У ўзининг ноодатий мусиқа йўналишига эга. Халқчил сўзлар билан ҳаётий мавзуларда ижод қилиши эътиборни тортади. Қизлар исмига атаб куйланган қўшиқлари эса тилдан тилга кўчиб, оммалашган. Мухлисларининг сўзларига қараганда, хонанда бироз камнамо бўлиб қолган. Аммо унинг ўзи бу фикрда эмас.
— Адҳам Солиев ижоди сустлашган, аввалгидек фаол эмас, деган фикрларга нима дейсиз?
– Гапингизга умуман қўшилмайман. Чунки ижодим аввалгидан-да фаоллашган, фақат изланишдаман. Мухлислар мени ҳар куни телевидение орқали кўриб туришлари учун эса маблағим етмайдими, деб қўрқаман. Чунки бугун аксарият теледастурлар, янги қўшиқлар премьераси пуллик. Ҳар бирига тўлайверсам, фақат ўз рекламамга пул сарфлашга тўғри келаяпти. Лекин мен телевидение, радиоларни қоралашдан йироқман. Ҳамма ўзи иши билан банд. Хизматлар пуллик дегани билан айрим мусиқий телеканал ва радиолар мухлислар талабидан келиб чиқиб, қўшиқларимни бериб туришибди. Шунисига ҳам раҳмат.
— Шундай бўлса-да, репертуарингизда аввалги хит тароналар «Қашқадарёдан Сурҳондарёга», «Моҳира», «Бўри эдим» кабиларни эшитмаяпмиз.
— Хит яратиш нафақат менинг қўлимда. Бу ғойибдан келадиган бир сеҳр, деб биламан. Ҳар бир хонанда ва мен ҳам шу ўринда ҳар бир ёзилаётган қўшиқни омадли чиқиб ҳаммага мақул келишини, унга талаб қўпайишини хоҳлайман. Аммо бу фақатгина биз ижодкорларга боғлиқ иш эмас. Энг асосийси ҳаракатдан тўхтаганимиз йўқ. Масалан, куни кеча тўйхонадаги вазиятлардан таъсирланиб, қўшиқ ёздик. Унда «На бир жойда ўқиган, ўзини овози бўлмаган, на қўшиқ куйлашни билади, бировнинг овозида қўшиқ куйлайди. Тўйга борсам менга навбат бермайди» деган гаплар бор. Ҳақиқатан ҳам бугун бошқа хонандани фонограммасига фақат лабини қимирлатиб турадиганлар жуда кўпайган. Ҳақиқий истеъдодлар четда қолиб, саҳнанинг тўри шундайларга тегяпти.
Бизнинг соҳадаги бу муаммони қўшиққа солиб, айрим «ҳамкасбларимга» тўғри йўл кўрсатсам, ўз йўлини топишига сабабчи бўлсам, дейман. Бундан ташқари, «Адҳам кўринмай қолди» дейдиган мухлисларим учун махсус концерт дастурини ташкиллаштириш режалаштирганмиз. Режиссёр Саъдулла Абдуллаев билан ҳамкорликда шу йили яккахон дастурни ҳавола этамиз. Аммо бу доимгидек «Истиқлол» санъат саройида бўлмайди. Ишонч билан айтаманки, мен 2016 йилги концерти бўладиган ерда ҳали ҳеч қайси хонанда концерт бермаган. Тоғ ён бағридаги бу учрашув кўпларнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолишига ишонаман.
— Бугун сиз бошлаб берган йўналишда куйловчи ёш хонандалар кўпайиб кетди. Уларнинг ижодини ҳам кузатиб турасизми?
– Ёшларнинг ижодига доим ҳурмат билан ёндошганман. «Мен биринчи бўлиб бу йўналишда куйлаганман, сизларга мумкин эмас» демайманку. Кимдир мендан-да чиройли қилиб куйлаши мумкин, бошқалар аксинча. Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. 2003 йили Ниҳол мукофотини олганимда дўстларимиз билан бирга кичик даврада тадбир уюштиргандик. Ўшанда дўстим Гулсанам Мамазоитова самимий тилакларидан сўнг «Менга ҳам шундай мукофотлар насиб этсин» дея гапини якунлаган. Яхши ният ерда қолмайди деганларидек, буни қарангки, кўп ўтмай кетма-кет унвонларга эришиб бугун Ўзбекистон халқ артисти дея эътироф этиляпти. Айтмоқчиманки, ҳар қандай вазиятда ҳам бир-биримизга фақат яхшиликни раво кўришимиз керак. Яна бир гап, санъаткорнинг иши каби оғир ва шу билан биргаликда завқли соҳа йўқ. Шахсан ўзим санъатим орқали дунёнинг ярмини кезиб чиқдим. Бизнинг тингловчилар каби шинавандалар ҳам ҳеч қаерда йўқ деб бемалол айта оламан.
