Ётган жойида яқинда овқатни шинамгина ошхонада ейишни, озода кийимларда ўша таниш йўллардан юришини тасаввур этиб кўрди. Буни ўйлагани сари баттар тоқатсизланар, устидан арз қилиб, шикоят хати ёзганларга нисбатан нафрати кучайгандан-кучайиб бораётганди.

    * * *
    Тахминан тўрт соатдан кейин суд бошланади. Эшик шарақлаб очилди.

    — Сенга келишди, — деди соқчи.

    Бироқ у мутлақо ҳеч кимни кутмаётганди. Шундай бўлса-да, улар учрашувлар учун ажратилган хонага йўл олишди. Йигит хонага кирганида қўлларини кишандан бўшатишди.

    — Энди билагингиз анча эркин нафас олаётгандир? — Овози жарангдор бу аёл йигитнинг рафиқаси Меҳринисо эди.

    — Келасан, деб ўйламагандим, — деди йигит ичидаги соғинч ҳиссини яширишга уриниб.

    — Туғилажак фарзандимизнинг тақдирига бефарқ бўлишга ҳақингиз бормиди?! — аёлнинг кўзлари ёшланди.

    — Нималар деяпсан? Ахир буларнинг барини яхши яшашимиз учун қилдим. Унинг келажаги учун, — деди йигит айбини ювмоқчидек.

    — Қайси келажак ҳақида гапиряпсиз? Сиз одамларни алдаб оладиган пуллар эвазига қурмоқчи бўлаётган пойдевори мўрт уй ҳақидами? — дея қўлини тортиб олди хотини.

    Йигитнинг жаҳли чиқди.

    — Сенларни боқяпман-ку! — деди у ҳам эшикка терс бурилиб.

    Аёл кўзидаги ёши юзига тушмай артиб ташлади. Аслида, бу ерга йиғлаш учун келмаганди.

    — Отам этикдўз бўлган. Тўртта қизни тарбиялаган, — деди журъат билан.

    Йигит ўгирилиб, аёлига обдан разм солди. Эгнида ўша совчиликка борган куни кийган кўйлаги. Қулоқлари бўлса, зираклардан холи.

    — Аллоҳдан тилаб олган фарзандимизнинг ҳалол луқма еб катта бўлишини хоҳлайман, — деди ва ичкарига киришдан аввал ечиб олган узугини қайта тақди.

    Катта шарфини елкасига ташлаб, индамай чиқиб кетди. Йигит унга кўп гапларни айтмоқчи, суд залига олиб киргунларигача бу ердаги бир ойлик ҳаётини гапириб бермоқчи эди. Гарчи тан олишни истамаса-да, онасидан сўнг суяниб қолгани яккаю ягона инсон у эди. Қилган қўпол муносабати учун ўзидан жаҳли чиқди. Алам қилди. Биринчи марта алам қилди…

    * * *
    Адвокат келди.

    — Тузукмисиз? — сўради секин.

    — Кўчада ҳаво қанақа, қонун ҳимоячиси? — сўради маҳбус.

    Адвокат, аслида, бошқа саволни кутганди бугун. Бироқ уларнинг суҳбати ноанъанавий тарзда бошлангани уни таажжублантирди.

    Йигит ўқдек нигоҳи билан қаршисидаги кимсани отиб ташлагудек тикилди.

    — Чўкаётган одамнинг қутқарувчиларга қўл чўзмаганини ҳеч кўрганмисиз? — сўради жиддий оҳангда.

    Адвокат тушунмадим ишорасини қилди.

    — Тушунмадингиз-а? Мен ҳам ҳақиқатни тушуниб етишим учун йигирма саккиз йил ўтибди. Сизга ачинаман. Қирқ олти йиллик умрингизга ачинаман. Бу бизнинг охирги кўришишимиз. Судда мени ҳимоя қилишга уриниб, ортиқча тер тўкманг, — деди маҳбус эшик томон йўналаркан.

    * * *
    У деворларидан совуқ нафас уфуриб турадиган хонага қайтар экан, қўшни камерага назар ташлади. Бўшлигини кўриб, уни олиб кетаётган соқчидан сўради:

    — Ичкаридаги маҳбусни ҳам бошқаларга қўшиб олиб чиқиб кетишдими?

    — Йўқ. Ўлиб қолган экан, эрталаб жасадини чиқардик. Кечга яқин ўрнига анчадан бери ит-мушук бўлаётганлардан бирини олиб келишармиш. Лекин жуда босиқ маҳбус эди. Бир йилдан бери бирон марта овози чиққанини эшитмадим. Мана, садосиз ўлиб кетди. Бир ярамас адвокатнинг қилган иши дейишади. Ўзиям катта тадбиркорнинг ўғли экан.

    Йигит ўша овознинг нега бунчалар таниш эшитилганини энди тушунди ва ўз устидан чиқарган қарорининг тўғрилигига амин бўлгач, камерага қайтиши билан, деворга ўйиб ёзган «озод» сўзига «а» ҳарфини қўшиб қўйди.

    У ўзини худди уйига қайтган мусофирдек ҳис этди. Соқчи кундузги овқатни эшик дарчасидан узатди. Орадан кўп вақт ўтмай, овқат исига чиққан каламушлар бу сафар лагандан нон увоғини ҳам топа олмади…
    Умида САЙЛИЕВА

    Манба: Hordiq.uz

    » » Адвокатнинг ўзига ўқиган ҳукми
    Яндекс.Метрика