date

Трамп ва Сининг учрашуви жаҳон бозорларига умид уйғотди

Трамп ва Сининг учрашуви жаҳон бозорларига умид уйғотди

Жанубий Кореянинг Бусан шаҳрида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Бу учрашув икки давлат раҳбарлари орасида 2019 йилдан буён илк юзма-юз мулоқот бўлиб, Жануби-Шарқий Осиё бўйлаб Трампнинг беш кунлик сафарининг якуний нуқтасига айланди, деб хабар берди reuters.com.

Учрашув Жанубий Корея ҳарбий аэродромида бўлиб ўтди ва деярли икки соат давом этди. Музокаралар чоғида икки энг йирик иқтисодиёт — АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо кескинлигини юмшатиш, тариф сиёсати ва стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Доналд Трамп суҳбат аввалида: «Бизда жуда самарали учрашув бўлади, бунга шубҳам йўқ. Аммо у (Си Жинпинг) жуда қаттиқ музокарачи эканини яхши биламан», — деб таъкидлади. Си эса бу сўзларга жиддийлик билан муносабат билдириб, “икки етакчи иқтисодиёт ўртасида баъзан келишмовчиликлар бўлиши табиий ҳол”, деди.

Хитой раҳбарига кўра, икки давлат савдо делегациялари сўнгги кунларда “асосий масалаларда муҳим келишув”га эришган. «Мен президент Трамп билан Хитой–АҚШ муносабатлари учун мустаҳкам пойдевор яратиш устида ишлашга тайёрман», — дея қўшимча қилди у.

Учрашув якунида Трамп ва Си яна бир бор қўл сиқишиб, бир-бирини самимий тарзда кузатди. Расмий манбалар музокара тафсилотларини ҳозирча очиқламаган бўлса-да, экспертлар бу мулоқотни икки давлат ўртасидаги муносабатларда “янги босқич” деб баҳоламоқда.

Музокаралар фонида жаҳон фонд бозорлари ижобий реакция билдирди. Хитой биржалари сўнгги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичга чиқди, юан эса долларга нисбатан бир йиллик максимумни қайд этди. Бу ҳолат инвесторларнинг икки давлат ўртасидаги савдо кескинлиги пасайишига бўлган ишончини кучайтирди.

Шу билан бирга, Трамп музокаралар давомида Хитойга нисбатан жорий этилган тарифларни қисман камайтириш ниятини билдирди. Эвазига Пекин АҚШда кенг тарқалган синтетик наркотик фентанил ишлаб чиқаришда қўлланиладиган кимёвий моддаларнинг экспорт оқимини тўхтатишга рози бўлди.

Трамп шунингдек, АҚШда тақиқланиши мумкин бўлган TikTok ижтимоий тармоғи бўйича ҳам келишувга яқин эканини маълум қилди. Reuters’нинг хабар беришича, Хитой бу музокараларда фентанилга қўйилган 20 фоизлик тарифни бекор қилиш, АҚШнинг илғор технологиялар экспортига бўлган чекловларни юмшатиш ва Хитой кемаларига қўйилган янги порт тўловларини бекор қилишни сўраган.

Ҳафта охирида АҚШ молия вазири Скотт Бессент Хитой делегацияси билан қўшимча мулоқот ўтказиб, ноёб ер металларига нисбатан жорий қилинган экспорт назоратини бир йилга кечиктириш масаласини муҳокама қилгани маълум қилинди. Бу маҳсулотлар АҚШнинг юқори технология соҳалари учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

Трампнинг Осиё сафарининг асосий мақсадларидан бири — ноёб ер металлари бозоридаги Хитой монополиясини чеклаш эди. У Япония ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан бу йўналишда янги ҳамкорлик битимларини имзолаб, стратегик ресурслар бўйича диверсификация қилишга қадам қўйди.

Вашингтон учрашувни келгусидаги музокаралар ва икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари учун “ишончли пойдевор” сифатида баҳоламоқда. Муттахассислар фикрича, агар бу жараён изчил давом этса, АҚШ ва Хитой муносабатларидаги кескинлик аста-секин юмшаб, жаҳон иқтисодиёти учун барқарор муҳит яратилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп ва Сининг учрашуви жаҳон бозорларига умид уйғотди