Эсимда, Москва гастролларининг бирида Кремль майдонида бутун умр ёдимдан чиқмайдиган воқеа бўлган. Ҳамюртларимиз мени кўриб атрофимни ўраб олишган, суратларга тушганмиз, суҳбатлашганимизда ёнимиздан Валерий Миладзе ёрдамчилари билан ўтиб кетаётганини кўргандим. Аммо ҳеч ким уни ёнига бормаган. Ўшанда Россиялик ҳамкасбим ўзбек мухлисларининг меҳрига, ўз санъаткорига кўрсатган ҳурматига тан берганини айтганди. Демак, инсон бошқаларга эзгуликни тиласа доим ўзига ҳам ана шундай нарсалар ҳамроҳ бўлади.
— Имконият берилганида шоу бизнеснинг қайси қонунларини ўзгартирган бўлардингиз?
— Очиғини айтганда, бугунги кун мухлислари аввалгидек санъаткорларни ҳурмат қилишмайди. Бунга эса айрим ҳулқи бузуқ, халқ олдида бироз тарбиясизлик қилиб қўйган санъаткорларнинг ўзи айбдор! Сафимизда номимизни булғалаб юрганлар жуда кўп. Мен ана шундайларни камайтирган ва уларнинг ўрнига ҳақиқий истеъдодларни қўллаб-қувватлаган бўлардим. Чунки ёмонларнинг касрига софдил, меҳнати билан юзага чиқиб келаётганлар қолмаслигини истайман.
— Ўзингиз қайси ёш хонандаларнинг ижодини кузатиб борасиз?
— Эшитиб, баҳолаб тураман, аммо ҳозир оммани олдида бирини иккинчисидан ажратиб айтолмайман.
— Ҳамкасбларингизнинг айримларидан «Санъатда дўст топиш жуда қийин» деган таърифларни эшитамиз. Сизни бунга муносабатингиз?
— Шахсан мен бу гапга умуман қўшилмайман. Чунки менинг аксарият дўстларим бу ҳамкасбларимдир. Абдурашид Йўлдошев, Достон Убайдуллаев, Музаффар Абдуазимов, Анвар Санаев, Фарҳод Саидов, Зокиржон Очилдиевлар билан доим илиқ дўстона муносабатдаман. Ҳеч қачон улар билан сен менга бормаганмиз. Бирга «гап» ўйнаб, яхши ёмон кунларда доим бир биримизни қўллаб қувватлаб келамиз.
— Инстаграмдаги шахсий саҳифангиздаги суратлардан шуни билиш мумкинки гулларга бўлган мехрингиз ўзгача экан.
— Аслида, табиатан жуда кўп нарсаларга қизиқаман. Шу қаторида гулларни парваришлаш ҳам менга завқ бағишлайди. Қишин ёзин ям-яшил бўлиб турган табиатдан баҳра олишни ёқтирганим учун ва ниҳоят шу йил қишки боғимни яратдим. Турли хил катта-кичик гулларни экиб, уларнинг ифоридан сархушт бўлаяпман. Чарчаганимда ҳам ана ўша боғда дам олишни ёқтираман.
— Фарзандларингизнинг суратини ҳам фаол жойлаштириб борасиз...
— Икки ўғлим бор. Каттасининг исми Фаҳриддин. Дадам устоз хофиз Фахриддин Умаровни жуда яхши кўрарди. Ўғлимга шараф билан Фаҳриддин деб исм қўйган. Тўнғичимнинг бошқа болаларга ўхшаб оддий ўйинчоқлар ўйнаб ўтирганини кўрмайман. Доим қўлида микрофон ёки мусиқий асбоблар чалиб ўтиради. Санъаткор бўлишни жуда истайди. Лекин мен бунга қаршиман. Ўзимдан келиб чиқиб фарзандимга касбимнинг қийинчиликларини раво кўрмайман. Кенжам Аслиддин уч ярим ёш, ҳозирча акасининг акси.
Блиц
— Кечиримлимисиз?
— Ҳа. Баъзиларни хафа қилсанг, қирқ йилда ҳам ёдидан чиқмай юришади. Менда эса аксинча. Ярим соатга ҳам бормай, ҳовуримдан тушаман-у, кечириб юбораман.
— Ҳазилкашмисиз ёки...
— Ҳаддан зиёд кўп ҳазиллашаман.
— Ўғил бола тарбиясида нима муҳим?
— Бу саволга жавобни дадамдан сўраш керак. Бу борада менинг тажрибам жуда кам.
— Пул қўлнинг кирими?
— Кирими ёки йўқ билмадим, аммо у бугун бор эртага йўқ нарса.
— Нимани ёки кимни тан олмайсиз?
— Ўзи аҳмоқ бўлиб туриб, ақллиман деган одамни.
— Қўл кўтаришингизга нима мажбур қилиши мумкин?
— Ҳозир анча босилганман. Ҳеч нарса мажбурлолмаса керак.
— Аёл бу?
— Она!
— Санъаткор бўлмаганингизда?
— Прокурор бўлар эдим. Ёшлигимдан уйдагиларим прокурор бўласан деб айтишар эди.
— Дам олиш бу?
— Яхши инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш.
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?