
Paramount+ платформасида "Лэндмен" сериалининг 2-мавсум премьераси 16 ноябр куни намойиш этилди ва атиги 48 соат ичида 9,2 миллион томоша йиғиб, платформанинг энг яхши старт кўрсаткичларига эришди. Сериалга қизиқиш ўтган йилги дебютга нисбатан уч баробар ошган.
Тайлор Шериданнинг янги ҳикояси яна глобал эътибор марказида. Янги мавсум воқеалари яна Техаснинг ғарбида, нефть саноати ҳаётни белгилайдиган ҳудудда давом этади.
Томми Норрис ва Ками Миллер катта нефть компаниясини бошқаришга мажбур бўлишади. Уларнинг ҳамкорлиги прагматизм, хавф ва ўзаро боғлиқликдан иборат.
Актёрлар таркибига Билли Боб Торнтон, Деми Мур, Сем Эллиот ва бошқалар қайтган. Томми компанияни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган бир пайтда, унинг шахсий ҳаётидаги муаммолар ҳам ўзини сездиради.
Унинг ўғли бурғулаш ишларини бошлайди, қизи эса бизнеснинг қаттиқ ҳақиқатлари билан юзлашади. Оила ичидаги эски жароҳатлар ҳам юзага чиқади.
Томми ўз таьсирини кучайтирар экан, уни ўраб турган зиддиятлар ҳам ортади. Сериалнинг биринчи мавсуми 35 миллион томоша билан Paramount Global маълумотларига кўра улкан муваффақият қозонган эди.
"Кинопоиск" платформасида 8,2 баҳо олган лойиҳа "Тулса қироли" ва "Шер" каби дунё миқёсида таниқли сериаллар қаторига кирган. Иккинчи мавсум суратга олиш ишлари Техаснинг Форт-Уорт шаҳрида, ҳақиқий нефть саноати юксалган жойларда олиб борилган.
Кўплаб саҳналар амалдаги ишлаб чиқариш объектларида тасвирга олинган. Премьеранинг биринчи қисми 16 ноябр куни чиқди.
Ҳар якшанба янги эпизодлар эълон қилиниб, 2026 йил 18 январга қадар давом этади. Умумий ҳисобда, томошабинлар учун 10 қисм тайёрланган бўлиб, улар фақат Paramount+ платформасида мавжуд.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.